Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳ ва Расули яхши кўрган хулққа эга инсон эдилар

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

 

Кўп йиллар диний соҳада фидокорона меҳнат қилган, фазилатли олим Аҳмадали домла Убайдуллаев шу йил 7 ноябрь куни фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этдилар. Аллоҳ таоло заҳматкаш устозни мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарларини имон ва розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.

Аҳмадали домла муборак динимиз ривожи, халқимизнинг маънавий ҳаётига қўшган ҳиссалари беқиёс эди. Аҳмадали домла шогирдларига меҳрибон устоз, қавмларига самимий маслаҳатгўй, фарзанду аржумандларига ғамхўр ота эдилар.

Аҳмадали домла 1965 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топганлар. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, турли корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳалол меҳнат қилдилар. Дин хизматига бўлган кучли иштиёқ домлани Тошкент Ислом олий маъҳади сари етаклади. Аҳмадали устоз ушбу олийгоҳнинг сиртқи йўналишига талабаликка қабул қилиндилар. Таълим даргоҳини аъло баҳоларга битириб, 1999 йилдан вафотларига қадар Наманган шаҳридаги “Шодибек” жоме масжиди имом ноиби сифатида Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таоло динининг хизматида камарбаста бўлдилар.

Аҳмадали домла ушбу жомедаги 20 йилдан зиёд фаолиятлари давомида масжидни обод этиш ва қурилиш-таъмирлаш ишларида жуда катта жонбозлик кўрсатдилар, қавмнинг иттифоқлигию уюшқоқлигига улкан ҳисса қўшдилар. Намозхонларнинг яхши-ёмон кунларида эртаю кеч доим хизматга шай бўлдилар. Маърака-маросимлардаги суҳбатларидан тингловчилар ўзига хос роҳат олар эди, ўрнида қилган мутойибалари эса кўнгилларга шодлик улашарди. Ҳар қандай ғамгин инсонни панду насиҳатлари орқали олға интилишга руҳлантирар эдилар. Мана шундай фазилатлари боисидан нафақат вилоятда, балки қўшни ва узоқ ҳудудларда ҳам у кишини таниганлар илиқ сўзлар билан ёдга олар эди.

Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни бундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят). Ояти каримада таъкидланганидек, марҳум Аҳмадали домла ана шундай яхши ва эзгу хислатлар эгаси эдилар.

Қолаверса, Аҳмадали домла ҳалимлиги, барчага бирдек меҳрибонлиги, хушмуомалали, гўзал табассумли ва доимо ёрдамга тайёрлиги билан катта обрў-эътибор қозонган эдилар.

Устоздаги ҳалимлик сифати Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларига берадиган гўзал хулқлардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба Мунзир ал-Ашажжига: “Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат: ҳилм ва шошмаслик бор”, деганлар.

Мунзир розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундай қилганми?”, деб сўради.

Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ сени шундай қилган”, дедилар.

Шунда саҳоба: “Мени Аллоҳ ва Унинг Расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб қувонди.

Сўзимизда давом этсак, Аҳмадали домла ўтган йиллар мобайнида талабалар ҳамда жуда кўп мўмин-мусулмонларга илм ўргатиб, дин ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган шогирдларни етиштириб чиқардилар.

Устознинг қатор илмий-оммабоп мақолалари матбуот ва ижтимоий тармоқларда чоп этилиб, халқимизнинг диний савияси ва маърифати ортишига ҳисса қўшди.

Ватан олдидаги хизматлари Республика ва вилоят миқёсида муносиб қадрланиб, у киши бир қанча унвон ҳамда мукофотлар билан тақдирланган эдилар. Аҳмадали домланинг ғайрат ва фидоийликлари элу юрт назарига тушиб, шу йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик (кўкрак) нишони билан тақдирланган эдилар.

Аллоҳ таоло бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилган марҳум Аҳмадали домлани Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин, маконларини жаннатлардан айласин. Бу дунёда қилган барча хайрли ва эзгу амалларини бошларига соябон, охиратларига заҳира этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Read 1609 times

Янгиликлар

Top