muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 05 حزيران/يونيو 2016 05:00

Тии да катта шодиёна!

2016 йил 4 июнь куни Ўзбекистон мусулмоналари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти 2015-2016 ўқув йили битирувчиларининг “Хатмона – 2016” тадбири бўлиб ўтди!
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ҳамда Қуръон тиловати билан бошланган тадбир институт ректори У. Ғафуровнинг кириш сўзи билан давом этди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар: Ўзбекистон мусулмоналари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев табрик сўзлари билан иштирок этдилар. 
Тўрт йил давомида таҳсил олиб, илм уммонидан гавҳарларни йиққан битирувчилар, уларнинг ота-оналари институт устозлари ҳамда барча ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирдилар. 
Институтда фидокорона ва сидқидилдан меҳнат қилган ўқитувчилар, тўрт йил давомида институт ижтимоий ҳаётининг ўқув, маънавий-маърифий ишларида фаол иштирок этган, аъло баҳоларга ўқиган битирувчилар институт фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар! Бу эса байрамга янада кўтаринки руҳ ва кайфият олиб кирди! 
Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмоналари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов битирувчиларга оқ фотиҳа бериб, кейинги фаолиятларида омад ва зафарлар тиладилар. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

الأحد, 05 حزيران/يونيو 2016 05:00

Машҳур боксчи Муҳаммад Али вафот этди

Мусулмон дунёсида ўзига хос шуҳратга эга бўлган машҳур спортчи, бокс қироли Муҳаммад Али 3 июнь санасида АҚШнинг Аризона штати Феникс шаҳридаги Phoenix-area шифохонасида 74 ёшида вафот этди. 
Боксчи 32 йил давомида паркинсон касаллигидан азият чеккан. 
Асл исм-шарифи Кассиус Клей бўлган спортчи 1942 йилнинг 17 январь куни АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳрида туғилган. 12 ёшидан бошлаб бокс билан шуғулланган. Фаолияти мобайнида 61 та жанг ўтказиб, шундан 56 тасида ғалаба қозонган, 37 жангни нокаут билан якунлаган. 
Кассиус Клей 1965 йили ислом динини қабул қилгач, бутун дунё бўйлаб нуфузи янада ошиб кетади. Айниқса, мусулмонлар орасида. У ирқий тенглик, бағрикенглик, тинчликпарварлик борасидаги қарашлари билан одамлар меҳрини қозонган. Мусулмонларга қарши ҳар қандай ёлғон ва уйдирмаларга қарши доим ўзининг кескин муносабатини билдириб келарди. 
Муҳаммад Али 8 нафар фарзанднинг отаси эди. 
Муҳаммал Али сўзларидан иқтибослар 
Мен ким билан учрашишни хоҳлардим? Муҳаммад пайғамбар билан! 
*** 
Сен ҳақ бўлсанг, ҳеч ким эсламайди. Агар бирор хато қилсанг, ҳеч ким унутмайди. 
*** 
Сукунат — олтин, қачонки у арзирли жавобни ўйлаб олиш учун бўлса. 
*** 
Журналист: "11 сентябрь воқеаларидаги террорчилар сизнинг динингизда эканини билганингизда кўнглингиздан қандай ҳислар ўтган?” Муҳаммад Али: « Гитлернинг дини сизникидек эди, нимани ҳис этгансиз?» 
*** 
Мен нимани тушунмайман? Бу – уруш! 
*** 
Менинг энг оғир жангим – Паркинсон касаллиги билан. Йўқ, бу оғриқли эмас. Буни тушунтириш мушкул. У мени аниқ синаяпти: сиғинишда давом этаманми, имонимни сақлаб қола оламанми? Яратган барча буюк шахсларни синовларга дучор қилади. 
*** 
Биз бошқаларга қанча кўп ёрдам берсак, шунча кўп ўзимизга ёрдам берган бўламиз. 
*** 
Эзгулик? Менинг онам! 
*** 
Бегуноҳ одамларни ўлдириш—менинг динимга зид! 
*** 
Мен ўғилларим ва қизларим ёнида турганимда, улар билан суҳбатлашганимда, ўзимни Буюк Аллоҳга яна ҳам яқинроқдек ҳис қиламан...

Манба: muxlis.uz

 

الأحد, 05 حزيران/يونيو 2016 05:00

Хатмона – 2016 (Хадичаи кубро)

3 июнь куни Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юртида катта шодиёна – битирувчи курсларнинг Хатмона тантанаси бўлиб ўтди. 

Тадбир, аввало, Қуръони карим тиловати билан бошланиб, 4 курс талаба қизларининг келажак ҳаётларига муваффақиятлар тиланди. Сўнг Республикамиз мадҳияси янгради. Талабалар илм фазилати ҳақида саҳна кўриниши намойиш қилиб, мазмунли шеърлар ҳамда саловотлар ўқишди. 
Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг, талабаларга диплом ва эсдалик совғалари топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирга Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир муовини Маъмур Эркаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита ходимаси Нигора Минаварова ҳамда билим юртида фаолият кўрсатган фахрий устозлар ташриф буюришди. 

Юртимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида камарбаста барча битирувчиларга Аллоҳ таолодан улкан зафарлар тилаймиз! 


Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими 

 

الأحد, 05 حزيران/يونيو 2016 05:00

Тошкент шаҳри қорилари билан учрашув

2016 йил 3 июн куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида муборак Рамазон ойи давомида Тошкент шаҳри масжидларида хатми Қуръонга ўтадиган қорилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов қатнашиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Муборак ой билан қутлади. Шунингдек, қориларга таровиҳ намозларида Аллоҳнинг каломини тўлалигича ўқиб беришдек шарафли ва масъулиятли вазифа олдидан ўзларининг тегишли кўрсатма ва тавсияларини бериб ўтди. Тадбир сўнгида қориларнинг ҳифзлари ва зеҳнларига Яратгандан барокатлар сўраб дуои хайрлар қилинди. 
Жорий йилда Тошкент шаҳридаги 109 та масжидда 167 нафар мураттаб қорилар иштирокида хатми Қуръон тадбирлари ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

ЎМИ Масжидлар бўлими 

الأحد, 05 حزيران/يونيو 2016 05:00

Самарқандда йил имоми аниқланди

(китоб тақдимоти, Рамазон ойи олдидан йиғилиш тадбирлари) 
2016 йилнинг 2 июн куни Самарқанд шаҳридаги муҳташам санъат саройида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом хатиблари ва ноиб имомлари ўртасида“Йил имоми - 2016” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг дастлабки туман босқичида ғолибликни эгаллаган 16 нафар имом хатиб ва ноиб имомлар беллашдилар. 

Кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтган “Йил имоми - 2016” кўрик танловига вилоят миқёсидаги ҳакамлар, вилоят бош имом хатиби Нуриддин Исламов, вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро маркази директори, Шовосил Зиёдов, Имом Бухорий халқаро маркази малака ошириш бўлими мудири Тоҳир Эвадуллаев, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти маънавий маърифий ишлар бўйича ректор ўринбосари Абдушукур Ҳамзаевлар ҳайъат сифатида иштирок этиб, баҳолаб бордилар. 
Танлов иштирокчиларининг вилоят босқисига кучли тайёргарлик кўрганлиги ғолибларни аниқлашни анча қийинлаштириб қўйди. Шундай бўлсада тажрибали ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра биринчи ўринга Жомбой тумани “Иброҳим ота” жоме масжиди имом хатибиАхмедов Анвар, иккинчи ўринга Пайариқ тумани “Мулла Тоҳир” жоме масжиди имом ноибиАзимов Қамариддин, учинчи ўринга эса Ургут тумани “Боғишамол” жоме масжиди имом ноиби Латипов Маҳмуд лойиқ топилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва вакилликнинг фахрий

ёрлиқлари билан тақдирландилар. 

Кўрик-танлов ниҳоясига етгач, бевосита тадбирнинг иккинчи қисми: йилнинг энг яхши китоби дея эътироф этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоб тақдимотига ўтилди. Тақдимот давомида мутахассислар Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маъруповлар китоб моҳияти ва унинг бугунги кундаги аҳамияти борасида батафсил сўзлаб беришди. Шунингдек, йиғилганларга, мавзуга оид видеофилм ҳам намойиш этилди. 

Тадбирнинг учинчи қисми муборак Рамазон ойи олдидан ва ой давомида ҳамда ҳайит кунида амалга ошириладиган ишлар муҳокамасига қаратилди. Вилоят бош имом хатиби Н.Исламов залда йиғилган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, масжид имомлари ҳамда ноибларига мавзуга оид кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди. 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги 

Янгиликлар

Top