muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2016 00:00

"Ирода" сифати ҳақида эътиқодимиз

Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири "ирода" сифатидир.  "Ирода" луғатда "хоҳлаш", "қасд қилиш" маъноларини англатади.

Истилоҳда эса "Барча бўлиши жоиз нарсаларни улар учун мумкин бўлган кўплаб нарсалардан бирига хослайдиган Аллоҳ таолонинг  азалий сифати – ирода сифати дейилади".  Яъни ирода сифати бўлиши ножоиз нарсаларга тааллуқли бўлмайди.

Ирода сифатнинг собитлигига Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар келган:

إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ مَا يُرِيدُ

Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир[1].

Бошқа бир оятда шундай хабар берган:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[2].

Имом Абу Давуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَا شَاءَ اللَّهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ

Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган.

Булардан бошқа яна кўплаб оят ва ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ирода қилувчи Зот экани баён қилинган. Бу эса У зотда ирода сифати собит эканига далолат қилади.

Шунга кўра аҳли сунна вал жамоа мазҳабида Аллоҳ таолонинг ирода сифати ҳақида шундай эътиқод қилинади: Дунё ва охиратдаги барча иймон-куфр, тоъат-маъсият, фойда-зарар, оз-кўп, катта-кичик ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродасига кўра ҳикматига мувофиқ қазо ва қадари билан юзага келган. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлган, хоҳламагани бўлмаган. Аллоҳ ирода қилган нарсани рад этувчи йўқдир.

"Ирода" сифати ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Қуйидаги жавоблар аҳли сунна уламоларининг "ирода" сифатига тааллуқли саволларга берган жавобларидир:   

Ирода сифати атрофидаги савол жавоблар

Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келишига иймон келтирган банда сабабият қонунлари ҳақида қандай эътиқодда бўлади?

Жавоб: Сабабият қонунлари ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: мавжудотларнинг вужудга келишидаги сабаблар иккитадир:

  1. Аслий сабаб;
  2. Таъйин қилиб ўрнатилган сабаб.

Аслий сабаб деганда Аллоҳ таолонинг иродаси тушунилади. Яъни барча нарсалар аслида Аллоҳ таолонинг иродаси туфайли вужудга келади.

Таъйин қилиб ўрнатилган сабаблар деганда эса нарсаларнинг пайдо бўлиши учун таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаблар тушунилади. Масалан, ёмғир ўсимликлар ўсишига, олов куйдиришга, сув чанқоқ қондиришга  сабаб қилиб қўйилган. Мазкур сабаблар юзага чиқарилган пайтда уларга боғлиқ қилиб қўйилган нарсалар ҳам юзага чиқишини Аллоҳ таоло таъйин қилиб ўрнатиб қўйган.  Яъни чанқоқ киши сув ичганда унинг чанқоғи қонишини сув яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Қоғоз оловга ташланса қоғозни куйдириб юборишни олов яратмайди, балки Аллоҳ таоло яратади. Чунки сув ҳам, олов ҳам таъйин қилиб ўрнатиб қўйилган сабаб холос, аслий сабаб Аллоҳ таолонинг иродасидир. Фарзанд дунёга келишига эркак ва аёлнинг бирга бўлиши тайин қилиб ўрнатилган сабаб, аслий сабаб эса Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра фарзанд вужудга келиши ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади, деб эътиқод қилинади. Ушбу ҳақиқатни англатиш учун Аллоҳ таоло гоҳида одатий сабабаларни бекор қилиб қўяди. Масалан: Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланганида куймаганлар. Оловнинг одатий ишини қила олмай қолиши, ичига ташланган инсонни куйдира олмаслиги оловнинг ўз-ўзидан куйдира олмаслигига Аллоҳ хоҳласагина куйдиришига ёрқин далилдир.  

Савол: Банданинг маъсият содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни маъсият қилгани учун жазолаши зулм эмасми?

Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг маъсият қилишини ирода қилиб, сўнг бандани қилган маъсияти учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади.  Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади.  Шунга кўра бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади.

Савол: Барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келар экан, У зотнинг Ўзи ирода қилган нарсанинг хилофига амр қилиши қандай тушунилади? Масалан Фиръавннинг иймонга келмаслигини ирода қилган, лекин уни иймонга келишга амр қилган.

Жавоб: Вужудга келган барча нарсалар Аллоҳнинг иродаси ва амрига боғлиқлиги эътиборидан тўрт қисмга бўлинади:

  1. Аллоҳ таоло ирода ҳам қилган, амр ҳам қилган нарсалар. Масалан: мўминларнинг иймонли бўлишлари. Аллоҳ таоло мазкур бандаларни иймонли бўлишини ирода қилган ва уларни иймонли бўлишга амр ҳам қилган.
  2. Аллоҳ таоло ирода ҳам қилмаган, амр ҳам қилмаган нарсалар.Масалан: Иймон билан дунёдан ўтган мўмин банданинг куфр билан ўтишини ирода ҳам қилмаган, бунга амр ҳам қилмаган.
  3. Аллоҳ таоло ирода қилган лекин амр қилмаган нарсалар.Масалан:  Содир бўлган куфр ва маъсиятлар. Воқеъликда юз берган  куфр ва маъсиятлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган лекин уларга амр қилмаган.
  4. Аллоҳ таоло амр қилган, лекин ирода қилмаган нарсалар. Масалан: Кофирларнинг иймонга келиши. Аллоҳ таоло кофирларни иймонга келишга амр қилган лекин уларнинг иймонга келишларини ирода қилмаган. Ўзи ирода қилмаган нарсага уларни амр қилиши У зотнинг ўзи биладиган ҳикматга кўрадир. Аллоҳ таолонинг ишлари асло беҳикмат бўлмайди. Фақатгина биз улардаги ҳикматни билмаслигимиз мумкин холос. Қуръони каримда зикр қилинган "ирода" сифати икки турли бўлади:
  5. Қадарий, холқий ирода.
  6. Шаръий, амрий ирода.

Борлиқда вужудга келадиган барча нарсалар қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

فَمَنْ يُرِدِ اللَّهُ أَنْ يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ وَمَنْ يُرِدْ أَنْ يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ

Кимни Аллоҳ ҳидоят қилишни ирода қилса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир[3].

Яъни мўмин банданинг ҳидоятга келиши ҳам, кофирнинг залолатга кетиши ҳам, булардан бошқа барча яхши-ёмон ишлар ҳам қадарий холқий ирода билан юзага келган бўлади.

Шаръий амрий ирода эса қадарий холқий иродадан хос бўлиб, бундан шариатда амр қилинган ишларни Аллоҳ таолонинг талаб қилиши тушунилади. Шаръий амрий ирода ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас[4].

Демак Фиръавннинг иймонга келмаслиги қадарий холқий ирода билан бўлган, уни иймонга келишга амр қилиш эса шаръий амрий ирода билан бўлган, деб тушунилади. 

Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг маъсият содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш саналмайдими?

Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага маъсият қилишни ман қилмаганида банданинг маъсият содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани маъсиятлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг маъсият қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади.  

 Савол: Аллоҳ таолонинг билиши ва ирода қилиши орасида қандай фарқ бор? 

Жавоб: Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири илм сифатидир. Илм сифати ва ирода сифати орасида фарқ бўлиб, илм сифати ирода сифатидан умумий  ҳисобланади. Илм сифати умумий учта нарсани қамраб олади:

  1. Бўлиши вожиб зотни;
  2. Бўлиши мумкинмас номавжудни;
  3. Бўлиши жоиз нарсани.

Бўлиши вожиб зот деганда Аллоҳ таоло тушунилади. Буни уламолар шундай тушунтирганлар: борлиқнинг мавжуд экани яратувчининг борлигини тақозо қилади. Чунки мавжудотларнинг ўз-ўзидан бор бўла олмасликлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Демак борлиқ мавжудми, унинг яратувчиси бўлиши вожибдир. Ўша яратувчи Аллоҳ таолодир. Шунинг учун У зотни бўлиши вожиб зот дейилган.     

Бўлиши мумкинмас нарса деганда пайдо бўлиши мутлақо мумкин бўлмаган нарса тушунилади. Масалан Аллоҳ таолонинг шериги пайдо бўлиши мутлақо мумкин эмас.

Бўлиши жоиз нарса деганда эса яратиб қўйилган барча нарсалар тушунилади.

Илм ва ирода сифатлари орасидаги фарқ шуки илм сифати мазкур учала умумий нарсларни ҳам қамраб олса, ирода сифати фақат бўлиши жоиз нарсаларга тааллуқли ҳисобланади. Демак ирода сифатининг илм сифатидан фарқи илм сифатидан хос эканидадир. Шу маънода Аллоҳ таоло Ўзининг бор бўлишини Ўзи ирода қилган дейилмайди, чунки ирода сифати бунга боғланмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг шериги бўлишини ҳам ирода қила олади дейилмайди, чунки ирорда сифати бунга боғланмайди. Аммо барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлган дейилади, чунки ирода сифати айнан шу нарсаларга тааллуқли бўлади.

Ушбу фарқдан махлуқотлар қандай яратилган бўлса Аллоҳ таолонинг илмига кўра иродаси билан шундай вужудга келтирилгани тушунилади. Бу ҳақида Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги маънодаги сўзлари нақл қилинган: "Биз билан қадарийлар орасидаги масала икки сўз билан ойдинлашади. Биринчиси улардан: - Аллоҳ таоло вужудга келадиган нарсаларнинг барчасини мутлақо билганми? деб сўраймиз. Агар – йўқ, деб жавоб берсалар Роббиларини жоҳилликда айблаганлари учун кофир бўладилар. Агар – ҳа, деб жавоб берсалар, иккинчи саволни берамиз: - билган нарсасини Ўзи билганига кўра жорий қилишни хоҳлаганми? Агар - йўқ деб жавоб берсалар, бу сўзларидан Аллоҳ Ўзининг билмаслигини хоҳлаган, деган маъно чиқиб қолади. Бу эса Ҳакийм зотнинг сифатига тўғри келмайди. Агар - ҳа, деб жавоб берсалар, Аллоҳ таоло барча нарсаларни Ўзи билганидек бўлишини хоҳлаганини исбот қилган бўладилар".       

Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?

Жавоб: Чунки "ирода" сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз мазкур маънони қуйидагича тушунтирганлар:

Худо рози эмас исёнимизға,

Ризосидур анинг эҳсонимизға.

Яъни исён қилишимиз ҳам, эҳсон қилишимиз ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келади. Аммо У зот исён қилишимизга рози бўлмайди. Ўзи рози бўлмайдиган нарсаларни ҳам ирода қилиши ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоҳёр бобимиз шундай тушунтирганлар:

Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,

Иродасиз эмас ҳеч иш яқин бил.

Яъни ирода сифатига иймон келтирган киши рўй берган барча нарсани, ҳатто бир дона тикан қадалса ҳам, танасидан бир дона қил тушса ҳам албатта Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлди, деб билиши лозим.

  Савол: Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?

Жавоб:  Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларга тааллуқлилиги, ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки  амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди.

Савол: Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?

Жавоб: Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади.

Хулоса

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада барча ҳолатларда Роббисига қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади.

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Роббисининг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у қилган гуноҳлари ҳақидаги Роббисининг иродасидан хабардор бўлиб кейин уларни мажбуран қилмаганини жуда яхши билиб туради.

 "Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас Роббиси ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.     

 "Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусийбатга дучор бўлса Роббисининг иродасига таслим бўлади ва: Роббим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусийбатларга дучор қилмаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз, дея дуо қилишга ўтади.   

"Ирода" сифати ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан бу иши Роббисининг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан Роббисига ҳамд айтиб туради:

-               Роббим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;

-                 Роббим, берган закотим Сенинг иродангдир, бахилликдан нажот берган ҳам, зиммамдаги ҳақни адо этишга тавфиқ берган ҳам, закот бериш бахтига муваффақ қилган ҳам Ўзингсан;

-                Роббим, адо этган ҳажим Сенинг иродангдир, бандаларинг орасидан ҳаж сафарига боришимни хоҳлаган ҳам, ҳаж машаққатларига сабр-бардошли қилган ҳам, ҳажни адо этиш бахтига лойиқ кўрган ҳам Ўзингсан;

-               Роббим, адо этган барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган амалим туфайли бирор ажру мукофот олишга мен ҳақдор эмасман, балки бу амалларни менга ирода қилганинг учун ҳамду-санолар билан улуғланишга Сен ҳақдорсан, Сени доим улуғлашга мен бурчлиман, берадиган ажру мукофотларинг  фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир...

Роббимиз барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Моида сураси 1-оят.

[2] Бақара сураси 185-оят.

[3] Анъом сураси 125-оят.

[4] Бақара сураси 185-оят.

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2016 00:00

Калом илми атрофидаги баҳслар

Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақийдавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган.

Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Бу фирқаларни аҳли суннадагилар  ё етакчиларининг исми билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлаганлар.

 Мазкур фирқаларнинг вакиллари хилма-хил эътиқоддаги шахслар бўлиб, уларнинг баъзилари ўзининг бузуқ эътиқодида ниҳоятда ғулувга кетган ва исломдан чиқиб кетишга яқин қолган бўлса, айримлари исломга бегона бўлган турли фалсафий қарашларга ёпишиб олган эди. Бундай кимсалар эътиқод ҳақидаги сўзларга фалсафий қарашларни аралаштириб юборган эдилар. Тарафлар ўртасида бугун "фалон нарса ҳақидаги калом" номи остида, эртага бошқа бир "фалон нарса ҳақидаги калом"атрофида турли ақидавий баҳс-мунозаралар, қаттиқ тортишувлар борарди.

Шунинг учун ҳам жамият аҳли орасида мазкур шахслар машғул бўлган "калом" билан шуғулланишнинг шаръий ҳукми ҳақидаги саволлар баралла янграй бошлаган. Табийки мазкур шахсларнинг ҳолатларидан хабардор аҳли сунна уламолари бундай "калом" билан шуғулланишнинг ҳаром эканини, ундан сақланиш лозим эканини қаттиқ таъкидладлаганлар. Мазкур "аҳли каломчилар" ўртасидаги баҳс мунозараларда содир бўлаётган самъий далилларга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш, қарши томонни кофирга чиқариш каби ҳолатлар аҳли сунна уламоларининг сўзлари ҳақ эканини кўрсатиб турарди. Ушбу даврларда аҳли сунна уламолари "калом илми" билан шуғулланишдан қатъий равишда батамом ман қилганлар.

Кейинчалик аҳли сунна уламолари "калом илми"нинг хатарли жиҳатларидан огоҳлантириш билан бирга Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми" ҳақида ҳам сўз юритганлар. Яъни энди "калом илми"ни мутлақо ман қилишдан уни жоиз ва ножоиз турларига ажратишга ўтилган. Бу ҳақида Ғаззолий "Илжамул авам ъан илмил калам" номли рисоласида,  Ибн Вазийр "Таржийҳу асалийбил Қуръан ъала асалийбил юнан" номли китобларида баҳс юритганлар.

Шунингдек Имомул Ҳарамайн, Ҳулаймий, Байҳақий, Ғаззолий, Нававий ва Ибн Асокир каби уламолар бу илмни ўрганиш фарзи кифоя бўлиши айтганлари ривоят қилинган. Абул Ҳасан Ашъарий роҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага бағишлаб "Истиҳсанул ховзи фи илмил калам"номли асарларида "калом илми"га қарши чиққанларнинг далилларига жавоб берганлар. "Калом илми" атрофидаги баҳслардаги икки тарафнинг ҳам асосий далилларини ўрганиб чиқиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.

"Калом илми"га қарши чиқиб уни ўрганишдан ман қиладиганларнинг асосий далиллари қуйидагилардир:

  1. Қуръон ва суннатда тортишувдан қайтарилган. Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетувчиларни дилларида оғиши борлар дея улардан огоҳлантирган: 

فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ

Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар[1].

Муташобиҳ оятларга эргашиб чуқур кетиш эса калом илмида бўлган. Шунингучун калом илмига киришишдан сақланиш керак.

Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Шариатда муташобиҳ оятларга эргашишдан ёки ақл етмайдиган нарсалар тўғрисида ақлий баҳс юртишдан қайтарилган. Аммо булардан бошқа ақидавий масалалар тўғрисида муҳкам оятлар, саҳиҳ суннат ва очиқ-ойдин ақл тақозоси баҳс юритиш асло ман қилинган эмасдир. Ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда ман қилинган тортишувлар хусуматчилар ҳақидадир. Аммо ҳақни зоҳир қилиш йўлидаги баҳс-мунозаранинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ, балки у буюрилган иш ҳисобланади:

وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ 

Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг![2]

 Шариатда ботил нарсага тортишиш, илмсиз равишда баҳс-мунозара қилиш ман қилингандир. Аммо ҳақ йўлидаги мужодала вожиб ё мустаҳаб иш ҳисобланади. Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан узоқ баҳс мунозара қилгани қавми тилидан баён қилинган:

قَالُوا يَا نُوحُ قَدْ جَادَلْتَنَا فَأَكْثَرْتَ جِدَالَنَا

Улар: Эй, Нуҳ, батаҳқиқ сен биз билан тортишдинг, кўп тортишдинг.

Маълумки Нуҳ алайҳиссалом қавми билан фаръий масалалар тўғрисида тортишмаганлар балки эътиқодий масалаларда тортишганлар. Зеро Қуръони каримда эътиқодий масалаларни ва уларнинг далилларини батафсил баён қилиб берувчи оятлар тўладир. Шунинг учун бу илмни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг иккинчи далиллари

  1. Саҳобаи киромлар энг яхши асрда яшаган ва динни бошқалардан кўра яхшироқ билганлар. Ушбу зотлар фиқҳий аҳкомларни таълим олганлар ва бошқаларга ҳам уларни ўргатганлар. Аммо "калом илми" билан асло машғул бўлмаганлар. Демак бу илм бидъат ва ҳалокатга дучор қилувчи залолатдан бошқа нарса эмасдир.

Бу далилга мутакаллимлар шундай жавоб берганлар: Ҳақиқатдан ҳам саҳобаи киромлар бу илм билан машғул бўлмаганлар. Чунки уларда бунга эҳтиёж йўқ бўлган. Бунинг сабабини мутакаллим олимлардан бири шундай тушунтирган: " Саҳобаи киромлар бу илмга киришмаганлар чунки у зотларнинг ҳолати олдиларида уларга қарши жанг қиладиган ҳеч ким бўлмаган шунинг учун қуролланиш машаққатига ҳеч бир сабаб бўлмаган кишиларнинг ҳолатидек бўлган. Аммо биз эътиқодимизни инкор қилиб бизга қарши чиқадиганларга рўбарў бўлдик. Биз ўзимизни ҳимоя қилишга, тўғрини нотўғридан ажратишга муҳтож бўлиб қолдик".

Калом илмига қарши чиқувчиларнинг учинчи далиллари:

  1. Улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлар ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлар. Масалан Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ўғли Ҳаммодни "калом"билан шуғулланишдан қайтарган. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ: " калом билан машғул бўлган бирон кимса ҳам нажот топмаган" деган. Шунга яқин маънодаги сўзлар имом Молик ва имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳимолардан ҳам ривоят қилинган.

Бу далилга мутакаллимларнинг жавоблари: улуғ мужтаҳид уламолар "калом илми" зоҳир бўлган пайтда уни ёмон кўрганлари ва шогирдларини у ҳақида баҳс юритишдан қайтарганлари ҳақиқатдир. Аммо ўзларининг ҳам "калом илми" бўйича машҳур асарлар таълиф этганлари ҳам худди шундай ҳақиқатдир. Шу ўринда улар қайси "калом илми"ни ёмон кўриб ундан қайтарган, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб ахтариб уларнинг асарларига мурожаат этадиган бўлсак, улар Қуръон ва суннатга мухолиф бўлган бидъатчиларнинг сўзларини ёмон кўрганлари ва шогирдларини ҳам уларнинг сўзларини баҳс қилишдан қайтарганлари маълум бўлади. Бу ҳақиқат Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-фиқҳул акбар", "Ал-фиқҳул авсат", "Васият" ҳамда Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ар-родду ъалал жаҳмия" каби асарларда ўз ифодасини топган. Бу асарларда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди қандай бўлиши лозимлиги баён қилинган. Демак улуғ мужтаҳид уламолар бидъатчиларнинг "калом илми"дан қайтаришган, Қуръон ва суннат асосидаги "калом илми"ни эса ўрганиш зарурлигини ўзлари бу ҳақида асарлар ёзиб тушунтирганлар.

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2016 00:00

Касбингиз ҳалол бўлсин!

 Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким  ҳеч қачон ўз қўли билан топган таомдан яхшироқ таом еган эмас.  Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ўз қўли билан топганидан ер эди”, дедилар.

 Шарҳ: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадиси шарифда биз умматларга ҳаракат, иш ва емакда ҳалол йўл танлашга тарғиб этмоқдалар. Балки янада ҳалолроқ бўлган қўл меҳнатига йўлламоқдалар. Лекин бу Исломий чақириқ ҳозирги асримизда мусулмонлар қулоғига чалинмаганга ўхшайди. Чунки дунёдаги мусулмонларни ишлаб чиқаришлари заифлашиб, жаҳолат, камбағаллик ва касаллик қамраб олди. Айрим соғлом кишилар ҳам ҳар хил ниқоб остида тиланчилик йўлига ўтиб олишди.

 Ундай кимсалар қаторига кафтга дам солувчи, қумга фол очувчи, ёлғондакам тасаввуфий шайх ва шу кабиларни киритишимиз мумкин. Мана шу нарсалар Ислом ва мусулмонлар пешонасидаги доғдир. Лекин мусулмонлардан бошқалар “Ишламаган тишламайди” шиори остида бирлашиб, амал қилиб, пешқадам бўлишмоқда. Унинг учун ана ўша мусулмонмас қавмлар дунё тизгинини қўлга олиб, Ислом ва мусулмонларни лоқайд, заиф, қолоқ ва шунга ўхшаш ёмон атамалар билан номламоқдалар. Ислом бу каби сифатлардан тамоман йироқдир. Агар тарихга назар соладиган бўлсак, буни акси бўлганини кўришимиз мумкин. Масалан, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Мадинага қуп-қуруқ, сармоясиз кириб келдилар. Набий алайҳиссалом Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу билан Саъд ибн Рабийъ разияллоҳу анҳуни исломий биродар қилиб қўйдилар. Шунда Саъд Абдураҳмонга: “Мен ансорлар ичидаги энг бадавлат кишиман. Сенга мол-дунёйимни ярмини бўлиб берайин деганида, ҳақиқий Ислом шахсияти мужассам бўлган Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу: “Бунинг учун менда ҳожат йўқ. Тижорат қилиш учун бозор борми? Менга ўшани кўрсат”, дедилар. Икковлари Қайнуқо бозорига боришди. Абдураҳмон ибн Авфда пишлоқ ва сарёғ бор эди. Аллоҳ номига қасамки, улуғ саҳобий Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу бозорда пишлоқ ва сарёғ сотишдан ҳаё қилмасдилар. У киши одамларга боқиманда бўлишдан ҳаё қилардилар.

 Пайғамбарлар сийратига назар соладиган бўлсак ҳар бир пайғамбарни ўз касби бўлган. Масалан: Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом денгизчи, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Мусо алайҳиссалом қўй боқувчи ва ҳаказо.

 Демак мусулмонликни даъво қилувчи кишилар ҳалол касб қилиб, ана шу касб орқали тирикчилик қилишлари керак экан. Асло тиланчилик йўлига ўтмаслик даркор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Ким сўрашликдан бир эшикни очадиган бўлса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигидан етмиштасини очиб қўяди” деб марҳамат қилганлар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, сизлардан бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб келгани, бировнинг олдига бориб берса-бермаса сўрашидан яхшидир”, деганлар.

 Ҳаким ибн Ҳизомдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Юқоридаги (берувчи) қўл пастдаги (олувчи) қўлдан яхшидир. Садақани ўз оилангдан бошла! Садақанинг афзали бойлик орқасидан қилинганидир. Ким иффат қилса, Аллоҳ унга иффатни беради ва ким беҳожатликни талаб қилса Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди”,дедилар.

 Ким Аллоҳдан иффат талаб қилса унинг учун савоблари билан ризқлантириб қўяди. Ким одамлардан беҳожат  бўлишини сўраб, ўша нарсага йўл қидирса, Аллоҳ унинг учун эшикларни очиб, беҳожатлик, иффат ва каромат сабабларига муваффақ қилиб қўяди.

 Айниқса, ҳозиргидек доруломон замонда яшаётган хар бир шахс бу ҳақиқатларни динимиз таълимотидаги кўрсатмаларни яхши билиши ва унга амал қилмоғи даркор. Шунда дунёмиз ҳам охиратимиз ҳам маъмур бўлажак, иншааллоҳ.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти кафедра мудири
"Новза" жоме масжиди имом-хатиби

 

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2016 00:00

Жаннатга киришни ҳоҳлайсизми?

عن أبى هريرة رضى الله عنه أن أعرابّيا أتى النبى صلّى الله عليه وسلم قال: دلنى على عمل إذا عملته دخلت الجنة، قال: تعبد الله ولا تشرك به شيئًا، وتقيم الصلاة المكتوبة، و تؤدى الزكاة المفروضة وتصوم رمضان. قال: والذى نفسى بيده لا أزيد على هذا، فلمّا ولّى قال النبى صلى الله عليه وسلم "من سرّه أن ينظر إلى رجل من أهل الجنّة فلينظر إلى هذا".

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир Аъробий Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Мени бир амалга буюринг-ки, уни бажарсам жаннатга кирайин”, деди.

 Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ибодат қил, Унга ҳеч нарсани шерик қилма, фарз намозларни ва фарз закотни адо эт, Рамазон рўзасини тут”, дедилар. Аъробий: “Аллоҳга қасамки, бундан ортиғини қилмайман” деди. У кетганидан кейин Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни жаннат аҳлидан бир кишини кўриш қувонтирса, бу кишига қарасин”, дедилар.

 Шарҳ: Саҳрода яшовчи бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдларида келиб, жаннатга киритадиган ва дўзахдан йироқ қиладиган бир амалга йўллаб қўйишларини сўради. У талабини қисқа ҳолда бўлишини ҳоҳлаган эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  сўровчининг бу улуғ истагини баён қилиб, Аллоҳга ибодат қилишга, тоатни холис адо этишга, намозни қоим қилишга, закотни беришга ва бошқа диннинг арконларини бирортасини тарк қилмасдан адо этишга буюрдилар. Мана шу суҳбатдан кейин аъробий кета туриб бу айтилган гапларга бирор нарса зиёда ҳам  қилмаслик ва улардан бирортасини камайтирмасликка  Аллоҳ номи билан қасам ичди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлиб, албатта, бу киши агар буюрилган нарсаларни маҳкам ушлаб, то Аллоҳга йўлиқгунича мана шу буйруқларда бардавом бўлса, бундан бошқа бирор нафлни адо этмаса ҳам жаннат аҳлидан эканини хабарини бердилар. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

 1)      Намозни фарз эканлиги;

 2)      Закотни фарз эканлиги;

 3)      Рўзани фарз эканлиги;

 4)      Икки шаҳодатни айтиб, намозларни адо қиладиган, закотни берадиган, рўзани тутадиган ва қодир бўлса ҳаж қиладиган киши, гарчи нафл ибодатларни қилмаса ҳам жаннатга киришлиги;

 5)      Вожиботларни бажариб юрган кишига яхшилик билан башорат беришни жоизлиги;

 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бу кўрсатмалари биз умматлар учун улкан бир башорат ҳисобланади. Ҳаётимиз асносида юқорида айтиб ўтилган ишларни бажариб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсуниб қайтариқларидан сақланадиган бўлсак иншаа Аллоҳ охиратда улуғ ажру мукофотларга эга бўламиз.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти кафедра мудири
"Новза" жоме масжиди имом-хатиби

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2016 00:00

Бир ҳадис шарҳи

Ҳаким ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

 

  Расулуллоҳ (с.а.в.): Бахил ва инфоқ қилувчининг мисоли худди кўкрагидан бўғзигача темирдан совут кийган икки кишига ўхшайди. Инфоқ қилувчи киши агар, молидан инфоқ қилса, ўша совут чўзилиб, териси ёпилиб, ҳатто бармоқлари беркилиб, узунлигидан юрган излари ўчиб кетади. Аммо бахил бирор нарсани инфоқ қилмаганидан ҳар-бир ўрами ўз ўрнида қолади. У кенгайтиришни хоҳлайди аммо, ҳеч кенгаймайди.

 

 Ҳадиснинг умумий маноси.

  Набий алайҳиссалом бахил билан эҳсон улашувчи кишини зарбул масал қилдилар. Масалан жангга кираётган киши аввало душман қуролидан сақланиш мақсадида совут кийишни хоҳлайди. Маълумингизким, совут аввалги кийиладиган жойи, бўйин ва кўкрак ўринларидир. Кейин енгидан қўлини тиқади. Ундан сўнгра жасадини бошқа жойларини ёпиш учун  совутни паст қисмига ташлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вожиб ва мустаҳаб нарсаларда молини инфоқ қилиш яхши амаллардан бўлиб, худди кенг совут кийганга ўхшатмоқдалар. Ана шунда, жамики баданини тўсиб, атрофидаги барча нарсадан ҳимоя қилади. Аммо бахилни  худди ўзини сақлаш учун совут кийган лекин, бўйни атрофига ёпишиб, кўкрак қисмида тўпланиб қолган кишига ўхшатмоқдалар. У бор кучи билан жасадини бошқа жойига етказишга ҳаракат қилади лекин қимирлата олмайди. Мана шу ҳолда жасади очиқ қолади. Шак шубҳа йўқки, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламтомонларидан умматлари учун бир кўрсатма бўлиб, албатта садақа ва эҳсон қилувчи кишини ўзига фойда бўлиб, уни кўплаб тойилишлардан сақлаб, хатоларини ўчириб ва балоларини аритишга хизмат қилади. Аммо бахилик ва зиқналик уни акси бўлиб, зарари фақат эгасига бўлади. Уни ёмонлиги дунё ва охиратда ўзига қайтади. Ундан ташқари молидан барака тортиб олиниб, ҳеч қачон моли ўсмайди. У ҳар гал моли кенг-мўл бўлишини хоҳлайди аммо ҳеч кенгаймайди. У мана шу зиқналиги ва бахиллиги билан хасрат ва надоматдан бошқасини қўлга кирита олмайди.

 

Фиқҳул ҳадис.

            Уламолар мана бу тамсилда Расулуллоҳ с.а.в. нимани ирода қилганликлари борасида турлича фикр билдирганлар. Хаттобий ва бошқаларнинг фикрича бу тамсилдан Расулуллоҳнинг мақсадлари шуки, ҳадисдаги қўлларнинг чўзилиши мажозий маънода бўлиб  сахий инсон садақа қилмоқчи бўлса, қалби ёришиб нафси роҳат топади. Унинг қўллари унга бўйсунади ва  атога, беришга шошилади.

Бахил эса, садақа қилиш ҳаёлига келган вақтда нафсининг очкўзлиги тутади, ва қалби сиқилиб, қўллари тортилади ва натижада инфоқ қилишдан юз буради. “Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар  ютувчиларди.” Ҳашр сураси 9-оят.

Ибни Баттолнинг фикрича, Расулуллоҳ бу тамсилдан қуйидаги нарсани ирода қилганлар: “Либос инсон устидан ташлаганда уни ўраб иссиқ совуқдан сақлагани каби  садақа  ҳам соҳибини гуноҳларига каффорат бўлади ва уларни ўчириб юборади. Бахил кимсанинг нафси  инфоқ қилишга рози бўлмайди. Ва натижада гуноҳларидан покланмай қолаверади. Бу  кийим баданнинг очиқ жойларини ҳимоя қилмай бу ўринлар ҳар ҳил офатларга нишон бўлишига ўхшайди.

 Баъзи олимларнинг фикрича, Аллоҳ таоло эҳсон қилувчининг инфоқи сабабидан уни айбларини дунё ва охиратда  яширади. Ҳудди либос  инсоннинг айбларини яширгани каби. Бахил  эса, калта кийим кийган ва авратлари очиқ қолиб икки дунёда шарманда бўлган инсонга ўхшайди.

Бошқа фикрларга кўра, бу ҳадис садақа, эҳсон билан молни кўпайиши ва бахиллик билан молни камайишга тамсили, мисолидир.

   Ҳадиснинг “темирдан совут кийган”  жумласида шунга ишора қиладики, қаттиқлик ва маҳкам тутиш инсоннинг табиатидир. Инсон туғилар экан у билан бирга харислик ва орзу умидлар ҳам бирга қўшилиб туғилади.

            “Ҳатто, бармоқлари беркилиб, узунлигидан юрган излари ўчиб кетади” жумласидан кўзда тутилган мақсад шуки, садақа, эҳсон инсоннинг камчиликларини яширади ва хатоларини ўчиради. Гўёки, ерга судралиб юрадиган узун кийим ва совут ўз  соҳибининг  оёқ изларини ўчириб юборганидек.                                                    

            “Ҳар-бир ўрами ўз ўрнида қолади” яъни бахил  инсон садақа қилмоқчи бўлганида нафси очкўзлик қилади, юраги сиқилади, қўллари тортилади. Натижада садақа қилмайди. Бу эса совут ёки  либос  бўйин ва кўкрак атрофида қолиб, ҳар бир ўрами ўз ўрнида қотиб қолганга ўхшайди. Соҳиби либосини ва совутини кенгайтириб   баданининг бошқа очиқ  жойларини ёпмоқчи бўлади,  лекин у кенгаймайди.

 

             Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1)      Нафл ёки фарз бўлсин нафсга таскин берадиган эҳсон, садақанинг мақталиши.

2)      Очкўз бахилнинг мазаммат қилиниши. Агар чандики, унинг бахилликни ёмон оқибати таъсири ўз нафсига бўлса ҳам.

3)      Садақа, эҳсон ҳато ва камчиликларни ўчиради. Бу ҳақда  Аллоҳ таоло “Ҳуд” сураси 114-оятида “Яхшиликлар ёмонликларни кетказади”  деб марҳамат қилган .

 

 

ЖАЛОЛИДДИН

Янгиликлар

Top