Ўзбекистон янгиликлари

Каттақўрғон туманида аҳоли муаммолари ўрганилди

2024 йил 13 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси билан навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Сўнгра тақсимот асосида тумандаги мавжуд 31 та масжид имом-хатиблари ва ноиблар, ҳамкор ташкилот масъулларининг ва 2023 йилда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда 15 нафар иқтидорли имом-хатиблар, тумандаги 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди.

Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.

Мазкур сайёр учрашувлардан сўнг диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Каттақўрғон туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, яқинлашиб келаётган Рамазон ойига барча масжидлдарни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 754 times

Янгиликлар

Top