Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанддаги имом-хатиблар 30 миллиондан зиёд хайрия қилишди

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда фаол бўлмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 17 январ куни Ургут тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин домла Ибрагимов ва “Ғўзни” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Нурмуҳаммедовлар ҳомийларни жалб қилган ҳолда Ургут туманидаги “Мурувват уйи”даги фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларга жами ўн миллион сўмлик эҳсон дастурхони ёзилди. Шунингдек, мазкур тумандаги "Қози Оллоёрбек" жоме масжиди имом-хатиби Бобур домла Тўраев ҳомийлар кўмагида “Узунсой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 50 та кам таъминланган оилага 50 қоп ун эҳсон қилинди.

Нарпай тумани “Бешқозоқ” жоме масжиди имом-хатиби Давлатбой домла Шукуров ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Тепақўрғон” МФЙда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар учун қўй сўйилиб, ош дамлаб, умумий ҳисобда ўн икки миллион сўмлик эҳсон дастурхони ёзилди.

Каттақўрғон тумани бош имом-хатиби Сирожиддин домла Шамсиддинов ҳамкор ташкилот масъуллари билан биргаликда “Олмазор” МФЙда яшовчи кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди ҳамда уларга икки миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилди.

Шу кунларда Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар умумий ҳисобда 34 000 000 сўмлик хайр-эҳсон ишларини амалга оширди.

Имом-хатиблар иштирокидаги бундай хайрия ишлари давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 643 times

Янгиликлар

Top