muslimuz

muslimuz

الخميس, 29 شباط/فبراير 2024 00:00

Янги ойни кўрганда дуо қилиш

Cавол: Янги ой чиққанда қандай дуо қилинади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Янги ойни кўрганда қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқиш мустаҳаб бўлади:

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар:

اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ

Аллоҳим! Уни бизга хайр-барака, иймон, саломатлик ва Ислом ила чиқаргин. Роббим ва Роббинг Аллоҳдир, дер эдилар” (Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

الخميس, 29 شباط/فبراير 2024 00:00

Ғанимат фурсат

Отам қийинчилик кўриб катта бўлган эканлар. “Мактабни ҳам зўрға битирганман” дердилар. Гапларининг ростлиги бирор нима ўқисалар, жуда секин, ҳижжалаб ўқишларидан билиниб турарди. Билмаган одам дадамнинг секин ўқишларидан кўзлари хиралашиб қолганмикин деб ўйларди. Ёзишлари ҳам шунга яраша эди. Лекин бизга жуда меҳрибон эдилар. Агар гап бизнинг ўқишимизга келиб тақаладиган бўлса, қаердан бўлса ҳам, тунлари ишлаб бўлса ҳам пул топиб беришга ҳаракат қилардилар. Бизга яхши едириб ичириш, ўқитиш учун қўлларидан келган бор имкониятларини ишга солардилар.

Бир куни дадам билан Қоҳирага бордик. Шаҳар катта, кўчалар гавжум эди. Тушлик учун кичикроқ бир ошхонага кирдик. Мен ўша пайтларда ўсмир йигит эдим. Отам ошхона хизматчисига ўзлари учун 250 граммлик, менга эса 500 граммлик қовурилган гўшт буюртма бердилар. Мен ҳайрон бўлиб, “Нега менга кўпроқ?” деб сўрадим. Отам: “Сен ёш йигитсан, ҳозир ейдиган пайтинг. Катта-катта ейишинг керак. Менинг унча иштахам йўқ”, дедилар.

Овқатланиб бўлганимиздан сўнг чойхўрлик қилдик. Дадам гапни узоқдан олиб келиб менга насиҳат қила бошладилар. Айни қоним қизиган навқирон пайтим бўлганим учун бўлса керак, мени зинодан қаттиқ огоҳлантиридлар. Кўзимни ва барча аъзоларимни бу чиркин ишни қилишдан сақлашимни тайинладилар. Бунинг учун нималар қилишим, нималардан огоҳ бўлишим кераклиги, дўстларим қандай бўлиши кераклигигача тушунтирдилар.

Ўша кундан бери неча йиллар ўтди. Лекин дадамнинг ўша насиҳатлари қулоғимда қолди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ўзининг фазли ила мен ҳеч ҳам бу қинғир йўлга қадам босмадим. Қачон хаёлимга шу гуноҳни қилиш фикри келадиган бўлса, дадамнинг насиҳатлари ёдимга тушар ва ўзимни бу ишдан тиярдим. Дадам ўша куни йўл-йўлакай овқатланиш учун кирган пайтимиздан ҳам ўша фурсатдан жуда зўр фойдаланган эканлар.

Фарзандингиз билан ошхонага овқатланишга киришингиз катта бир тарбиявий фурсатдир. Сиз таом устида ўғлингиз ёки қизингизга таъсирли гаплар айтиб насиҳат қилинг. Бу ғанимат фурсат. Фарзандингизнинг фақат танасига эмас, руҳига ҳам озуқа беришга шошилинг.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

الخميس, 29 شباط/فبراير 2024 00:00

Она табиатни муҳофаза қилиш – бурчимиз!

Асрор домла Ҳабибуллаев,
Сурхондарё вилояти
Шўрчи тумани бош имом-хатиби

الخميس, 29 شباط/فبراير 2024 00:00

Жаннатий жонивор

 

«(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл сураси, 68–69-оятлар).

Ояти каримадаги “ваҳий” сўзини муфассир уламолар: “Аллоҳ таолонинг асалариларга илҳом бериши, йўл кўрсатиб, тоғларга, дарахтларга ва одамлар қурадиган иншоотларнинг шифтларига ин қуриши учун буйруқ беришидир”, дейишган (“Тафсири Ибн Касир”).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло асаларилар, ҳайвонлар, паррандаю даррандаларга ўз табиатларидан келиб чиқиб, ўзлари учун ин, уя қуришга илҳом берди. Бу махлуқотлар ўзлари учун ясаган инларини кўрган киши ҳайрон ва лол қолади. Қалдирғоч ясаган ҳандасавий инни бу жониворга Павардигордан бошқа яна ким ҳам ўргата олади?! Сувнинг оқиши, учишни билмайдиган полапоннинг ҳавода илк марта, ҳеч ким ўргатмаса-да, қанот қоқиши, боларининг гулларга қўниб асал йиғиб келиши савқи илоҳийдир. Лекин Одам боласи бирор устоздан, мураббийдан таълим олмагунича ҳатто юришни ҳам эплай олмайди” (“Таъвилоту аҳлис сунна”).

“Сўнгра турли мевалардан еб Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!..” Имом Қатода ва Абдураҳмон ибн Зайд ибн Аслам раҳимаҳумаллоҳ айтади: “Асалари Аллоҳ илҳом берган йўл билан ўз ишини жуда пухта бажаради. Бу борада асло Раббисига осий бўлмайди”.

Абу Яъло Мавсулий айтади: «Бизга Шайбон ибн Фаррух, Сукайн ибн Абдулазиз Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пашша (чивин)нинг умри 40 кун. Ҳамма пашша дўзахдадир, илло, асалари бундан мустасно”» (Имом Бухорий ривояти).

Асалари бир томчи шира йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўнади. У гулга қўниб нектарни сўриб бўлгач, ўзидан бир белги қолдиради. Токи унинг шериклари ўша гулга қўниб, нектар излаб вақтлари кетмасин.

Болари юз грамм нектар йиғиш учун жуда кўп гулларга қўнади. Бир килограмм асал тўплаш учун эса асалари тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шарини тахминан ўн марта айланиб чиқиш дегани.

Қорнида нектари йўқ болари учаётганда унинг тезлиги соатига 65 километргача етади. Агар нектар бўлса, унинг тезлиги соатига 30 километрга пасаяди. Асалари олиб кетаётган нектарнинг оғирлиги танасининг учдан бирига тенг келади. Бир килограм асал ишлаб чиқариш учун жонивор 400 минг километр масофани босиб ўтади.

“Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур”. Ояти каримадаبُطُونِهَا”, яъни “қорин” сўзи кўплик шаклида келтирилишининг боиси шуки, боларида учта қорин бўлар экан. Гулдан олган шираси биринчи қоринга киради. Бир муддат тургач, клапан очилиб иккинчи қоринга тушади ва шу ерда соф асалга айланади.

Иккинчи қорин охирида яна бир клапан бўлиб, шу ердан асал заруратга қараб учинчи қоринга ўтади. Учинчи қоринда ошқозончаси бўлиб, узоқларга учганда унга қувват бўлиши учун шу асалдан озиқланади.

Асалари уясига қайтиб келгач, иккинчи қорнидаги барча соф асални оғзидан уянинг бўш жойларига қўяди. Асалари уяси чинакам шоҳона меъморий асардир. Жуда кам материал ишлатилиб, энг кенг маконга эга бўлиш санъатининг олий намунасини боларининг саккизбурчакли уясида кўриш мумкин. Бу ноёб ечим дунёдаги машҳур математикларни ҳам шошириб қўяди.

Асал – шифодир. Бежиз ояти каримада “...одамлар учун шифо...” дейилмади. Болда 74 турдан кўпроқ шифо моддалари бор. Асалнинг ранглари ҳам ўсимликлардан олинадиган рангларга қараб турлича: оқ, сариқ, қизил ва ҳоказо бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръонда икки шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалблардаги касалликларга шифо, асал ҳар бир дардга даводир” (“Тафсири Ибн Касир”).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширинлик билан асал ейишни хуш кўрар эдилар.

Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб:

– Биродаримнинг қорни оғрияпти, – деди. Расулуллоҳ унга:

– Биродарингга асал ичир, – деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди:

– Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кетказиб юборди, – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Аллоҳнинг гапи рост, биродарингнинг қорни алдаган. Бориб асал ичир, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ибн Сино бобомиз навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туришни тавсия қилган. Айниқса, ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. У шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Айниқса, озиб кетиш, ич қотиши, ошқозон-ичак яралари касалликларини даволашда, мияни озуқалантиришда асқатади.

Замонавий тиббиёт ҳам асалдан турли касалликларни даволашда кенг фойдаланишни тавсия этади. Даволаш косметикаси, радиация туфайли пайдо бўладиган нур касалликларида ҳам асал беминнат ёрдамчидир.

Миттигина болари 40 кунлик умри давомида шунчалик мураккаб вазифаларни бажарадики, уни кузатган, кўрган киши беихтиёр тафаккурга берилиб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолади ва “Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” ояти каримасини такрор-такрор тиловат қилаверади.

Хулоса сифатида Набий алайҳиссаломнинг “Пашша (чивин)нинг умри 40 кун. Ҳамма пашша дўзахдадир, илло, асалари бундан мустасно”» (Имом Бухорий ривояти) ҳадисларига таяниб айтиш мумкинки, асаларининг шунча машаққатли меҳнати эвазига Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади. Биз ҳам бу жонивордан ибрат олиб, қисқа умримиз давомида кўп-кўп хайрли ишларни қилсак, Раббимиз Ўз фазли билан бизларни ҳам жаннатига киритади, иншоаллоҳ.

 “Таъвилоту аҳлис сунна”, “Тафсири Ибн Касир” ва

 “Баҳрул улум” тафсирлари асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади

الخميس, 29 شباط/فبراير 2024 00:00

Отинойилар учун ўқув-семинар бўлиб ўтди

Шу йил 28 февраль куни Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган отинойилар учун билим ва малакаларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар билан ишлаш жараёнида долзарб масалаларга эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни янада яхшилаш мақсадида ўқув семинар ўтказилди.

Маънавий-маърифий тадбирда ҳамкор ташкилот вакилларининг ҳам маърузалари тингланиб, улар томонидан отинойилар маърифатини юксалтириш учун зарур маълумотлар бериб ўтилди.

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоят минтақавий вакили, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассиси иштирок этди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top