Ўзбекистон янгиликлари

Билим юртида очиқ дарс

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида апрел – “Ақоид ва информатика” фан ойлиги муносабати билан Ақоид фани ўқитувчиси Маҳмудов Калимуллоҳ домла 3-курс талабаларига “Ақоид” фанидан "Қабрдаги савол-жавоб ҳақлиги баёни" мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди.

Калимуллоҳ домла Маҳмудов очиқ дарсда янги мавзуни Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир ақидавий  масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.

Мавзуга киришишдан аввал, ғайб борасида, унга имон келтириш масаласига қисқача тўхталиб ўтди. Ақида фани бўйича ғайбиётга оид масалалр 3 турга бўлинишини айтиб ўтди.

Биринчиси: фақат ақл билан билинадиган масалалар. Мисол учун Аллоҳнинг борлиги, унинг исм ва сифатлари. Бу масалаларнинг аслида шариатда далиллари мавжуд бўлса-да, ақл уни тасдиқ қилишига таваққуф қилади. Яъни, шариат келтирган далилни ақл қабул қилмаса мўъмин ҳисобланмайди.

Иккинчиси: шариат кўрсатмаси билангина билинадиган масалалар. Мисол учун: жин ва фаришталар, савоб ва гуноҳ, ҳашр ва нашр каби масалалар. Ақлда бу каби нарсаларни бор ёки йўқлиги баробардир, уларнинг мавжудлиги фақат шариат билан билинади.

Учинчиси: ақл ва шариат билан биргаликда билинадиган масалалар. Мисол учун: мўъминлар жаннатда Аллоҳ таолони кўришлари. Бу хусусда ақл билан билиш имкони бор, шариатда ҳам далил бор. Фақат ақл шариат келтирган далилни қабул қилмаса диндан чиқиб қолмайди.  

Дарснинг мавзуси бўлган “Қабрдаги савол-жавоб масаласи ушбу тақсимотнинг иккинчи турига мансуб бўлиб, фақатгина шариат кўрсатмасига кўра биланидаган масалалар қаторида туради” деди устоз Калимуллоҳ Маҳмудов.  

Сўнгра Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асарида мавзуга доир байтни ўқиди ва унинг луғавий жиҳатдан сўзма-сўз баёнини тушинтириб, қабр ва аждос сўзларининг бир-биридан фарқли ҳамда ўхшаш жиҳатлари очиқлади.  

Калом илмининг ҳанафий-мотуридийлик йўналишида мўътабар саналган матнлар: фиқҳул акбар, таҳовий матни, ақоид ан-насафий баҳрул калом каби асарлардан ҳам иқтибослар келтирди.

Ушбу очиқ дарсда билим юрти мудири А.Бобамирзаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари С.Мадмусаев, ўқув-услубий бўлим бошлиғи А.Турсунов ҳамда билим юртининг тажрибали ва ёш устозлари қатнашдилар. 

                                                             

                 Ю.Шодиев,

Ўқув-услубий бўлим

услубчиси

Read 784 times

Янгиликлар

Top