Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Нур-султон шаҳридаги йирик масжид очилиш маросимида иштирок этдилар

Бугун, 12 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Нур-Султон шаҳридаги йирик жоме масжиднинг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзладилар.

Муфтий ҳазратлари дастлаб ўз сўзида Ислом оламининг муборак муҳаррам ойи билан барча йиғилганларни қутладилар. Бундай улуғ ойда Аллоҳнинг янги байтининг ишга тушиши катта неъмат эканлигини таъкидлаб, янги масжид билан Қозоғистон халқини муборакбод этдилар. Шунингдек, Муфтий ҳазрат сўзлари давомида ўзбек ва қозоқ халқларининг кўп асрлик қардошлиги ҳақида ҳам тўхталиб, тили, анъана ва урф-одатлари бир-бирига ўхшаш икки эл тарихий тараққиётнинг барча йўналишларида ўзаро ҳурматда, қавму қариндош бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечираётгани ҳақида илиқ фикрларни билдирдилар.

Шу билан бирга масжид бино қилишнинг фазилати хусусида ҳам сўз юритиб, Аллоҳ таоло масжидни обод қилувчиларга буюк мукофотлар ваъда қилгани, бу ҳақда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ розилигини истаган ҳолда бир масжид қурса, Аллоҳ таоло унинг учун худди шундай уйни жаннатда барпо этади” (Имом Бухорий ривояти) деганларини келтириб, мазкур ҳадисни шарҳлаб бердилар.
Муфтий ҳазрат сўзлари якунида келгусида ушбу масжид маърифат тарқатиши, ҳидоят маскани бўлиши, мусулмон уммати бирлиги йўлида хизмат қилишини сўраб дуо қилдилар.

Шунингдек, очилиш маросимида Қозоғистоннинг Биринчи президенти, Элбоши Нурсултон Назарбаев, Миср бош имоми ўринбосари, Азҳари шариф вакили, доктор Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний, Россия мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Дамир ҳазрат Муҳитдинов, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев, Монголия мусулмонлари идораси раиси, муфтий Ботирбек ҳожи Ҳадис , Бирлашган Араб Амирлиги Ислом илмлар маркази раҳбарияти, Қозоғистондаги турли араб ва мусулмон давлатлари элчилари, давлат ва дин арбоблари, уламолар, имом-хатиблар ва экспертлар иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1570 times

Янгиликлар

Top