2023 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан қўшни Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди. Айни вақтда Kun.uz мухбирининг хабар беришича, озиқ-овқат, палаткалар ва тиббий воситалардан иборат ёрдам энг катта юк самолёти – Boeing-747да етказиб берилди. Мезбонлар вакили Мавловий Шарофиддин Муслим синовли кунларда берилаётган бу ёрдамларни афғон халқи ҳеч қачон эсдан чиқармаслигини таъкидлади.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда баёнот берди.
Баёнотга кўра, Афғонистоннинг ғарбий вилоятларида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келган зилзила ҳақидаги хабар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинди.
Зилзила қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, афғон халқининг қайғусига шерикмиз ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз.
Ўзбекистон томони Афғонистон ва унинг халқи билан бугунги оғир дамларда биргадир.