Мақолалар

Рўзага доир 3 саволга 3 жавоб (2-қисм)

Савол: Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний "Бадоиус саноиъ" китобида бундай дейди: "Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди".

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида бундай дейилган: "Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади".

Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта ютса рўзаси бузиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти(.

Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: "Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган" ("ал-Мабсут").

Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайъни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда бундай деганлар :“Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни “Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган”лик билан изоҳланган.  Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: “Қайтда оғиз тўлиши – у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади” деган” (“ал-Муҳийтул Бурҳоний”). Валлоҳу аълам.

 

Савол: Рамазон ойида ҳайз кўрган аёллар қандай йўл тутади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию намозни қазосини  ўқимайди?” деб сўради. Оиша онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

 

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар. Ушбу ҳукм мўтабар фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган:

“Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).

“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” (“Ал-Мухтор”).

“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

2539 марта ўқилди

Мақолалар

Top