Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат: Имомнинг асосий фазилати – Аллоҳга тақво қилишдир!

8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари раисликларида жойлардаги бош имомлар олдидаги муҳим масалаларга бағишланган онлайн мулоқот ўтказилди.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида барча имом-домлаларни мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини тўла таъминлаш, ислом уммати бирлигини мустаҳкамлаш ва ўлкамиз фаровонлиги йўлида елками-елка меҳнат қилишга даъват этдилар. Дин пешволари аввало халқимиз томонидан берилган ишончни оқлаш даркорлиги, бунинг учун эса тинимсиз меҳнат қилиш, изланишлар олиб бориш ва касб-маҳоратни муттасил ошириш зарурлигига эътибор қилдилар.
Муфтий ҳазратлари имом-хатиблар шариат ва ибодатга тегишли масалаларни доимий ўрганиб бориши, малака ошириш курслари ташкил этилиши, аҳоли билан ишлаш кўламини кенгайтириш, кунлик намозларда қавм билан суҳбатлар қилиш, интернетда чиқишлар салмоғини ошириш, иш фаолиятда ҳалоллик ва садоқатни бош мезон, деб билиш баробарида имомнинг энг асосий фазилати Аллоҳга тақво қилиш эканига катта урғу қаратдилар.
Мулоқотда сўзга чиққанлар томонидан бугунги ҳаёт талаблари қатъийлашиб бораётгани, замонавий таҳдидлар ва хуружларга имом-хатиблар биринчи навбатда қарши туришлари алоҳида қайд этилди. Ўз навбатида, ҳар бир диний соҳа ходими ўзи масъул бўлган ишни танқидий баҳолаш билан бир қаторда зиммасига юклатилган вазифани масъулият билан бажариш таъкидланди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Марказий аппаратида амалга оширилган янги тайинловлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Масжидлар бўлими, Кадрлар бўлими, Халқаро алоқалар бўлими ва Ҳуқуқшунослик бўлими мудири вазифаси тайинланган кадрлар бош имом-хатибларга таништирилди ҳамда ҳамжиҳатликда ишлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1800 times

Янгиликлар

Top