Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат ҳаж ва умра хизматлари анжуманида иштирок этадилар

Бугун, 7 январь куни Саудия Арабистони Макка Амири, Икки муқаддас масжид ходими маслаҳатчиси Шаҳзода Холид ал-Файсал ташаббуси билан ташкил этилаётган Ҳаж ва умра хизматлари халқаро кўргазмаси ва анжуманида иштирок этиш учун Ўзбекистон делегацияси Жидда шаҳрига жўнаб кетди.

Ушбу делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бир қатор соҳа мутахассислари жалб этилган.

2023 йилнинг 9-12 январь кунлари анжуман доирасида хорижий делегацияларга ҳаж сафарини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳамда зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш борасидаги янгича ёндашувлар ва инновацион лойиҳалар тақдимот қилинади.

Сафар давомида Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар ўтказиш, меҳмонхона, транспорт, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш кабилар режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 826 times

Янгиликлар

Top