Ўзбекистон янгиликлари

«Баркамол авлод – 2019»

Спорт – соғлик гарови: 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди

 Citius, Altius, Fortius!»

Ушбу сўзларни кўпчилик ўқиган, ҳеч қурса, кўрган ёки эшитган чиқар. Мен ҳам ёшлигимда ойнаи жаҳон орқали ушбу сўзларни ўқиб, уларнинг маъноларига қизиқардим. Анча йил олдин ушбу атамалар Олимпиада ўйинларининг шиори, мазмуни – “Тезроқ, Баландроқ, Кучлироқ” эканини билиб, хаёлимга ярқ этиб Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг Шом аҳлига ёзган мактуби келди. Унда бундай дейилган эди: “Фарзандларингизга сузишни, камон отишни ва от минишни ўргатинглар” (“Канзул уммол”).

Спортчи сузишда “тезроқ”, камон отишда “баландроқ” ва от минишда “кучлироқ” бўлмаса, ғалабага эришолмайди. Демак, бугун ҳам Олимпияада ўйинлари таркибида мавжуд бўлган сузиш, камон отиш ва от миниш бор. Демак, Олимпиада ўйинлари шиорини ишлаб чиқишнинг илҳом манбаи муқаддас Ислом дини экан.

Аслида Олимпиада ўйинлари шиорига айланган мазкур сўзларни илк бор француз ёзувчиси Анри Дидон қўллагани айтилса-да, бироқ бу сўзлар, ҳеч шубҳасиз, мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тегишли.

Хўш, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу сўзларни қаердан олган, демоқчимисиз? Унда ушбу ҳадисга қулоқ тутинг: «Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга тўқишни ўргатинглар» (Имом Байҳақий ривояти).

Спорт нафақат инсонни чиниқтириб, соғлом ва бақувват қилади, айни пайтда, иродали, қатъиятли бўлишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида спортга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.

Ушбу ташаббусларнинг иккинчиси, яъни ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» спорт мусобақаларининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу спорт мусобақасини, таъбири жоиз эса, Кичик Олимпиадага ўхшатиш мумкин.

Спорт мусобақаларида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Муҳаммад ал-Беруний номидаги (Қорақалпоғистон Республикаси), Имом Фахриддин Розий (Хоразм), Мир Араб (Бухоро), Саййид Муҳйиддин махдум (Андижон), “Ҳидоя” (Наманган), “Кўкалдош” (Тошкент шаҳри), Жўйбори Калон (Бухоро), Хадичаи Кубро (Тошкент шаҳри) ўрта махсус ислом билим юртларининг талабалари иштирок этди.

“Жар” спорт соғломлаштириш мажмуасида ўтказилган тадбир, одатдагидек, мамлакатимиз мадҳияси билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Баркамол авлод – 2019» мусобақалари спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат йўналишлари бўйича ўтказилди.

Табиийки, иродали ва кучлилар ҳамиша ғолиб бўлганлар.

 

Мусобақа ғолиблари билан ҳам яқин орада таништирамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг.

Толибжон НИЗОМ

Read 2641 times

Янгиликлар

Top