Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Қозоғистоннинг бош масжидидаги жума намозида қатнашиб, маъруза қилдилар

Бугун, 12 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Нур-Султон шаҳридаги янги қурилган Қозоғистоннинг бош масжидида жума намозида иштирок этиб, бир неча минг намозхонга мавъиза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари маърузада ушбу жоме масжид билан қозоқ элини қутлаб, уни то Қиёмат кунига қадар Ислом дини ва мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Аллоҳдан сўрадилар. Шунингдек, муфтий ҳазрат сўзлари давомида масжид маърифат ва ҳидоят маскани эканини таъкидлаб, инсон ушбу даргоҳга кирганида ўзгача роҳат ва маънавий қувват олишини изоҳладилар. Шунингдек, масжиднинг маҳобати, кенг гумбазлари, баланд миноралари, обод қилинган теварак-атрофи ва ўзига хос архитектураси намозхонларга завқу шавқ бағишлашини билдирдилар. Шунингдек, бундай гўзал масжидларнинг барпо этилишининг асосий омили тинчлик, мўмин-мусулмонларнинг аҳил-иноқ яшашлари эканини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб, Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланаётганини қайд этдилар.

Муфтий ҳазрат маъруза якунида янги муҳташам масжиднинг очилиш маросими муваффақиятли бўлгани, нуфузли тадбир, учрашувлар, умуман яхшилик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлиги мустахкамланганига урғу қаратдилар.

Ушбу файзли сухбат масжид қавми ва Нур-Султон шаҳрида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларда катта таассурот қолдирди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1884 times

Янгиликлар

Top