Ўзбекистон янгиликлари

“The Diplomat”: Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга ошириши кутилаётган давлат ташрифи нафақат минтақада, балки дунё миқёсидаги катта воқеликдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга кутилаётган давлат ташрифи ҳали бошланмасиданоқ хориж оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Хусусан, Японияда чоп этилиб, Осиё — Тинч океани минтақаси экспертлари ва илм-фан доиралари вакиллари орасида катта нуфузга эга бўлган “The Diplomat” журналида мазкур мавзуга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди. 

Мақола муаллифи Катерин Пуц Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимини эгаллаганидан сўнг қўшнилар билан алоқаларни тиклаш бўйича фаол чора-тадбирларни амалга ошираётганини эътироф этиб, қисқа вақт ичида Ўзбекистон раҳбари Туркманистонга уч маротаба, Қозоғистонга тўрт марта, Қирғизистонга бир маротаба ташриф буюрганини эслатиб ўтади. 

Шарҳловчи Тожикистон билан ҳамкорлик деярли “ноль”дан бошланганини таъкидлаб, бу омил Душанбеда бўлажак олий даражадаги музокараларнинг аҳамиятини янада кўтаришини ёзади. 

Катерин Пуцнинг фикрича, 2017 йилдан Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг тикланиши томонларнинг давлатлараро ришталарни тубдан яхшилашга якдил интилишини яққол кўрсатди. 

“Катта масофадаги чегарага эга икки мамлакат ўртасида ҳаво, автомобиль ҳамда темир йўл алоқасининг тикланиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Катта стратегия”сининг таркибий қисмидир”, дейилади мақолада. 

Журналда ёзилишича, Душанбега ташриф якуни бўйича, жумладан, давлатлараро виза тартибининг ўзгариши кутилмоқда. Шу маънода, “The Diplomat” Ўзбекистон ҳукуматининг Тожикистон билан чегарада тўққизта ўтказиш пунктини очиш ҳақида яқинда эълон қилинган қарорининг юқори аҳамиятга эгалигини ёзади. “Мазкур қарор орқали, — дея таъкидлайди журналист, — Тошкент ўз сиёсий иродасини намоён қилди”. 

“The Diplomat” Ўзбекистон Президенти ташрифи олдидан Душанбеда ҳукм сураётган юқори кайфиятни шарҳлар экан, Тожикистон ҳукумати давлат чегарасида ўтказиш пунктларининг очилиши ҳақидаги хабарни кўтаринки руҳда қабул қилганини айтиб ўтди. Темир йўл алоқасининг тикланиши эса ниҳоятда муҳим воқеа бўлди, зеро, бу орқали Ўзбекистон ва бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга шароит яратилади. 

Расмий Тошкент томонидан ҳаётга татбиқ қилинган дипломатик чора-тадбирлар қисқа муддатда ўз маҳсулини бермоқда. Сўзининг тасдиғи сифатида Катерин Пуц Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилда 85 фоиз ортганини таъкидлаб, аввал ҳеч ҳам бундай кўрсаткичлар кузатилмаганини таъкидлайди. “Келажакда фуқаролар, товарлар ва хизматларнинг чегара орқали ўтиши янада осонлашганда, мазкур натижалар бундан-да тез салмоқ касб этади. Савдо алоқаларининг кенгайишидан ҳар икки томон бирдек манфаат топади”, дея ишонч билдиради муаллиф. 

Мақола якунида айтилганидек, Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи нафақат минтақада, балки дунёда катта умид уйғотмоқда. Ушбу ҳодиса бугун минтақавий ҳамкорликка нисбатан кенг миқёсли ёндашувнинг таркибий қисми бўлиб, Тошкент ўз ташқи сиёсатида айнан шундай тамойилга амал қилаётир. Муаммо ҳамда тўсиқлар, албатта, бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади, аммо қувонарлиси шундаки, уларни енгиб ўтишга истак ҳамда ирода бор, дея хулоса қилинади “The Diplomat” журналида чоп этилган мақолада.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Манба: xs.uz

Read 3201 times

Янгиликлар

Top