Ўзбекистон янгиликлари

Сўнгги 4 йил мобайнида мамлакатимизда инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил сиёсат самараси ўлароқ, нафақат юртимизда истиқомат қилаётган, балки ўзга юртларда мураккаб аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг манфаати, шаъни, қадр-қиммати ҳимоя қилинмоқда.

Бундай ғамхўрликдан ёт ғоялар таъсирига тушиб хорижга чиқиб кетган, бегона мамлакатда турмуш ўртоғи ёки ота-онасидан айрилиб қолган ватнадошларимиз ҳам четда қолгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига кўра, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йил Сурия ва Ироқ давлатларидан жами 220 нафар юртдошимиз – аёллар ва болалар олиб келинган эди.

Ўтган давр мобайнида «қайноқ нуқталар»дан қайтарилган аёллар ва болалар давлат, жамоат ташкилотлари, меҳр-оқибатли фуқароларимиз ёрдамида жамиятимизда ўз ўрнини топиб кетишаётгани, айниқса қувонарли.

Умуман, Яқин Шарқдаги жанг кечаётган ҳудудлардаги лагерларда ушлаб турилган ҳамюртларимизни қайтариш бўйича тадбирлар махсус хизматлар томонидан доимий равишда олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита назорати остида амалга ошириб келинаётган “Меҳр” операциясининг навбатдаги босқичи доирасида, бугун Сурия мамлакатининг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 98 нафар юртдошимиз, яъни 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Ватанимизга қайтарилди. Болаларнинг 14 нафари чин етим эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ҳаётнинг нотекис йўлларида адашиб, ўзга элларда қийин аҳволга тушиб қолган бу инсонлар – юртдошларимиз йиллар давомида ижтимоий кафолатланмаган ҳолатда, наинки инсон ҳуқуқининг ўта одий кўриниши бўлган ижтимоий ҳимоядан мосуво, балки ҳаёт кечириш учун энг оддий шароитлардан ҳам маҳрум яшашга мажбур бўлишди.  

Ватан - инсон учун энг улуғ, энг муқаддас мужда, - дейди, юртдошларимизни пойтахт аэропортида кутиб олишда бевосита иштирок этган Тошкент шаҳри бош имоми Нуриддин Холиқназаров. - Шахсан Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган «Меҳр» операцияси узоқ элларда сарсон-саргардон юрган, кўз-кўриб, қулоқ эшитмаган қийинчиликларни бошидан кечирган юртдошларимизни диёримизга қайтариб, уларга яна Ватан, деган обод манзилда хотиржам яшашдек улкан бахтни ҳадя этиш мақсадини кўзда тутади. Бу амаллар беқиёс савобга йўғрилгандир.

Пайғамбаримиз мўмин бандаларини, мусулмонларни кечиримлиликка, бағрикенгликка чақирганлар. Айниқса, етимларни бошини силаган инсон жаннатда менга қўшни бўлади, деб марҳамат қилганлар. Учиб келганларнинг 14 нафари чин етим, уларнинг на отаси, на онаси бор. Есирларни юртга қайтариб, ўз фарзандидек бошини силаётган, бевалар, қийинчиликда қолиб кетган хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатаётган Давлатимиз раҳбари, шу савоб ишларга ҳисса қўшаётган барча мутасаддилар, ҳар бир инсонга оллоҳ таолодан ажр, мукофот сўраб қоламиз.

Меҳрга ташна бу инсонлар энди барча қулайликлар яратилган соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилиб, иссиқ овқат, кийим-кечак ва бошқа барча зарур шароитлар билан таъминланади. Уларга мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилади. Болалар мактабгача таълим муассасаларига, умумтаълим мактабларига, хотин-қизлар эса ишга жойлаштирилади. Соғлом, тинч ҳаётга қайтарилади, тўлақонли мослашуви учун зарур шарт-шароит яратилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа керакли ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳозиргача фақат бугуни билан яшаб келган, ҳар кеч жони ҳадикда, яна тонг отишига ишониб-ишонмай уйқуга ётган 98 нафар инсон бугундан эътиборан эртанги кунга ишонч туйғуси билан, таъбир жоиз бўлса, янги ҳаётда умр кечира бошлайди. Президентимиз ташаббуси, ҳукуматимиз, масъул вазирлик, идоралар саъй-ҳаракати билан улар қалбига эзгулик, меҳр, қўйингки, барча инсоний фазилатлар уруғи қадалди.

 

Read 2087 times

Янгиликлар

Top