Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) бош директори Ҳакима Моҳд Юсуф ва ушбу мамлакатда бўлиб турган Бухоро вилояти делегацияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини ҳалол сертификати бериш бўйича расмий орган сифатида аккредитациядан ўтказиш ва бу борада Малайзиянинг илғор тажрибасини жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) синов лабораторияларини аккредитация қилувчи («HALAL» сертификатини берувчи) ва уларнинг фаолиятини сертификатловчи давлат органи ҳисобланади. JAKIM таркибида “Latihan Islam” институти ташкил этилган. Институт синов лабораториялари ходимлари учун ISO стандартлари ва «Halal» сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича малака ошириш курсларини ташкил қилади.
Бугунги кунга қадар JAKIM сертификатлари Малайзияда тан олинган дунёнинг 46 давлатининг миллий сертификатлаштириш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Музокаралар давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш учун муҳит яратиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-табирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Малайзия томони Ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан, шунингдек, Бухоро вилоятида Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар марказини («Centre of Excellence») очиш таклифини кўриб чиқишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича JAKIM Ислом тараққиёти департаментига Ўзбекистоннинг расмий аризасини топшириш ва Малайзия томони билан биргаликда Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар маркази («Centre of Excellence») ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати