Ўзбекистон янгиликлари

«Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида:


1. 2022 йил 27-29 июнь кунлари Боку шаҳрида (Озарбайжон Республикаси) бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XI сессиясида Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:
«Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига (кейинги ўринларда – халқаро тадбир) тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ;
«Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар режаси) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:
а) 2024 йил март ойида «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида Хива шаҳрида халқаро тадбирнинг расмий очилиш маросими ҳамда май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади;


б) ушбу халқаро тадбирга Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан иштирокчилар ва экспертлар жалб қилинади, халқаро тадбир оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади;


в) Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда қуйидаги тадбирлар ўтказилади:


«Taste of Uzbekistan Festival» шиори остида гастрономик фестиваль;
Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган «Strongmen» халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси;
«Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» доирасидаги тадбирлар;
г) масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган топшириқлар, шунингдек, ташкилий қўмитанинг тезкор кўрсатмаларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


4. Ташкилий қўмита (А. Арипов):
чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин;


халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда юзага келадиган ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этсин;


Хива шаҳрида халқаро тадбир ўтказиладиган жойларнинг техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминласин;


Хоразм вилояти, шу жумладан, Хива шаҳрида ўтказиладиган қабул, маданий тадбирлар ва хорижий меҳмонларнинг саёҳатини ташкиллаштирсин;


халқаро тадбирда қатнашувчиларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масалаларини мувофиқлаштирсин;


халқаро тадбир бўлиб ўтадиган ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин;


халқаро тадбир бўлиб ўтадиган ҳудудларда объектлар ва меҳмонхона фондининг тайёрлигини таъминласин;


зарур ҳолларда, халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ тезкор қарорлар қабул қилсин.


5. Маданият ва туризм вазирлиги:
а) бир ой муддатда «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбири логотипини ишлаб чиқсин;


б) икки ой муддатда:
Фанлар академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Хоразм Маъмун академияси билан биргаликда халқаро тадбирга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар фойдаланиши учун Хива шаҳри ҳақида ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларида қўлланма ишлаб чиқиб, чоп этилишини;


Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги билан биргаликда Хива шаҳрининг туризм ва маданий мерос объектлари, ислом дунёси ва илм-фаннинг ривожланишида тутган ўрни ва тарихи, маданияти, яшаш тарзини акс эттирувчи фото ва видеоматериаллар («Guidebook») тайёрланишини таъминласин;


в) Ташқи ишлар вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда:

халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва унинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти билан ҳамкорликда ишни ташкил этсин;


2023-2024 йилларда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида кенг тарғибот акциясини амалга ошириш чораларини кўрсин;


2023-2024 йилларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирлар ҳамда республикада ўтказиладиган туризм йўналишидаги кўргазма ва конференцияларда «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида тарғибот ишларини амалга оширсин;


2023 йил октябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туристик ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларни жалб қилган ҳолда Хоразм вилояти бўйлаб инфотур ташкил қилсин.


6. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган халқаро тадбир доирасида:


а) Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қуйидаги харажатлар қопланади:


халқаро тадбирнинг хорижий иштирокчиларини Тошкент шаҳридаги аэропорт ва вокзалда кутиб олиш ҳамда кузатиш, уларнинг республика ҳудудида ҳаракатланиши учун автобус, авиа ва темир йўл чипталарини харид қилиш;


халқаро тадбир доирасида хорижий (инглиз, араб, француз) тилларда синхрон таржимонлар иштирокини таъминлаш;


халқаро тадбирни хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш;


халқаро тадбир учун тарғибот материаллари (видеороликлар, тарқатма материаллар, китоблар ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш ва чоп этиш;


Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби, Бош котибият ходимлари ва экспертлари, фахрий меҳмонларнинг мамлакатга келиб-кетиши;


халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ўтказиш;


б) Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатлар қопланади:


халқаро тадбир ўтказиладиган ва диққатга сазовор жойларни ободонлаштириш ҳамда тадбир ўтказиш учун тайёр ҳолга келтириш;
хорижий иштирокчилар учун эсдалик совғалари (сувенирлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқалар)ни ажратиш;


аэропорт ва темир йўл вокзалларида ҳамда марказий кўчалар бўйлаб ўрнатилган баннерлар ва LED мониторларда халқаро тадбирни кенг ёритиш;
иштирокчиларнинг тадбирлар дастури доирасида диққатга сазовор жойларга ташрифларини ташкиллаштириш;


хорижий иштирокчилар, уларга бириктирилган гид-таржимон ҳамда волонтёр кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун тушлик ва кечки овқатни ташкиллаштириш ва Хоразм вилояти бўйлаб ҳаракатланиши учун транспорт воситалари билан таъминлаш;


хорижий иштирокчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг Хоразм вилоятидаги меҳмонхоналарда яшаши билан боғлиқ харажатлар.


7. Хоразм вилояти ҳокимлиги хорижий иштирокчиларни аэропорт (вокзал)да кутиб олиш ва кузатиш ҳамда халқаро тадбир дастури асосида уларнинг ҳаракатланиши учун транспорт воситаларини ажратсин.


8. Ташқи ишлар вазирлиги Маданият ва туризм вазирлигининг виза талабномаларига биноан халқаро тадбирда иштирок этадиган чет эллик иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида расмийлаштирилишини таъминласин.


9. Ички ишлар вазирлиги:
Миллий гвардия билан биргаликда халқаро тадбир ўтказиладиган ҳудудларда иштирокчи ва меҳмонлар тўпланадиган жойларда, меҳмонхоналарда ҳамда уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш;


тадбирларга ташриф буюрадиган делегация аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ ҳамроҳлик қилиш чораларини кўрсин.


10. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги халқаро тадбир ўтказиладиган объектлар ҳамда уларнинг атрофида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштирсин.


11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тадбирлар ўтказиладиган жойларда тез тиббий ёрдам бригадалари фаолияти ташкил этилишини таъминлаш, тадбирлар ўтказиладиган жойларда соғлиқни сақлаш ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилиниши бўйича зарур чоралар кўрсин.


12. Рақамли технологиялар вазирлиги Маданият ва туризм вазирлигининг мурожаатига асосан халқаро тадбир ўтказиладиган конференция ва кўргазма заллари, матбуот хоналарини белгиланган тартибда зарур техника воситалари, синхрон таржима жиҳозлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминласин.


13. Маданият ва туризм вазирлигининг талабномасига асосан қуйидагиларга:
«Uzbekistan Airways» АЖга хорижий иштирокчилар учун халқаро ва маҳаллий рейсларга авиачипталарнинг банд қилинишини таъминлаш;


«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга хорижий иштирокчилар учун қатновдаги поездларнинг барча турларига темир йўл чипталари захирасини яратиш ва расмийлаштириш чораларини кўриш тавсия этилсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият ва туризм вазири О.А. Назарбеков ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов белгилансин.


Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев

Read 723 times

Янгиликлар

Top