muslimuz
Қуръон тиловати билан машғул бўлишнинг фазли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Парвардигор азза ва жалла: “Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир”, дейди”
(Термизий ривоят қилган ва ривоят санади ҳасан, деган. Доримий ва Байҳақий ривоятида: “Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга берадиган энг афзал савобни бераман”, дейилган).
Қайси банда Қуръон қироати ва зикр билан машғул бўлиб, дуо қилишга вақт ажратолмаса, Аллоҳ таоло бу бандага ҳожатларини раво қилишини сўраб дуо қилувчиларга берадиган энг яхши нарсаларни ато қилади.
Аслида ҳар бир банданинг Аллоҳдан сўрайдиганлари, илтижолари бўлади. Агар банда Қуръон қироати билан банд бўлиб, дуо қилолмаса, Аллоҳ унга ўзи сўрайдиганидан, қалбида ният қилганидан ҳам яхши нарсаларни беради. Сабаби у ўзига тааллуқли бўлган дуога вақт ажратолмай, Аллоҳнинг Каломи Қуръон қироати билан машғул бўлди. Қуръонни эъзозлаган бандани Аллоҳ ҳам сийлайди ва унга раҳматларини нозил қилади.
Ривоятнинг давомида: “Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан устунлиги худди Аллоҳнинг (яратган) махлуқотларидан устунлиги кабидир”, дейилмоқда.
Оддий банда ўзи ясаган нарсадан қанча устун туради. Ана ўша бандани, қолаверса бутун мавжудотни яратган Аллоҳ Ўз махлуқотларидан қанчалик юқори туришини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳнинг махлуқотларидан афзаллиги қанча бўлса, У Зотнинг Каломи бўлмиш Қуръоннинг бошқа каломлардан устунлиги ҳам шунчадир. Аллоҳнинг Каломи мўъжизадир, илоҳийдир. Бандалар Қуръонга ўхшаш каломни келтиришга қодир эмаслар. Бандалар тузган жумлалардан иборат каломларнинг миллионтаси ҳам Аллоҳнинг биргина оятига, бир сўзи, ҳатто ҳарфига тенг келолмайди. Шундай экан, Қуръоннинг қанчалик улуғ эканини англаб, уни ўрганишимиз, ўқиб, Қуръонга амал қилишга ўтишимиз лозим.
Омир ибн Восиладан ривоят қилинишича, Нофеъ ибн Абдулҳорис Усфонда Умарни учратиб қолди – Умар уни Маккага омил қилиб тайинлаган эди – ва шундай деди: “Водий аҳлига кимни омил қилиб тайинладинг?”.
У: “Ибн Абзони”, деди. Умар: “Ибн Абзо ким?” деб сўради. Нофеъ: “Озод қилган қулларимиздан бири”, деб жавоб берди. Шунда Умар: “Уларга озод қилинган қулни ўринбосар этиб тайинладингми?” деди. Нофеъ: “Сабаби у Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини қироат қилади ва фароиз илмининг билимдони”, деганида, Умар: “Сизларнинг Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмлар даражаларини кўтариб, бошқаларникини туширади”, деган эдилар”, деди (Муслим, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Абдураззоқ ривояти).
“Усфон” жой номи бўлиб, Ибн Асирнинг айтишича, Усфон Макка ва Мадинани бирлаштирувчи қишлоқдир.
Ушбу ривоятда Аллоҳ Ўз Каломи билан хоҳлаган бандалари даражасини кўтариши айтилмоқда.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
Яхшилик боғларида…
Дунёю охиратда ғолиб бўлишни истасангиз, қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
- Ота-онангизга одоб билан гапиринг, модомики маъсиятга буюрмасалар буйруқларига итоат этинг. Сиздан нимани талаб қилишса ҳам бажаринг.
- Ота-онангизга юмшоқ муомалада бўлинг, уларга юзингизни бужмайтирманг, уларнинг юзига ғазаб билан боқманг!
- Ота-онангизнинг шарафини, обрўсини, мол-давлатларини муҳофаза қилинг. Сўроқсиз ҳеч нарсаларига тегманг.
- Уларни хурсанд қиладиган ишларни қилинг. Улар буюрмасалар ҳам ўзингиздан билиб қилинг. Сизни чақиришганда “Лаббай онажон, лаббай отажон” деб табассум билан дарҳол жавоб беринг.
- Улар билан тортишманг, асло айбламанг. Улар хато қилгудек бўлсалар, тўғрисини одоб билан тушунтиришга ҳаракат қилинг! Уларга қайсарлик қилманг, овозингизни уларникидан кўтарманг. Улар гапирганда жим туриб қулоқ солинг.
- Хонангизга кириб келсалар, ўрнингиздан туриб кутиб олинг, бошларини ва қўлларини ўпинг. Уларнинг олдига изнсиз кирманг, айниқса ухлашаётганда.
- Сизга рухсат беришмаса ишингиз қанчалик муҳим бўлса ҳам, сафарга чиқманг. Ҳар қандай иш қилишдан олдин аввал уларнинг розилигини ўйланг. Зеро, Аллоҳнинг розилиги уларнинг розилигидадир, Аллоҳнинг ғазаби уларнинг ғазабидадир. Ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, фарзандини дуоибад қилиши ҳам мустажобдир. Шундай экан, улар сизни дуоибад қилишларидан эҳтиёт бўлинг!
- Улардан олдин овқатланманг. Ейишда ҳам, ичишда ҳам уларни эъзозланг. Улардан баланд жойда ўтирманг. Улар бор жойда оёқ узатиб ўтирманг. Уларнинг олдида юрманг, балки тенг юринг ёки орқароқда юринг. Мана шу уларга нисбатан одоб ва муҳаббат бўлади.
- Уларга ёлғон гапирманг. Сизга ёқмайдиган иш қилиб қўйишса, маломат қилманг. Мансабингиз қанчалик катта бўлмасин, отангизга нисбатланишдан ўзингизни катта олманг. Уларнинг яхшилигини инкор қилиб қўйишдан ёки ножўя сўз айтиб, уларни ранжитиб қўйишдан ҳазир бўлинг!
- Ота-онангизга нафақа қилишдан бахиллик қилманг. Сизга ҳолларидан шикоят қилишгача боришмасин! Бу сизга ор, уят бўлади. Буни фарзандларингизда ҳам кўрасиз, қайтар дунё!
- Муҳтарама опа-сингиллар, онангизга уй ишларида ёрдамлашинг. Ҳурматли ака-укалар, отангиз бирор иш қилаётганини кўрсангиз, дарров ишига ёрдамлашинг. Отангиз ёки онангиз бирор юкни кўтараётганини кўрсангиз, югуриб қўлларидан олинг.
- Ота-онангизни вафотларидан олдин, тириклик пайтларида зиёрат қилинг, улар номидан садақа қилинг, уларнинг ҳаққига кўп-кўп дуо қилинг: “Роббим, мени ва отамни мағфират қилгин! Роббим, улар мени ёшлигимда тарбия қилишганидек, уларга раҳм айлагин!”.
- Ота-онага оқ бўлишдан, уларнинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг. Дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўласиз! Фарзандларингиз ҳам сизга худди шундай муомала қилади.
- Ота-онангиздан бирор нарса сўрасангиз юмшоқлик билан сўранг, берсалар раҳмат айтинг, бермасалар узр сўранг. Уларни безовта қилмаслик учун кўп нарса сўрайверманг.
- Зиммангизда ота-онангизнинг ҳаққи бўлганингиздек, аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор, ҳамма ҳақдорларга ҳаққини беринг. Улар келишмай қолсалар ораларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилинг. Икки тарафга ҳам бир-биридан махфий тарзда ҳадялар улашинг.
- Отангиз ёки онангиз бетоб бўлиб қолсалар, иложи борича ёнларида бўлинг. Хизматларида, муолажа олиш жараёнларида олдиларида туринг ҳамда уларнинг ҳаққига Аллоҳдан шифо сўраб дуо қилинг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Ойлик ҳисобот
Биз оддийгина уйда камтарона ҳаёт кечирамиз. Ойлик маошим ҳам унча кўп эмас, лекин ўзимизга етади, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ мени 4 нафар ўғил билан сийлаган.
Катта ўғлим ўсмирлик даврига етгандан кейин унинг талаблари кўпая бошлади. Ҳар куни уйга келсам, менга у керак менга бу керак деб катта харажат талаб қиладиган нарсаларни сўрайдиган бўлиб қолди. Имконим етганича унинг талабларини бажарардим. Лекин кўпга бормай маошим ойлик сарф харажатларга етмай яқинлардан қарз сўрашга мажбур бўла бошладим.
Бундоқ разм солсам, ўғлимнинг ҳамма айтаётган нарсалари ўзига жуда зарур бўлган нарсалар эмас, у сўраган нарсалар ичида ҳеч ҳам фойдаси йўқ болаларнинг вақтини беҳудага сарфлашга сабаб бўладиган нарсалар ҳам бор эди.
Бу ҳолатда бир чора кўрмасам, ҳам оиламиз бюджетига, ҳам ўғлимнинг тарбиясига катта зарар етиши турган гап эди. Шунинг учун онаси билан бир тадбир ўйлаб топдик. Ойлик маошимни олган куним мен, ўғлим ва онаси уччаламиз бир ой давомида қиладиган харажатларимизни ҳисоблаб чиқадиган бўлдик. Масалан, уйимиздаги коммунал тўловлар учун қанча кетади, бир ойлик озиқ-овқатимиз қанчага тушади, кийим кечак, дори дармон, ва ҳоказо. Шу тарзда ҳисоб-китоб қиладиган бўлдик.
Ҳисобот қилиб кўрганимизда харажатлар миқдори ойлик маошимдан кўпайиб кетса, демак унча зарур бўлмаган қайсидир харажатларни қисқартиришимиз керак экан деб хулоса қилар эдик. Бу гапларни ёнимизда ўтирган катта ўғлим ҳам эшитарди. Ҳисобот охирида биздан ҳам оғир аҳволда қолган оилалар бўлгани ҳолда бизни бошқаларга муҳтож қилмаган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб ўрнимиздан турардик.
Мана шу ҳисоботни йўлга қўйганимиздан кейин ўғлим бирданига ўзгариб қолди. Биз унга ҳеч нарса демадик, у бизга ҳеч нима демади, лекин юриш-туриши, ўзини тутиши бутунлай ўзгарди. Ишдан келганимда фақат энг зарур нарсаларга - ўқув қуролларига ва мактаб йиғимларигагина пул сўрарди. “Тушлик қилишингга пул сўрамаяпсан?” десам, “Уйдан егулик тайёрлаб олиб кетяпман” дейди. Унинг гапини эшитиб машааллоҳ, ўғлим масъулиятни ҳис қиладиган кап-катта йигит бўлиб қолибди деб ич-ичимдан хурсанд бўлдим.
Бир куни онасига ишга кирмоқчилигини айтибди. Буни эшитиб онаси билан қувондик. Ҳа, ўғлимиз улғайибди дедик. Лекин ўқишига халал бермасин деб ишлашига рухсат бермадик.
Ёзги таътилга чиққанда “Уйга ёрдам бергим келяпти, сизларга оз бўлса ҳам ёрдам берай” дея кунига 30 жунайҳ пул берадиган ишга кирди. Ишлайдиган жойида ҳалол меҳнати билан юзимизни ёруғ қилди. Мен ҳам ўз навбатида ўғлимни укаларига мақтаб ўрнак қилиб кўрсатадиган бўлдим.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Тошкент Ислом институти талабаси 30 пора Қуръонни 11 соатда ёддан ўқиб берди
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Зафар қори Маҳмудов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Содиқжон қори Қурбонов, Робия Нажмиддинова сингари устоз ва талабалар кузатиб борди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов қория Руқаййа Юсуфий ва унинг устозларига ташаккур билдириб, мана шундай натижага эришишда ғайрат ва шижоат тилади.
11 соат ичида Қуръони каримни ёддан ўқиб хатм қилган Руқаййа Юсуфийнинг муваффақиятини муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида ноутбук ва эсдалик совғалари топширилди.
Маълумот ўрнида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланди. Айни пайтгача Қуръони каримни бир кунда ўқиб берган қори талабалар сони 34 нафарга етди.
Шу вақтга қадар 7 нафар қория Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Ҳуснора Мираҳмадова, Мухлиса Маҳаматханова, Хадича Қурбанова, Фотима Абдуллаева ва Амина Хўжаёр Аллоҳнинг каломини 1 кунда ўқиб берган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов, Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев, Сардорбек қори Жиямуратов, Сирожиддин қори Шодмонов, Азимжон қори Мадаминжонов, Илёсбек қори Шарофиддинов, Нуриллоҳ қори Сайдуллаев, Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, Абдуллоҳ қори Комилов, Саидбурхон қори Фазлиддинов, Абдулҳай қори Жўрақулов, Аҳлиддин қори Қурбонов, Нурисломхўжа қори Умбаров, Убайдуллоҳ қори Ҳабибуллаев, Баҳодир қори Иброҳимов, Машрабжон қори Абдураззоқхўжаев, Фозил қори Акромов, Сайдуллоҳ қори Солижонов, Сирожиддин қори Жалилов, Исломбек қори Умрзоқов, Аслхон қори Хошимов ва Фазлиддин қори Шамиев Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.
Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6 236 та оят ва тахминан 1 015 030 нуқта, белги, 323 670 ҳарф ва 77 934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.
Зафар қори МАҲМУДОВ,
Тошкент Ислом институти
Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси
Олий маъҳад аёл-қиз талабалари ўртасидаги Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди
Тошкент ислом институтида “Февраль – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Таҳфизул Қуръон кафедраси томонидан Олий маъҳад талаба қизлари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2024” кўрик-танлови ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, проректорлар Ёқуб домла Бухарбаев ва Соатмурод Примов қатнашди.
Мусобақа ҳифз ва тиловат йўналишида ўтказилди. Унда қорияларнинг чиқишларини Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозлари баҳолаб борди: Валихон қори Азимбоев, Содиқжон қори Қурбонов, Жаҳонгир қори Рўзиев ва Исломхон қори Убайдуллаевлар.
Мусобақа якунида қуйидаги натижалар қайд этилди:
Ҳифз йўналишида:
1-ўрин: 2-курс талабаси Валихонова Оминахон;
2-ўрин: 1-курс талабаси Юсуфий Руқаййа;
3-ўрин: 1-курс талабаси Музаффархонова Робия.
Тиловат йўналиши бўйича:
1-ўрин: 4-курс талабаси Икромова Моҳинур;
2-ўрин: 2-курс талабаси Йигиталиева Эъзоза;
3-ўрин: 4-курс талабаси Комилова Малоҳат.
Ғолиба қория қизларга қимматбаҳо ва эсдалик совғалари мукофот сифатида топширилди.
Зафар қори Маҳмудов,
Тошкент ислом институти
Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси