Ўзбекистон янгиликлари

Каттақўрғон туманида бўлиб ўтган сайёр йиғилиш самарали кечди

2023 йил 21 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон туманида ўтказилди. Унда туман имом-хатиблари ва ноиблар ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида тумандаги 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Шунингдек, шу куни вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров Каттақўрғон туманидаги “Қаландархона” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, мазкур масжид ҳудудидаги кам таъминланган ва ИҲМ оилалар ҳолидан хабар олди ҳамда уларга эҳсонлар тарқатди.


Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Каттақўрғон туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва ўринбосар Ёқубжон домла Мансуровлар бевосита бош бўлдилар.


Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Read 707 times

Янгиликлар

Top