Ўзбекистон янгиликлари

Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш кун тартибидаги доимий масала

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда.

– Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат”, деган эзгу ғоя асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади.
Жорий йилда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
Имом Бухорий бобомизнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда, мутақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш ишларини ҳам бошлаймиз. Шунингдек, буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллуд айёмининг юқори савияда ўтказишимиз керак. Сизларга маълумки, кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат туфайли тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай хатога йўл қўйган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда ҳам диний экстремистик йўлга кириб қолган чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, уларни жамиятга мослаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Жаҳонда шиддат билан ўзгараётган нотинч ва мураккаб вазият, турли можаролар жонажон Ватанимиз хавфсизлигини ва эл-юртимиз осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда мавжуд хатарларга муносиб жавоб беришда доим тайёр туришимизни тақозо этмоқда, деб таъкидлади муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномасида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2167 times

Янгиликлар

Top