Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанд вилояти ҳокими махсус ҳисобда турган, хорижда юрган фуқаролар қамалмаслигига ваъда берди

2017 йил 1 июль ҳолатида Самарқанд вилоятида 1749 нафар шахс ички ишлар идоралари махсус ҳисобига олинган эди. Ҳаётда тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай турли диний оқимлар сафига қўшилиб қолган, ёт иллатлар таъсирига берилган бу юртдошларимизнинг 1625 нафари Президентимизнинг бағрикенглиги ва ғамхўрлиги туфайли махсус ҳисобдан чиқарилиб, уларга жамиятда ўз ўрнини топиш учун имконият берилди.

ЎзА хабарига кўра, ушбу тоифа вакилларининг 177 нафарига қарийб 41 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. 25 нафарига жами 697 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Натижада махсус ҳисобдан чиқарилган 69 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. 195 киши иш билан таъминланди. 71 нафар беморнинг даволаниши учун кўмак кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармонига кўра, Самарқанд вилоятидан 84 нафар шахс, жумладан, диний экстремизмга алоқадор 41 киши афв этилди. Уларнинг 34 нафари бандлиги таъминланган бўлса, 5 нафари меҳнатга лаёқатсиз бўлгани учун ногиронлик нафақасига чиқарилган, 2 нафари ёшга доир пенсияга чиққан.

Афсуски, бугунги кунда 124 нафар фуқаро турли сабаблар билан доимий яшаш манзилларидан хорижга чиқиб кетгани сабабли ҳали ҳам махсус ҳисобда турибди. Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 269 нафар шахс турли жиноятларни содир қилганлиги учун қидирилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг қидирувдаги фуқароларнинг яқин қариндошлари ва махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар билан ўтказилган учрашувида шу каби маълумотлар берилиб, махсус ҳисобга олинган ва айни пайтда хорижда юрган юртдошларимизни Ватанимизга қайтариш, уларни тўғри йўлга бошлаш ҳақида сўз юритилди.

Вилоят ҳокими Т.Жўраев вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот бериб, ушбу жараёнда жамиятнинг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Бу юртда ҳар бир фуқаронинг яхши яшашга ҳақи бор, – деди вилоят ҳокими. – Президентимиз ҳар бир чиқишларида алоҳида қайд этганидек, улар келажакда эмас, бугун фаровон ҳаёт кечириши керак. Ҳатто, тўғри йўлдан адашган, билиб-билмай турли диний оқимлар сафига қўшилиб қолган юртдошларимизни ҳам кечириб, уларга бағримизни очишимиз, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишимиз лозим. Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглиги туфайли мана кейинги бир йилда махсус ҳисобдан чиқарилган юзлаб шахсларни тўғри ҳаётга қайтардик. Улар ҳам бугун юртимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Маҳалла-кўй ишида қатнашяпти. Бугунги кунда махсус ҳисобда турган, хорижда юрган фуқароларнинг яқинларига мурожаат қилмоқчиман. Агар улар билан алоқангиз бўлса, айтинг, юртимизга қайтсин. Вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч қайсини қамамаймиз. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз.

– Турли диний экстремистик оқимлар сафидаги ноқонуний ҳаракатлари учун қидирувда бўлган шахсларга нисбатан олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида олинган маълумотларга кўра, уларнинг айримлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлатуриб, яқин қариндошлари билан доимий алоқада, – дейди Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи У.Мирзааҳмедов. – Улар яшаш манзилларига қайтиб келиш истаклари мавжудлиги, бироқ муқаддам содир этган жиноятлари учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, қамоқ жазоси қўлланилишидан қўрқаётганини маълум қилмоқда. Лекин уларнинг бир нечтаси аввалги ҳаракатлари ноқонуний эканлигини англаб етиб, ҳозирги вақтда диний экстремистик ва террорчилик ташкилотлари фаолиятига аралашмасдан, ҳалол йўл билан меҳнат қилмоқда. Уларнинг хатти-ҳаракатларида давлатимиз миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олинмаган. Шундан келиб чиқиб, қидирувда бўлган 12 нафар самарқандликнинг жиноят ишлари ўрганиб чиқилди. Уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд бўлса-да, агар аввалги ҳаракатлари нотўғри эканлигини тушуниб етган ҳолда, ўз ихтиёри билан яшаш манзилига қайтиб келса, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури қўлланилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосага келинди.

Шунингдек, йиғилишда вилоят прокурори Ф.Зуфаров, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов адашган, ўзга юртда қочиб юрганлар хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари, улар ўз ихтиёрлари билан қайтишса, бериладиган қонуний енгилликлар ҳақида сўзлади.

Тадбир давомида турли диний оқимларга кириб, тақдири аянчли якунланган ва ўзга юртда хору зор бўлиб юрган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Адашганлар” номли фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2871 times

Янгиликлар

Top