Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси марказининг 2023 йилдаги фаолияти ва келгусидаги режалар кўриб чиқилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2023 йил Давлат дастури ижроси борасида амалга оширган ишлари ҳамда истиқболдаги режалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур марказнинг 2023 йилдаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида батафсил маълумот берди.  

Таъкидланганидек, 2023 йил давомида ҳам барча фаолият йўналишлари бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда марказнинг қурилиш ишлари 80 фоизга бажарилган. Марказ биноси, музей ва кутубхонасини шакллантириш бўйича 100 га яқин олим-мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.  

Музей экспозицияси лойиҳасида назарда тутилган жами 814 та экспонат, макет ва муляждан 301 та экспонат тайёрланди. Шунингдек, 162 та медиа маҳсулотдан 9 та медиа маҳсулот марказ фондига қабул қилинди, 11 та медиа маҳсулотга буюртма берилди. Республика музей ва кутубхона фондларидан марказ фондига доимий фойдаланиш учун олинадиган 479 та экспонатнинг рўйхати шакллантирилди.  

299 та график медиа маҳсулотнинг тайёрланиш масаласи туркиялик ҳамкорлар билан муҳокама қилинди. Илмий-ижодий гуруҳ билан тайёрланган 17 та фильм сценарийси турк тилига таржима қилинди. Ислом цивилизацияси маркази биносининг шарқий, яъни Улуғбек портали тўғрисида марказга ташриф буюрувчилар учун маълумот бериш мақсадида аудиогид матни тайёрланди. Тайёрланган матн инглиз, араб, хитой ва француз тилларига таржима қилинди. Марказ музейининг “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” бўлими концепцияси асосида 40 та мавзудан иборат экспозиция лойиҳаси ва унинг 3D кўриниши яратилди.  

Қуръон залида фойдаланиш учун Қуръони каримнинг 28 та қадимий ва нодир қўлёзмасидан иборат коллекция шакллантирилди.  

2023 йилда Музей ва экспонатлар илмий бўлими ходимлари Малайзия Ислом санъати музейида ташкил қилинган музей бошқаруви, доимий ва вақтинчалик кўргазмаларни ташкил этиш, тарихий ҳужжат, қўлёзма ва тошбосма асарлар ҳамда экспонатларни консервация-реставрация қилиш йўналишларида илмий-амалий ва услубий тренингда иштирок этди.  

Малайзиянинг Ислом санъатлари музейи ходимлари иштирокида семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази Музей ва экспонатлар илмий бўлими ходимлари Туркиядаги бир қатор музейлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Туркия Республикасига ташриф буюрди. Ташриф давомида ишчи гуруҳ марказ музей экспозициясини шакллантириш, музейга ташриф буюрадиганларга сифатли гид-таржимонлик хизматини кўрсатиш ва бошқа масалалар юзасидан Туркиянинг етакчи музейлари фаолияти билан танишди.  

Марказнинг кутубхона ва архив фондида жами 560 минг 859 та манба сақланмоқда. Улар – 2 минг 37 дона қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар, 26 минг 648 дона замонавий нашрлар ва 532 минг 174 та электрон ресурсдан иборат.  

Кутубхонага 2023 йилда 389 та қўлёзма, тошбосма ва тарихий ҳужжатлар, 5  минг 292 та замонавий нашр, 8 минг 899 дона электрон манба қабул қилинди. Марказ томонидан бугунгача 104 та илмий-оммабоп китоб, монография, ўқув қўлланма, рисола, илмий журнал ва тўпламлар нашр этилди. Шундан 2023 йилда 29 та китоб ва рисола нашр қилиниб, жорий йилнинг декабрь ойида яна 11 та илмий-оммабоп китоблар нашрга тайёрланмоқда.  

Республика фондларидаги 52 минг 255 та қадимий ёзма манбаларнинг маълумотлар базаси яратилди, 7 мингта ёзма манбанинг реестри (паспорти) тайёрланди. Давлат реестрига киритилган 125 та ёзма манба рақамлаштирилди. 

Бугунги кунда Ислом цивилизацияси марказида 1 нафар академик, 5 нафар фан доктори (Dsc), 11 нафар фалсафа доктори (PhD), 21 нафар магистр фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан республика ва хорижий нашрларда 100га яқин мақола эълон қилинди. Бу борадаги барча эзгу ишлар халқимизнинг буюк аждодларимиз меросидан баҳраманд этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, маърифий қадриятларимизни кўз қорачиғидек асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда.    

Анжуман давомида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга жавоб берилди.

 Н.Усмонова,  

ЎзА

Read 863 times

Янгиликлар

Top