Ўзбекистон янгиликлари

Онлайн: Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Мевазор” жоме масжидининг янги қурилган биносига ташриф буюрдилар

Бугун, 8 июль эрта тонгда Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида жойлашган “Мевазор” жоме масжиди янги биноси бунёд этилиши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги уламолар ва мутассадди вакиллар ташриф буюрдилар.

– Бугунги замон талабларига тўла жавоб берадиган масжид барпо этилди, – дейди масжид имом-хатиби Раҳимжон домла Марҳумов. – Бунинг учун Президентимиз бошчилигидаги барча раҳбарларга, унинг қурилишига ҳисса қўшган барча кишиларга ташаккур билдирамиз.
Аввал “Мевазор” маҳаллий жоме масжиди 120 кишига мўлжалланган кичкина бир хонақоҳ ва уч кишига мўлжалланган таҳоратхонадан иборат эди. Сўнгги йилларда диний соҳада эркинликлар бўлгани туфайли намозхонлари кўпайиб, масжидимиз торлик қилиб қолган эди. Шу боис маҳалла фаоллари билан бирга масжидни янгитдан қайта қуришга рухсат олинди ва ҳашар йўли билан қурилиш бошлаб юборилди. Яқинда ушбу масжид қурилиш ишлари якунланди.
Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда масжидимизда 1 500 нафар намозхонлар ибодатларни бекаму кўст адо этиш имконига эга бўлдилар. Масжиднинг битта минораси бўлиб, унинг узунлиги 30 метрни ташкил этади. Шунингдек, 30 кишига мўлжалланган таҳоратхона ишга тушди. Имом-хатиб, ноибларга, мутавалий, қаровулга мулжалланган 5-6 та маъмурий бинолари бор. Бундан ташқари, масжиднинг алоҳида кутубхонаси бор. Аёллар учун намозхона ва таҳоратхона алоҳида қурилган. Ер тўлада ҳам намоз ўқилади. Унга кириб чиқадиган учта катта эшик бор. Масжид биносида ёнғин хавфсизлиги бўйича барча жиҳатлар инобатга олинган.

Муфтий ҳазратлари ушбу мўжаз масжидга ташрифлари давомида унинг фаолияти юзасидан муҳим тавсиялар бердилар ва ушбу масжиднинг қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1997 times

Янгиликлар

Top