Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат: Халқимизни диний адабиётлар билан таъминлаш муҳим вазифа

28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф аввалида мўмин-мусулмонларнинг диний адабиётларга бўлган талаби, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари талабаларининг дарсликларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, “Мовароуннаҳр” нашриёти негизида “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи ташкил этилгани ҳақида маълумот берилди.
Нашриёт ижодий ходимлари билан танишиш асносида муфтий ҳазратлари қалам аҳлининг хайрли ишларига, мўмин-мусулмонларга зиё тарқатиш йўлидаги хизматларида муваффақиятлар тиладилар. Дарҳақиқат, Ислом таълимотини кенг ёйиш, нашрларни халқимизга етказишда ижод аҳлининг катта ўрни бор. Халқ манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг ибратли фаолияти таҳсинга лойиқдир.
Муфтий ҳазратлари босмахона фаолияти билан танишар эканлар 60 минг нусхада чоп этилаётган “Никоҳнома” китобини кўздан кечириб, шундай дедилар: “Бугун турмуш қуриш остонасида турган ёш келин-куёв “Никоҳнома” китобини ўқиб, оила ва никоҳнинг муқаддас эканини, бу борада динимизнинг аҳкомларини ўзлаштириб олиши учун яхши манба бўлади. Бу китоб келин-куёвнинг никоҳи ўқилаётган-да тақдим этилиши эса мақтовга сазовордир”.
Шунингдек, босмахонада айни дамда “Қуръони карим шафоати”, “Мен ҳам тафаккур қиламан” каби рисолаларнинг чоп этиш жараёни ва тайёр маҳсулотлар билан танишган муфтий ҳазратлари уларнинг сифатига юқори баҳо бердилар. Халқимизга севимли бўлган “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетаси ҳам ушбу жойда чоп этилаётгани барчани мамнун этди.
Таъкидлаш жоизки, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи қисқа фурсат ичида яхши натижаларга эришди, олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари ҳамда масжидлар имом-хатибларини моддий қўллаб-қувватлаш ишига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Нашриёт ва босмахона билан яқиндан танишган муфтий ҳазратлари ташкилот фаолиятини такомиллаштириш ва диний адабиётлар чоп этишни юқори даражага олиб чиқиш юзасидан тавсияларни бердилар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари ила китобхонлик маданияти ва китоб тарғиботига ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида катта эътибор қаратилаётгани мана шундай эзгу ишларга йўл очмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1694 times

Янгиликлар

Top