Ўзбекистон янгиликлари

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Ҳурматли Сенат аъзолари!

Ҳурматли Қонунчилик палатаси депутатлари!

Хорижий дипломатик корпус вакиллари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, менга улкан ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб қайта сайлаган барча юртдошларимга чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этиб, меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан.

Сиз, азизларга, сизлар орқали бутун эл-юртимизга тинчлик ва саломатлик, оилавий бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламан.

 

Муҳтарам тантанали мажлис иштирокчилари!

Бўлиб ўтган сайловларда кўпмиллатли халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг эркин хоҳиш-иродасини, юксак ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини яққол намоён этди.

Халқимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган ривожланиш йўлимиз нақадар тўғрилигини сайлов натижалари яна бир бор тасдиқлади. Бу эса барчамизга янги куч, баланд руҳ ва ишонч бағишлайди.

Сайловнинг эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида ўтганини халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар.

Президент сайловида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди. Айниқса, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Парламент Ассамблеяси қаторида биринчи марта Европа парламентидан ҳам кузатувчилар иштирок этди.

Умуман, сайловда 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлатнинг мингга яқин вакиллари халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан бирга, 1 минг 700 га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини бевосита ёритиб борди. Уларнинг барчаси, сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, юқори савияда ўтганини алоҳида қайд этдилар.

 

Азиз юртдошлар!

Сайловда менга билдирилган ишонч – юксак шараф, муқаддас бурч эканини, айни вақтда бу ишонч зиммамга қандай улкан масъулият ва жавобгарлик юклашини ҳам чуқур ҳис этиб турибман.

Номзодимни илгари сурган ва сайлов кампаниясида қўллаб-қувватлаган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг аъзолари ва фаолларига, барча тарафдорларим ҳамда ишончли вакилларимга ташаккур айтаман.

Сайловда фаол иштирок этган Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод – Мақсуда Ворисовага, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – Алишер Қодировга, Ўзбекистон Экологик партиясидан – Нарзулло Обломуродовга, “Адолат” социал-демократик партиясидан – Баҳром Абдуҳалимовга алоҳида миннатдорлик билдираман. Уларга келгуси ишларида омадлар тилайман.

Биз сайлов жараёнида ўзаро рақобат қилган бўлсак, энди барча орзу-интилиш ва ҳаракатларимизни бирлаштириб, сиёсий партиялар билан фаол ҳамкорлик қиламиз. Уларнинг сайловолди дастурларидаги муҳим амалий ғоя ва таклифлар келгуси фаолиятимизда эътиборимиздан четда қолмайди.

Бутун куч ва салоҳиятимизни ягона улуғ мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз.

Бугун шу юксак минбарда туриб, барча ҳудудларимиз – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолисига;

юртимизда тинчлик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган маҳалла фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва дин арбобларига;

эзгу дуолари, ҳаётий маслаҳатлари билан бизнинг ишимизга унум ва барака бераётган мўътабар фахрийларимизга;

жамиятимиз ҳаётида беқиёс ўринга эга бўлган муҳтарама аёлларимизга;

иқтисодиёт, саноат, аграр ва ижтимоий соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларга, тадбиркор ва фермерларга, қурувчи-бунёдкорларга;

бутун борлиғини илм-фан ва маънавиятни юксалтириш, навқирон авлод тарбиясига бағишлаган устоз ва мураббийларга, илмий ва ижодкор зиёлиларга, маданият ва санъат аҳлига;

эл-юртимиз соғлиғини асрашдек олижаноб мақсад йўлида ўзини аямасдан, мардона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига;

Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимиз анъаналарини муносиб давом эттираётган мард ва жасур ҳарбий хизматчиларимизга;

жаҳон майдонларида Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган матонатли спортчиларимизга;

Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ходимларига;

сайлов жараёнларини кенг ва холис ёритган оммавий ахборот воситалари вакилларига, журналист ва блогерларга чин юракдан миннатдорлик билдираман.

Ёш авлодимизга – менинг ўғил-қизларимга қарата айтмоқчиман: томирларида буюк боболаримизнинг ғайрат-шижоати жўш уриб турган азиз фарзандларим, сизлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда доимо олдинги сафда бўласизлар, деб ишонаман.

Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланишим муносабати билан самимий табрикларини йўллаган мамлакатимизнинг барча фуқароларига, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларига, сиёсат ва жамоат арбобларига чуқур эҳтиромимни изҳор қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, сайловда иштирок этган барча халқаро кузатувчиларга ўз номимдан, халқимиз номидан ташаккур айтаман.

 

Ҳурматли тантанали маросим қатнашчилари!

Бугунги тантанали маросим пойтахтимиз марказида барпо этилган, барча замонавий шароитларга эга бўлган муҳташам Сенат биносида ўтаётганида ҳам чуқур рамзий маъно бор, албатта.

Бу қутлуғ маскан мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинадиган нуфузли даргоҳга, замонавий миллий давлатчилигимиз кўзгуси ва демократия мактабига айланади, деб ишонаман.

Янги Ўзбекистон тимсолларидан бири бўлган Сенат биноси ҳаммамизга муборак бўлсин!

 

Қадрли дўстлар!

Барчангиз хабардорсиз, бундан беш йил олдин халқимиз билан бамаслаҳат Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилган эдик. Ўтган давр мобайнида ушбу Стратегия асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Янги муддатга лавозимга киришаётган Президент сифатида жонажон Ватанимизнинг бугунги куни ва келажаги учун бутун масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда айтмоқчиман:

Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз!

Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!

Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади.

Албатта, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз.

 

Ҳурматли тантанали маросим иштирокчилари!

Бугунги даврамизда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ва хорижий давлатлар элчилари қатнашаётгани барчамизга катта мамнуният бағишлайди.

Сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларимиздан, ўйлайманки, сиз, ҳурматли дипломатлар ҳам хабардорсиз.

Бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг эътирофи сифатида Ўзбекистон биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайланганини айтиб ўтиш кифоя.

Айни пайтда биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда амалга оширган ишларимиздан кўра, олдимизда турган вазифалар кўп эканини ҳам яхши тушунамиз.

Маълумки, бу олий қадриятни том маънода қарор топтириш – бирон-бир манзилга етиб бориб тўхташ, дегани эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз. Жаҳон тарихи ва демократик давлатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради.

Шу муносабат билан бу соҳадаги вазифаларни амалга оширишда биз халқаро ҳамжамият, жумладан, Сиз, муҳтарам дипломатик корпус вакилларининг яқин ҳамкорлигига ишонамиз.

 

Қадрли сенатор ва депутатлар!

Эл-юртимиз биз бошлаган халқчил ислоҳотларга бугун хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, уларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўришни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик.

Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз.

Сайловчилар билан мулоқотлар пайтида билдирилган фикр-мулоҳазалар, амалий таклиф ва ташаббуслар асосида биз Тараққиёт стратегиямизни янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқдамиз ва бу жараён яна давом этади. Чунки, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ устувор масалаларни ҳал этишда кенг жамоатчилик, ҳар қайси фуқаронинг фикри биз учун ўта муҳимдир.

Бу борада яна бир долзарб масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб олар эканмиз, ўтган даврда эришган ютуқларимиз билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилишимиз лозим. Нега деганда, ўз келажагини ўз қўли, ўз кучи билан яратишга бел боғлаган халқ ва миллат кечаги кундан тўғри сабоқ чиқариб, олдинга интилиб яшайди.

Сайловолди учрашувларида мамлакатимиздаги ҳар бир шаҳар ва туманни ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий ривожлантириш бўйича янги режалар туздик. Ҳозирги кунда ана шу таклифларни умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида дастурларни ишлаб чиқмоқдамиз ва уларни йиллар кесимида амалга оширамиз.

Мен бундан беш йил олдин, яъни Президентлик фаолиятимни бошлаган илк кунларда айтган фикримни яна такрорлайман: менга сохта ва баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ. Қуруқ ва ёлғон гаплар, таги пуч рақамлар – бу фақат ўзимизни алдаш бўлади. Бу фақат ишимизга зиён етказади.

Биз учун умумий ишимиз ва ҳаракатимизга фойда берадиган ғоя ва фикрлар, амалий таклиф ва ташаббуслар, аниқ натижалар керак. Бундан бошқа йўлни мен мутлақо қабул қилмайман.

 

Ҳурматли дўстлар!

Барчамиз кўриб-билиб турибмиз: бугунги кунда инсоният ўз тарихидаги ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Биз илгари кўрмаган, билмаган мислсиз хавф-хатар ва таҳдидларга дуч келмоқдамиз.

Ер юзида миллионлаб одамларни ҳаётдан олиб кетган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз ҳануз давом этмоқда. Пандемия қачон тугайди ва ундан кейинги ҳаёт қандай бўлади – буни ҳеч ким олдиндан башорат қилолмайди.

Афсуски, пандемиянинг салбий таъсиридан Ўзбекистон ҳам четда қолаётгани йўқ. Бу хатарли касалликка қарши кураш, шундай оғир шароитда яшаш ва меҳнат қилиш биздан катта куч ва маблағ, юксак ирода ва қатъий интизомни талаб этмоқда.

Ҳар қанча ҳаракат қилишимизга қарамасдан, пандемия туфайли кўплаб юртдошларимиз, жумладан, бир қанча сенатор ва депутатларимиз, раҳбар сафдошларимиздан жудо бўлдик. Бугун уларнинг барчасининг хотирасини яна бир бор ёд этиб, охиратлари обод бўлсин, деймиз.

Ҳозирги вақтда дунёда турли кучлар ўртасида қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучаймоқда, ресурслар учун шафқатсиз кураш кетмоқда. Минтақамиздаги тинчлик ва хавфсизликка нисбатан янги-янги таҳдидлар пайдо бўлмоқда.

Ўз-ўзидан равшанки, глобаллашув ва кескин рақобат замони, шиддат билан ўзгараётган ҳаёт бизнинг олдимизга кечиктириб бўлмайдиган, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.

Мана шундай мураккаб ва қалтис вазиятда барчамиз тинч ва осойишта ҳаётимизни асраш, миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун янада жипслашиб, ҳушёр ва огоҳ бўлиб, дадил ва қатъий ҳаракат қилишимиз зарур.

Шу мақсадда ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стратегик йўлимизни янада изчил давом эттирамиз.

 

Қадрли юртдошлар!

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат этиб белгиланди. Бу – бежиз эмас. Зеро, аждодларимиз етти рақамини бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол, деб билганлар.

Рухсатингиз билан, Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилади.

Бу борада, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтирамиз. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади.

Жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади.

Бундан ташқари, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади.

Навбатдаги муҳим вазифамиз – марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишдан иборат. Бунинг учун, энг аввало, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг тартиби, уларни бир-биридан фарқлаб турадиган мезонлар, таркибий тузилма ва штатларни белгилашга оид аниқ талаблар ишлаб чиқилади. Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувларни жорий этиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечамиз. Бунда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади.

Айни вақтда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этилади. Кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилинади, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади.

Бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилади.

Шу муносабат билан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”. Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт.

Улуғ аждодларимиз айтганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак. Агар қайсики раҳбар даврнинг бу ўткир талабини тушунмаса, уларни энди халқимиз ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам қабул қилмайди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар алоҳида муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади.

Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига, содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур.

Бу борада олдимизда турган яна бир муҳим масала – Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келди, деб ўйлайман.

Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади. Шу мақсадда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ишлари жадаллаштирилади.

Жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтиришга доир долзарб вазифалар амалга оширилади.

Мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда.

Албатта, бундай очиқлик ва ошкоралик шароитида ишлаш, ўз фаолиятига нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин, бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз.

Шу мақсадда амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади.

Иккинчидан, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди.

Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.

Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади.

Яна бир муҳим масала – сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.

Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши керак.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак.

Учинчидан, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифаларимиздан биридир.

Мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни мақсад қилганмиз.

Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантирамиз.

Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилади.

Шунингдек, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз.

Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлар энергия ресурслари билан кафолатли таъминланади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя соҳасида бошқарув тизими ислоҳ қилиниб, ижтимоий хизматларнинг сифати яхшиланади ва кўлами кенгайтирилади.

Энг муҳим масалалардан бири сифатида уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш доимий эътиборимиз марказида бўлади. Ушбу йўналишда қабул қилган дастурларимиз, жумладан, арзон уй-жойлар дастури асосида сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир.

Ана шундай ишларимиз кўламини янада кенгайтириб, келгусида ҳудудларимизда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этамиз. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари изчил давом эттирилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Биз учун стратегик тармоқ бўлган қишлоқ хўжалиги самарадорлигини тубдан ошириш ва уни диверсификация қилиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кластер асосида қайта ишлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифамиз бўлиб қолади.

Қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш ислоҳотларимизнинг асосий йўналишини ташкил этади. Шу мақсадда фермер ва деҳқонлар даромадини 2 баробар кўпайтириш учун зарур шароитларни яратамиз, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатини камида 5 фоизга етказамиз.

Тўртинчидан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак.

Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади.

Бу борада, аввало, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаймиз. Мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилади. Барча боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади.

Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.

Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини оширишга бирламчи вазифа деб қараймиз.

Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш билан бирга, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошлаган ишларимизни жадал давом эттирамиз.

Тараққиёт стратегиямизда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Асосий мақсад – тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат.

Тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.

Бунда ахборот технологияларини жорий этиш ҳисобидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш, энг муҳими, аҳолини рози қилиш асосий вазифамиз бўлади.

Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилади.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш – биз учун муҳим йўналиш бўлиб қолади. Бунда биз аввало аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқчил спорт тизимини тушунамиз.

Шу мақсадда барча шаҳар ва туманларда оммавий спортни ривожлантиришга, жумладан, спорт майдончалари, пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар, экопарклар, таълим даргоҳларидаги спорт залларидан иборат спорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун спорт мактабларини кўпайтирамиз ва янги спорт объектларини барпо этамиз. Бу борада Олимпия ўйинларига киритилган ҳар бир спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилади.

 

Азиз дўстлар!

Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш – халқимизнинг азалий қадриятидир. Ана шундай ноёб фазилатни асраб-авайлаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бугунги глобаллашув даврида, пандемия ва иқтисодий инқироз ҳукм сураётган оғир бир шароитда дунёнинг айрим ҳудудларида кексалар ўз муаммолари гирдобида ёлғиз қолиб кетаётгани ҳам сир эмас. Шунинг учун муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур. Токи бу ҳурматли инсонлар ўзларининг оила ва жамият ҳаётида муносиб ўрни борлигини доимо ҳис қилиб яшасинлар.

Шу мақсадда ўтказилаётган, нуронийларимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, умуман, ҳар бир туманда фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга оширсак, айни муддао бўлади.

Жамиятимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу тизим амалда ишлаши ва ушбу тоифадаги инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этишлари зарур.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Маълумки, юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тураржой билан таъминлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига жиддий эътибор қаратилмоқда.

“Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда яшаётган болаларни оилага яқин муҳитда, билимли ва касб-ҳунарли этиб тарбиялаш учун “Меҳр дафтари” доирасида бошлаган ишларни изчил давом эттириш барчамизнинг бурчимиздир.

Бу борада олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Кейинги уч ой давомида олижаноб инсонлар томонидан ана шундай даргоҳларда тарбияланаётган ўнлаб болалар фарзандликка қабул қилинди.  Шу туфайли 3 та “Меҳрибонлик уйи”, 1 та “Болалар шаҳарчаси” ўз фаолиятини тугатгани айниқса эътиборлидир.

Ўзбек халқининг юксак инсоний фазилатларини намоён этаётган ана шундай меҳр-шафқатли, болажон ва бағрикенг юртдошларимизга, болалар уйларини оталиққа олиб, эзгу ишларни амалга ошираётган саховатли тадбиркор ва зиёлиларга, Миллий гвардия ходимларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

Ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётгани сизларга яхши маълум. Шу боис хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қиламиз.

Навқирон ёшларимизни, айниқса, қизларимизни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Биз хорижий давлатларда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қиламиз. Хусусан, “Ватандошлар” жамоат фонди орқали чет элларда яшаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилалари билан алоқалар кенгайтирилади. Ҳамюртларимизни она тилимиз, маданият ва урф-одатларимиз асосида жипслаштириш, уларнинг билим ва салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Бешинчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар билан бирга, маънавий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини амалга оширамиз.

Миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини ошириш, маданият ва санъатни юксалтириш билан боғлиқ вазифалар доимий кун тартибимизда туради.

Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз.

Сизларга маълумки, Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарлидир.

Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини, мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга йўналтирамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти сифатида шуни алоҳида таъкидлаб айтаман: бизнинг давлат сиёсатимизда бундан буён ҳам барча миллат ва элат вакилларининг миллий ўзлигини, она тили ва маданиятини, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилади.

Олтинчидан, бугунги кунда инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келмоқда ва уларга ечим топиш ниҳоятда долзарб бўлиб қолмоқда.

Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланади.

 

Бундай муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, келажагимиз қиёфасини белгилайдиган глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарурлигини англатади.

Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади.

Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда. Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш керак.

Шу йил август ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференцияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорларимиз билан зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Еттинчидан, мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш устувор мақсадимиз бўлиб қолади.

Дунёда ва минтақамизда вужудга келаётган бугунги мураккаб ва таҳликали вазиятда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек шарафли ишга бағишлаган, халқимиз фахрига айланган жасур ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш долзарб вазифамиздир.

Ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун биз барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз.

Биз прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатларимизни янада ривожлантирамиз.

Энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлади.

Минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз. Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз.

Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз.

Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз.

Азиз ва қадрли юртдошларим!

Биз ўтган беш йил давомида, ғоят қийин ва мураккаб синовлар даврида катта тажриба орттирдик. Қанчалик оғир бўлмасин, маррани баланд олиб яшаш ва ишлашга ўргандик. Табиийки, маррани катта олган халқнинг қадамлари ҳам, эришадиган натижалари ҳам салмоқли бўлади.

Миллий ривожланиш йўлида орттирган тажрибамиздан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар, минтақа ва ҳудудлар, хусусан, ҳар бир маҳалла бўйича ўз олдимизга янада юксак вазифалар қўймоқдамиз.

Ҳаммамиз кўриб турибмиз – бугун замон жуда тез, мислсиз шиддат билан ўзгармоқда. Шунинг учун биз ислоҳотларимиз суръатини асло пасайтирмасдан, фақат олдинга боришимиз, ҳар бир соат, ҳар бир кундан унумли фойдаланишимиз керак. Чунки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидек, “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади”.

Мана шу доно ҳикматни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим: Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни деб биламан. Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ.

Сиз, қадрли ватандошларимнинг чин дилдан қўллаб-қувватлашингиз, нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуолари, азиз ёшларимизнинг ишончи менга катта куч-ғайрат беради. Шу боис сизлар билан, халқимиз билан бирга меҳнат қилишдан ҳеч қачон чарчамайман.

Сўзимнинг якунида қалбимда, юрагимда бўлган эзгу тилакларимни изҳор этиб, айтмоқчиман.

Азиз ва мўътабар Ватанимиз ҳамиша омон бўлсин!

Халқимизнинг бахту иқболини, омадини берсин!

Барчамизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!

Улуғ ва пок ниятларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Эътиборингиз учун ташаккур.

Read 1580 times

Янгиликлар

Top