Ўзбекистон янгиликлари

Сийрат фани устози Абдул Азим Зиёуддин томонидан маъҳад ва мадрасаларга 2066 та китоб ҳадя қилинди

Аввал хабар берганимиздек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Саидаҳмедов Абдул Азим Зиёуддин ўғли жорий ойда юртимиз бўйлаб илмий сафар қилиб, 10 кун мобайнида мадраса устоз ва талабалари билан учрашувлар ўтказди.

3 та олий – Тошкент ислом институти, Мир Араб Олий мадрасаси (Бухоро), Ҳадис илми мактаби (Самарқанд); 10та ўрта махсус – Қўкалдош, Хадичаи Кубро (Тошкент), Мир Араб, Жўйбори Калон (Бухоро), Саййид Муҳйиддин Махдум (Андижон), Ҳидоя (Наманган), Хожа Бухорий (Қашқадарё), Имом Термизий (Сурхондарё), Фахриддин ар-Розий (Хоразм) ва Муҳаммад ал-Беруний (Қорақалпоғистон Республикаси) мадрасаларига ташриф буюриб, китоб тақдимоти ҳамда илмий суҳбатлар ташкил қилди.

 

Тошкент ислом институти «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ташаббуси билан ўтказилган мазкур илмий сафар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ҳамда институт раҳбарияти томонидан маъқулланиб, Абдул Азим Зиёуддин домланинг ташкилий ва моддий саъй-ҳаракатлари эвазига муваффақиятли амалга оширилди.

Абдул Азим Зиёуддин муаллифлигида нашр этилган «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (1-2-жузлар), «Расулуллоҳ ва аҳли байт»«Нурул басар» (табдил ва таҳқиқ) ва «Нурул яқийн» (академик таржима) китоблари тақдимоти натижасида маъҳад ва мадрасаларнинг минглаб талабалари қалбида сийрат фанига қизиқиш қайта жонланди ҳамда келажакда китоб ёзишга бўлган иштиёқлари зиёда бўлди.

Мазкур илмий сафарда «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов ҳамроҳлик қилди.

Сафар давомида Абдул Азим Зиёуддин тарафидан нашр этилган беш хил асардан иборат, жами 2066 та китоб 13 та олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари Ахборот-ресурс маркази ҳамда устозларига ҳадя қилинди:

1) «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (1-жуз) 262 та;
2) «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-жуз) 262 та;
3) «Расулуллоҳ ва аҳли байт» 263 та;
4) «Нурул басар» (табдил ва таҳқиқ) 603 та;
5) «Нурул яқийн» (академик таржима) 676 та.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябр ойида барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг 2-курс талабаларига «Нурул яқийн» (академик таржима) китобидан ҳадя қилинган эди.

ТИИ Матбуот хизмати

Read 727 times

Янгиликлар

Top