Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Манғистау тумани Сейгус қишлоғидаги йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оилаларига ҳамдардлик

1 март куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Манғистау тумани Сейгус қишлоғи ҳудудидан ўтувчи «Ақтау-Бейнеу» автомобил магистралида йўл транспорт ҳодисаси оқибатида юз берган фожиадан Ўзбекистон мусулмонлари идораси катта қайғуда. Етти нафар юртдошларимиз ўлимига олиб келган ушбу воқеа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Азизлар, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.
Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:


وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ
وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ


яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)
Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3116 times

Янгиликлар

Top