Ўзбекистон янгиликлари

2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимиятга келган президент Шавкат Мирзиёев фуқароларнинг диний эркинликларини таъминлаш борасида қатор ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори бўлди. Kun.uz интернет нашри соҳадаги ислоҳотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Саҳобиддин домла Сатимов билан суҳбатлашди.

«2 мингдан ортиқ масжидларимизда айтилаётган азонлар – бунга муштоқ бўлган инсонларнинг қалбларига малҳам, уларнинг дилларини қувнатувчи нур бўлиб кирмоқда. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўминларга улкан бир неъматидир. Гўзал масжидларимиз инсонларнинг тафаккурига яхши таъсир қилади, одамлар у ердан ибрат ва намуна олади. Бундан ташқари, масжидлар шаҳарларнинг кўркидир», – дейди Саҳобиддин домла.

Шавкат Мирзиёев марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг меҳнатларини эътироф этиб, Тошкент шаҳрида унинг номида катта масжид қурилишига ташаббускор бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад асос солган «Ҳилол нашр» нашриётида эса Ўзбекистонда тарихида илк бор Мусҳафи шариф – Қуръони Карим чоп қилиш бошланди.

2018 йилда президент ташаббуси билан туман, вилоят ва республика босқичларида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
«Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Агар сизлар Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилсангиз, уни мен зиёда қиламан» (Иброҳим сураси, 7-оят) – дея марҳамат қилади. Халқимиз шукр ва дуода бўлди, натижада 2018 йил жуда юқори савияда республика миқёсида «Қуръони Карим - 2018» мусобақаси ҳамда «Ҳадис илми», «Араб тили билимдони» мусобақалари ташкил қилинди. Республика миқёсида олий ўрин олган Қуръон ҳофизлари «Президент совғаси» билан тақдирланди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 17 мингдан ортиқ юртдошларимиз «Қуръон ва тажвид» курсларида ўқимоқда», дейди домла.

Шунингдек, Тошкентда президент ташаббуси билан Ислом илмларининг ривожланиши ва бой тарихий меросимизни ўрганишга мўлжалланган Ислом цивилизация маркази қурилмоқда.

2017-2018 йиллар давомида радикал диний оқимларнинг тарафдорлари деб ҳисобланган ёки таъсирига тушиб қолган 20 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг «қора рўйхати»дан чиқарилди. Шунингдек, сўнгги йилларда экстремизм ва терроризмга алоқадорлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган, қилмишидан пушаймон бўлган 2 мингдан ортиқ шахслар афв этилди ва 1,5 мингдан зиёди жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

2018 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор «Вақф» фонди ташкил қилинди. Закот ва хайриялардан тушадиган маблағлар шу фонд орқали муҳтожлар, таълим муассасалари, беморлар ва бошқа хайрли мақсадларда ишлатиладиган бўлди.

«Бизнинг халқимиз яхшилик йўлида Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутувчи ва яхшилик қилиш билан завқланадиган халқ. Фонд COVID-19 пандемияси туфайли қийин аҳволга тушиб қолган аҳоли қатламларига, беморларга, диний билим юртлари талабаларига, тарихий обидаларимизни тиклаш учун жуда катта ёрдамлар бермоқда», – дейди домла.

2019 йилдан бошлаб президент ташаббуси ва назорати остида 5 марта «Меҳр» операцияси ўтказилди ва Яқин Шарқдаги можаро ҳудудларидан юзлаб юртдошларимиз қайтариб олиб келинди. Олиб келинганларга керакли моддий ва тиббий ёрдамлар кўрсатилди, шунингдек, реабилитация қилиниб шахсий ҳужжатлари тиклаб берилди.

«Ҳаж мусулмонлар қалбининг тўрида турган муқаддас амал. Халқимиз аста секин фаровонликка эришмоқда. Натижада 2019 йилда Умра зиёратига борувчилар сонига қўйилган квота олиб ташланди. Ҳаж зиёратига борувчилар сони ҳам 7200 нафарга оширилди. Иншааллоҳ бунинг сони янада кўпайишидан умидвормиз. Шунингдек, Тошкент-Мадина йўналишида авиақатновлар йўлга қўйилиб, муқаддас зиёратгоҳларга борувчиларнинг узундан узун навбатлари йўқолиб, халқ учун енгилликлар яратилди», – дейди Саҳобиддин домла Сатимов.

2019 йилда президентнинг сиёсий иродаси ва қарори билан Қорақалпоғистонда жойлашган халқ учун «ичкаридаги» қийноқларнинг рамзи ва борса келмас дея таърифланадиган Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди.

Албатта, бундай ижобий ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро имижига ҳам таъсир қилмай қолмаяпти. Ўзбекистон 2020 йил АҚШнинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилди.
Бундан ташқари, расмий доиралар томонидан марҳумлар ёд этилаётгани, уларнинг ҳақига Қуръон тиловатлар қилиниб, эҳсон дастурхонлари ёзилаётгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқдир.

Ушбу материал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида тайёрланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1476 times

Янгиликлар

Top