Ўзбекистон янгиликлари

Каломни соғинган қалблар қувончи

Ўзбекистон Қуръон мусобақаси. Тан олайлик, мамлакат миқёсида шундай мусобақа ўтказилишини орзу қилмаганмидик. Лекин унинг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланишини ва Ватанимиз бўйлаб байрам тантанасига айланиб кетишини тасаввуримизга сиғдира олмас эдик, тўғрими?

Юртимиз бўйлаб кезаётган бу шукуҳни, бу файзу тароватни, Бошимиз узра ёғилаётган бу баракотларни на тил билан, на қалам билан таърифлай олади одам.

Ўқилаетган каломлар, мураттаб қориларимизу бўлажак қорию қорияларимизнинг овозларидан қалбларимиз гоҳ энтикиб, гоҳ тўлиқиб туришини бировга сўзлаб берайлик десак, унга монанд сўз топа олмаймиз... Қорилару қорияларнинг ҳар бир чиқишларини, қалбларимиз шу қадар энтикиб кутадики, ҳақиқатан, биз Аллоҳнинг Каломини тинглашга муҳтож эканмиз. Буни муҳтарам президентимиз бошлаган ушбу хайирли ишидан сўнг янада теранроқ англадик. Англадиг-у бу соғинч, бу иштиёқ бардавом бўлишини истаймиз.

Биз-ку Қуръонни тинглаш бахтидан масрурмиз. Ўзга юртларда юрган мусофир юртдошларимизнинг қувончу соғинчини айтмайсизми. Ўтаётган фараҳбахш тадбирнинг бир лаҳзасидан бенасиб қолмасликка, бугун қайси қорию қориянинг тиловати гўзал бўларкан, дея Интернетни кузатаётганлари, эҳ қанийди ҳозир Ватанимда бўлсам биринчи қаторда ўтирмасмидим, дея оҳ ураётганининг ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Яна бирилари қанийди ёшимиз тўғри келса-да, биз ҳам қатнашсак, дея афсусланмоқда. Қуръонга муҳаббат, Каломга соғинч – шу-да. Иншоаллоҳ ҳар йили ана шундай шукуҳ, тароват, соғинч юртимиз бўйлаб кезиб юрсин, давлатимиз раҳбарини, муфтий ҳазратларини, олиму уламоларимизни, ушбу хайрли ишга бош қўшган жамики инсонларни Аллоҳ таоло ўз паноҳида асрасин деб ҳар доим дуога қўл очамиз.

Яна бир ожиэона фикримиз ҳам бор: мусобақанинг Республика босқичига дунё миқёсида эътироф этилган хорижлик машҳур бир нафар қори ва бир нафар қория ҳам таклиф қилинса қандай бўлар экан.

Қизманой ҲАЙИТОВА

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3099 times

Янгиликлар

Top