Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж – 2023” мавсуми учун хизмат кўрсатиш соҳалари ўрганилди

Шу йил 10 январь куни Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2023” мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида бир нечта меҳмонхоналар, ошхоналар ва автобус саройлари билан яқиндан танишиб, юксак даражада хизмат кўрсатиш мезонлари ва юқори сифат талаблари нуқтаи назаридан таҳлилий ўрганиб чиқилди.

 

Мазкур соҳалар билан яқиндан атрофлича танишиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ўзбекистонлик зиёратчилар ибодатларини бекамикўст адо этишлари учун барча қулай шарт-шароитларни ҳозирлашга алоҳида диққат қаратдилар.

Макка шаҳрида жойлашган бир неча меҳмонхоналарни кўздан кечириш чоғида делегация аъзолари уларнинг кириш фойелари кенглиги, хоналардаги шароитлар, айниқса, ўринлар сони, санузел ҳолати, ошхона сиғими, ишчи ва тиббиёт гуруҳлари хизмат кўрсатишлари учун ажратилган жойлар билан яқиндан танишдилар.

 

Шунингдек, мутасаддилар ҳожиларга таом тайёрлаш борасида хизмат кўрсатиши мумкин бўлган вакиллар билан учрашиб, ошхоналардаги шарт-шароитлар, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш омборлари, санитария-гигиена талабларига жавоб бериши, овқат пиширадиган қозонлар ва анжомлар синчковлик билан кўздан кечирилди.

 

Ўрганиш жараёнларида транспорт воситалари, хусусан Мадина ва Макка ҳамда Макка ва Жидда йўналишларида замонавий автобуслар ажратилишига ҳам жиддий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Muslim.uz

Read 804 times

Янгиликлар

Top