muslim.uz

muslim.uz

 Ҳозирги кунимизда  кўпайиб кетаётган турли фирқалар, тоифалар, ҳизблар ва бемазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига, хоссатан Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланадилар.

   Энг жириканчлиси, ўз ғояларини ҳаспўшлаш (исботлаш) йўлида Қуръони карим оятларидан ҳам усталик билан фойдаланадилар. Одатда мусулмонлар хоссатан янги ибодатга кираётганлар ёки қизиқаётганлар жуда ҳам ишонувчан, талабчан ва эшитганини қаттиқ ушлаб оладиган бўлади. Бу ҳолат эса бемазҳабларга жуда қўл келади. Фурсатни қўлдан бой бермаслик учун хориждан туриб таълим бераётган устозлари ўргатган 3-4 оят ва ҳадиси шарифларни тезда ўзлаштириб олиб қолганларга ҳам шуни етказади. Аслида улар бошқа нарсаларни билмайдилар ҳам. Ўша оят ва ҳадиси шарифларни ҳам устозлари ўзларининг ғаразли йўлларида фойдаланиш учун қандай маъноларни бериб тушунтирган бўлсалар, булар ҳам ҳудди шундай тушунтирадилар.

   Барча мусулмонлар жиҳодда буюк фазл борлигини биладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Тавба сурасида шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَا لَكُمْ إِذَا قِيلَ لَكُمُ انْفِرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ اثَّاقَلْتُمْ إِلَى الْأَرْضِ

«Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, «Аллоҳнинг йўлида қўзғалинг», дейилса, ерга ёпишиб олдингиз?!» (38-оят)

Яна Бақара сурасида:

وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا ۚ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажовузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас» дейилган (190-оят).

Шунга ўхшаш бошқа бир қанча оятлар бор. Имом Шофеъий ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Жиҳод қилиш фарзи айн эмас. Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги:

وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا

«Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган» деган (95-оят) сўзидан жиҳоднинг фарзи айн эмаслиги келиб чиқади.

«Жиҳод» сўзи исломий истилоҳ бўлиб, уни мусулмонлардан бирортасига қарши ишлатиш тўғри бўлмайди. Уламоларнинг барчаси жиҳод қилиш учун ота-онанинг изни шарт эканига иттифоқ қилишган. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, у зотдан жиҳодга чиқишга изн сўради. Шунда у зот: «Ота-онанг тирикми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. У зот: «Икковларида жиҳод қил»[1], дедилар».

Исломда жиҳод икки турли бўлади. Биринчиси катта жиҳод бўлиб, бу инсоннинг ўз нафсига қарши жиҳодидир. Иккинчиси эса кичик жиҳод, яъни душманга қарши жиҳоддир. Катта жиҳод ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллам ғазотдан қайтаётиб: «Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик», деганлар.[2] Агар сизлар хадисни заиф ёки мавзуъ десангиз, жавоб шуки, бу маънодаги ояти карима ҳам бор. Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:

فَلَا تُطِعِ الْكَافِرِينَ وَجَاهِدْهُمْ بِهِ جِهَادًا كَبِيرًا

«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!» деган (52-оят).

Аллоҳ таолонинг «у билан» деган сўзида Қуръони каримга ишора бор. Қуръони Карим қалбдаги барча дардларнинг шифосидир. Бу маънони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга амалларингизнинг энг яхшисини, энг покизасини, Роббингизнинг наздида даражангизни энг баланд кўтарадиганини айтиб берайми? У сизлар учун тилла, кумуш нафақа қилишдан яхшироқдир, душманга бориб йўлиқиб, уларнинг бўйнига уришингиз улар сизнинг бўйнингизга уришидан кўра яхшироқдир. Бу Аллоҳнинг зикридир»,[3] деган сўзлари ҳам таъкидлайди. Албатта, катта жиҳод нафсга қарши жиҳоддир. Унинг силоҳи Аллоҳнинг зикри ҳамда нафсни поклашдир.

Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло икки жиҳод орасидаги алоқани бошқа бир оятда очиқлаб берган. Бу Анфол сурасининг 45-ояти бўлиб, унда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا لَقِيتُمْ فِئَةً فَاثْبُتُوا وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Бирор жамоага юзма-юз келсангиз, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, зафар топсангиз», дейилган.

Собит туриш ҳам кичик жиҳоднинг кўриниши бўлиб, у катта жиҳодга боғлиқдир. Катта жиҳод эса нафсга қарши зикр билан, нафсни поклаш учун курашишдир. Қандай бўлганда ҳам, жиҳод тинчлик учун, омонлик учун, хотиржамлик учун васила бўлиши керак. Жиҳод ғоя эмасдир. Бу фикр Бақара сурасида очиқ-равшан келган:

وَقَاتِلُوهُمْ حَتَّىٰ لَا تَكُونَ فِتْنَةٌ وَيَكُونَ الدِّينُ لِلَّهِ ۖ فَإِنِ انْتَهَوْا فَلَا عُدْوَانَ إِلَّا عَلَى الظَّالِمِينَ

«Ва улар билан то фитна бўлмайдиган бўлиб, дин Аллоҳники бўлгунича жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ» (193-оят).

Сиз милодий 2014 йил 4 июлдаги хутбангизда «Жиҳодсиз ҳаёт йўқдир», дедингиз. Эҳтимол, бу гап Қуртубийнинг қуйидаги оятга ёзган тафсири натижасидир:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ ۖ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига ижобат этинг» (Анфол сураси, 24-оят).

Албатта, ҳақиқий жиҳод қалбни тирилтиради. Лекин  жиҳодсиз ҳам ҳаёт бўлади, чунки бу нарса муайян пайтда мусулмонларнинг зиммасига тушади ва унда ол қилиш лозим ҳам бўлмайди. Лекин сабабсиз жиҳод қилиш шариатда йўқ. Шаръий сабабсиз, шаръий мақсадсиз жиҳод қилиш ва шариат йўл берган услубдан бошқа услуб билан, шаръий ниятсиз жиҳод қилиш жиҳод эмас, балки босқинчилик бўлади, жиноят бўлади.

а) Ният. Аллоҳ таоло Нажм сурасида:

وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَىٰ

 «Хар бир инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас», дейди (39-оят).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Бир одам ҳамият учун, яна бири шижоат учун, яна бири риё учун жанг қилади. Қайси бири Аллоҳнинг йўлида бўлади?» деди. У зот: «Ким Аллоҳнинг каломи олий бўлиши учун жанг қилса, ўша Аллоҳнинг йўлида бўлади», дедилар».[4]

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қиёмат куни устидан энг аввал ҳукм чиқариладиган киши шаҳиддир. Унга ато этилган неъматлар танитилади. У уларни танийди. Сўнгра унга: «Бу неъматларни нима қилдинг?» дейилади. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳатто шаҳид бўлдим», дейди. Шунда: «Ёлғон айтдинг. Сен «Фалончи журъатли», дейилиши учун жанг қилгансан, шундай дейилди ҳам», дейди. Сўнг амр қилинади, у юзтубан дўзахга ташланади».?[5]

б) Жиҳоднинг сабаби. Жиҳоднинг сабаби – мусулмонларнинг ўзларига қарши уруш қилганларга қарши уруш қилишидир. Мусулмонлар ўзларига қарши уруш қилмаганлар билан жанг қилмайдилар. Узларига також қилмаган бирор кишига тажовузкорлик қилмайдилар. Аллоҳ таоло жиҳодга изн берган қавлида шундай дейилади:

أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا ۚ وَإِنَّ اللَّهَ عَلَىٰ نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ

الَّذِينَ أُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ بِغَيْرِ حَقٍّ إِلَّا أَنْ يَقُولُوا رَبُّنَا اللَّهُ ۗ وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَهُدِّمَتْ صَوَامِعُ وَبِيَعٌ وَصَلَوَاتٌ وَمَسَاجِدُ يُذْكَرُ فِيهَا اسْمُ اللَّهِ كَثِيرًا ۗ وَلَيَنْصُرَنَّ اللَّهُ مَنْ يَنْصُرُهُ ۗ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ

«Ўзларига қарши уруш очилган (мусулмонларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга ўта қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ», деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ ўта қувватлидир, ўта иззатлидир» (Ҳаж сураси, 39-40-оятлар).

Жиҳод омонлик билан, диёнатларнинг эркинлиги билан, олдин ўтган зулм билан, ер юзида воқе бўлган нарса билан ва диёрдан чиқариш билан боғлиқдир. Юқорида келтирилган икки оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг саҳобаларига қарши мушриклар томонидан ўн уч йил давомида кўрсатилган азоб-уқубат, зулм ва тазйиқдан кейингина нозил бўлган. Фикрлар, қарашларнинг қарама-қаршилиги ва динларнинг ҳар хиллиги туфайли душманлик қилиш ёки уруш қилиш мумкин эмас. Бу Абу Ҳанифа, Молик, Аҳмад ва бошқа жамики уламоларнинг фикридир. Уларнинг ичида Ибн Таймия ҳам бор. Бу борада шофеъийларнинг баъзиларигина хилоф қилишган.

в) Жиҳоднинг ғояси. Бу ҳам мусулмон уламолар иттифоқ қилган мавзудир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

وَقَاتِلُوهُمْ حَتَّىٰ لَا تَكُونَ فِتْنَةٌ وَيَكُونَ الدِّينُ لِلَّهِ ۖ فَإِنِ انْتَهَوْا فَلَا عُدْوَانَ إِلَّا عَلَى الظَّالِمِينَ

«Ва улар билан то фитна бўлмайдиган бўлиб, дин Аллоҳники бўлгунича жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ», дейди (193-оят).

Шунингдек, Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дегунларича одамларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди, фақат ҳаққи бўлса, мустасно. Унинг ҳисоби Аллоҳнинг Ўзигадир», деганлар.[6] Мана шу жиҳоднинг ғоясидир. Бу гаплар фақат мўмин-мусулмонларга қарши уруш қилингандан кейингина кучга киради. Ушбу матнлар мўмин-мусулмонларнинг нусрат қозониш ҳолатидаги ғалабанинг суратини чегаралайди. Бу ерда жиҳоднинг ғояси билан сабабини аралаштириб юбормаслик лозим. Умматнинг барчаси бунга иттифоқ қилгандир. Ушбу ҳадис батаҳқиқ, юзага чиқди. У қуйидаги ояти каримага боғлиқ ваъдаки, Аллоҳ таоло шундай деди:

هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَىٰ وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ شَهِيدًا

«У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир» (Фатх сураси, 28-оят).

Мана шу нарса Арабистон ярим оролида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рўёбга чиқди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Анъом сурасида:

وَلِتُنْذِرَ أُمَّ الْقُرَىٰ وَمَنْ حَوْلَهَا

«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир» дейди (92-оят).

Шунингдек, У Зот Тавба сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قَاتِلُوا الَّذِينَ يَلُونَكُمْ مِنَ الْكُفَّارِ

«Эй иймон келтирганлар! Сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг», дейди (123-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушрикларни араб жазирасидан чиқаринглар», деганлар. Мана шу ишлар юзага чиққан, зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда Расулига ваъда ҳам берган. У Зот Саф сурасида шундай марҳамат қилган:

هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَىٰ وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُشْرِكُونَ

«У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам», дейилади (9-оят).

Бу ерда кўзланган жой Арабистон яримороли бўлиши вожибдир. Мана шу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида содир бўлган. Нима бўлганда ҳам, агар мусулмонларнинг фойдаси кўзланадиган бўлса, жиҳод амирлари шариат кўрсатгандан бошқа мақсаддаги урушни тўхтатишлари лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

فَإِنِ انْتَهَوْا فَلَا عُدْوَانَ إِلَّا عَلَى الظَّالِمِينَ

 «Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ», деган (Бақара сураси, 193-оят).

г) Жиҳод услуби. Бу ҳақда келган хабарларнинг хулосаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: «Ғазот қилинглар, лекин ғулувга кетманглар, алдаманглар, қиймаламанглар ва болаларни ўлдирманглар».[7]

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Ортига қараб қочган ўлдирилмас! Ярадорлар ҳам ўлдирилмас! Ким эшигини ёпиб олса, омондадир!» деганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир лашкар тайёрлаб, уларни Шомга юбораётиб, шундай деганлар: «Бир қавмни топасизки, улар ўзларини ибодатхоналарда тутиб турган бўладилар. Уларни тарк қилинглар. Ўзларини тутган нарсалари билан бўлаверишсин. Яна бир қавмни топасизки, шайтон уларнинг бошини ўриндиқ қилиб олган, яъни жангчи роҳиблардир. Ана шу бўйинларга уринглар. Кексаларни, аёлларни, ёш болаларни ўлдирманглар. Иморатларни вайрон қилманглар, бирор фойдаси бўлмаса, дарахтларни кесманглар. Бирор фойдаси бўлмаса, ҳайвонларни сўйманглар. Хурмоларга ўт қўйманглар, ғарқ ҳам қилманглар. Ғадр (хиёнат қилиб, одамларни алдаманглар. Ўликларни қиймаламанглар. Қўрқоқлик қилманглар. Ўлжадан ўғирлаб олманглар. Албатта, ким Аллоҳ таолога ёрдам берса, У Зот унга, пайғамбарларига ғайбдан нусрат беради. Албатта, Аллоҳ қувватлидир, азиздир».[8]

Асирларни қатл қилиш масаласига келсак, бу иш ҳаромдир. Сизлар эса уларни қатл қилдингиз, кўпчилигини сўйдингиз. Масалан, 2014 йилнинг июнида Тикритдаги Сабакир аскаргоҳида 1700 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, июль ойида Ғозиш-шоир даласида 200 кишини, август ойида Шуайтoт қабиласидан 700 кишини, Делизурда 600 кишини ўлдирдингиз. Улар қуролсиз тинч аҳоли эди. Шу ойда Риққада, Табақа ҳаво аскаргоҳида 250 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, курд аскарларни, ливанлик аскарларни ва бошқа кўпчиликни қатл килдингиз. Биз сизлар ўлдирган одамларнинг хаммасини билмаймиз, лекин Аллоҳ билиб турибди. Бу ишларнинг барчаси улкан ҳарбий жиноятлардир, қабиҳ жиноятлардир. Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи жангларда асирларни қатл қилганлар-ку», дейдиган бўлсангиз, жавоб шуки, у зот алайҳиссалом Бадр жангида икки кишини – Уқба ибн Абу Муайт билан Назр ибн Ҳорисни қатл қилишга буюрганлар. Улар ҳарбий қўмондонлар, ҳарбий жиноятчилар эди. Ҳарбий жиноятчини қатл қилиш ҳокимнинг буйруғи билан жоиздир. Салоҳиддин Айюбий Қуддуси шарифни фатҳ этгач, шундай қилган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтказилган Нюрнберг маҳкамасида ҳам иттифоқдошлар шундай қилишган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб асирларни озод қилиб юборганлар. Ҳаётлари давомида жами 29 та ғазот бўлган бўлса, уларда бирорта ҳам оддий аскар ўлдирилмаган. Аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга яхши муомала қилишга буюрганлар, чунки Муҳаммад сурасида улар ҳақида ҳукм келган:

فَإِمَّا مَنًّا بَعْدُ وَإِمَّا فِدَاءً حَتَّىٰ تَضَعَ الْحَرْبُ أَوْزَارَهَا

«Сўнгра уруш ўз анжомларини қўймагунча, ёки миннат, ёки товон олишдир» (4-оят).

Демак, Аллоҳ таоло асирларни ҳурмат-эҳтиром қилишни буюрган.

Инсон сурасида:

وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَىٰ حُبِّهِ مِسْكِينًا وَيَتِيمًا وَأَسِيرًا

«Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мис кин, етим ва асирларга берарлар» дейилган (8-оят)

Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликни, масалан, 700 кишилик Бану Қурайза қабиласини қатл қилишга буюрганлар», десангиз, жавоб шуки бу буйруқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бўлмаган, балки адолатли маҳкаманинг олий ҳукми бўлган. Таъкидлаш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қози тайинлашни Бану Қурайза нинг ўз ихтиёрига берганлар. Улар ҳукмни ўзларининг иттифоқдоши бўлган Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу чиқарсин, деб талаб қилишган. Шунда улар тайинлаган қози уларнинг зиддига ҳукм чиқарган, яъни қозилик улар ўз эрки билан қилган талаб асосида бўлган. Бану Қурайзани қатл қилишга сабаб уларнинг мусулмонларга қарши уруш қилгани бўлмаган. Балки улар уруш вақтида давлатга, ҳукуматга хиёнат қилганлари учун, бутун мусулмон умматини ўлдиришга жазм қилганлари учун мана шундай жазога тортилганлар, чунки улар ҳам бошқалар каби тенг ҳуқуқли фуқаро бўлишган. Агар бу воқеадан ўзингиз учун суннат ҳукмини чиқариб олиб, уни асирларни қатл қилишга ҳужжат қилсангиз, бундан хурсанд бўлиш керак эмас. Аксинча, сиз бу воқеадан ибрат олиб, айбдорни жазолаш учун ҳукмни қайси маҳкамага топширишни уларнинг ўз ихтиёрига ташлаш суннатини жорий қилишингиз лозим.

Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асирлар борасидаги суннатлари Макка фатҳидаги суннатдир, ана шу суннат барчанинг келишуви билан қабул қилинган бўлиб, у ҳам бўлса афвдан иборатдир. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни одамларга қарата: «Мен сизларга биродарим Юсуф айтган сўзни айтаман: «Энди сизларга ҳайфсан қилиш йўқ. Кетаверинглар, ҳаммангиз озодсиз», деганлар.[9]

Пировардида айтамизки, жиҳоднинг услубларидан бири уруш қилувчилардан бошқаларни қатл қилмасликдир. Уруш қилаётганларнинг ахли оилаларини қатл қилиш жоиз эмас. Урушга қатнашмаётганларни қасддан қатл қилиш мутлақо мумкин эмас. Агар сизлар «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мушрикларнинг асирга тушган аёллари ва болалари ҳақида сўрашганда «Улар ҳам буларнинг бир қисмидир», деганлар», десангиз, жавоб шуки, бу ҳадисда бегуноҳ, одамларни қатл этиб, хатога йўл қўйилган ҳолатта ишора қилади, лекин бугунги кундаги ўз-ўзини портлатиб, бегуноҳ одамларни қасддан ўлдиришга зинҳор ишора қилмайди. «Тавба сурасининг 70, 123-оятларида уларга қарши дағал муомала қилиш ҳақида айтилган» десангиз, бу гаплар бевосита уруш кетаётган пайтига, жанг ҳаракатлари пайтига оиддир, урушдан кейинги ҳолат ҳақида эмас.

Муҳаммад Саъид  Рамазон Бутий бу борада шундай деганлар:

Қуръони каримда келган «жиҳод», «қитол» лафзлари ўзининг истак ва хоҳишлари йўлида адолат меъёрларини бузаётган ва бошқалар устидан ҳукмрон бўлишга уринаётган кимсаларга нисбатан қўлланилган. Агар боғийлар ўзларининг фитнакор истакларидан қайтиб, тинчликни қўллаб-қувватлашса, уларга азият етказишдан тийилиш, тинчликни асраб-авайлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш керак бўлади.

Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида ўз аксини топган:

وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا ۚ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

«Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллох ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай» (Бақара сураси, 190-оят).

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

«Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар» (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Қўштирноқ ичидаги кимсалар Қуръони каримда келган «Қитол», «Жиҳод» сўзларини синчковлик билан ўрганиб, уларнинг сонини санаб, ушбу сўзлардан олдин ҳамда кейин келган жумлаларни кесиб, Қуръони каримни гўё террор манбасига айлантиришади ва: «Қуръони карим инсонларни қитол, боғийлик ва жиҳодга буюрадиган қонунларни ишлаб чиқади», деб хато гумон қилишади. Ундайларнинг кўзлари Қуръони каримда жуда кўп учрайдиган ва такрор-такрор келадиган «афв», «кечирим», «лутф», «адолат» каби сўзларни кўрмайди. Агар бу каби сўзлар санаб чиқилса ва «қитол», «Жиҳод» сўзларининг сонига таққосланса, лутфга далолат қиладиган сўзлар қитол сўзларига нисбатан бир неча баробар кўп экани маълум бўлади. Шунингдек, жумлалар орасидан Юлиб олинган сўзлар луғат бўлиб, ҳали бирор ҳукм ёки қарорга ишлатилмаган бўлади. Гўё, сўзлар ишлов берилмаган хом маҳсулотларга ўхшайди. Сиз уларга қандай ишлов берсангиз, уларни қабул қилади.[10]

 

Тошкент Ислом институти катта ўқитучиси, Эшонгузар жомеъ масжиди имом хатиби,  Убайдуллаев Исломхон

 

Уламоларимизнинг ҳудудларга ташрифлари намозхонларнинг маърифатини, маънавиятини янада юксалтириб, уларга кўтаринки руҳ бағишламоқда.

Бундай суҳбатлар бугун, 8 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманидаги масжидларда давом этди. Унда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонлар билан маърифий суҳбатлар ўтказдилар.

Ана шундай манфаатли мавъиза пешин намозидан сўнг “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари устоз Иброҳимжон домла Иномов йиғилганларга “Уламоларни ҳурматлаш” тўғрисида маъруза қилиб, уломаларнинг даражалари ҳақида бундай деди:

– Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: “Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар”, дедилар» (Ибн Можа ривояти). Ҳадиси шарифнинг маъносидан кўриниб турибдики, Ислом уламолари нафақат бу дунёда, балки энг муҳими у дунёда ҳурматланар, Қиёмат куни уламолар пайғамбарлардан кейинги мартабага эришар эканлар.

Бу ҳадис уламоларнинг охиратдаги мартабалари қанчалик улуғ эканини кўрсатиб турибди. Бу эса олим бўлиш учун қаттиқ ҳаракат қилишга тарғиботдир, – дея сўзида давом этди Иброҳимжон домла. – Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар.

Демак, аҳли илмларни ҳурматлаш, уларнинг ўгитига амал қилиш билан киши камолотга етиши мумкин экан.
Таъсирли мавъизадан сўнг диний масалаларда савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди. Якунда масжидга йиғилганлар қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун Иброҳимжон домлага ўз миннатдорликларини билдирди.

Бундай илмий суҳбат “Кўктерак” масжидида Абдуқаххор домла Юнусов иштирокида ҳам бўлиб, домла йиғилганларга “Тинчлик ва офият неъматлари” ҳақида манфаатли маъруза қилиб бердилар. Исҳоқжон домла Бегматов ҳам “Айри-ота” жоме масжидига ташриф буюриб, бугунги куннинг муҳим мавзуларида таъсирли чиқиш қилдилар. “Ғишт кўприк” масжидига йиғилганлар эса Ҳасан домла Қодировнинг намозни мукаммал бўлиши учун зарур масалалар ҳақидаги мавъизасидан баҳраманд бўлдилар.

Диний-маърифий суҳбатлар хуфтон намозларидан сўнг ҳам давом этди. Унда “Зуннурайн” жоме масжиди жамоаси Закариё домла Ҳафизуллаевнинг “Мусулмон киши гўзал ахлоқ эгаси бўлиши лозим” ҳамда масжид қурган кишига бериладиган мукофотлар тўғрисида маърузаларидан катта манфаат олдилар. “Мирҳалил ҳожи ота” масжидига ташриф буюрганлар эса Ибн Турсун Билол қорининг "Aллоҳ таоло бандаларига беҳад меҳрибон зотдир" мавзусидаги маърифий суҳбатидан қаттиқ таъсирланиб, Аллоҳга бўлган муҳаббатлари янада зиёда бўлди. Шу билан бирга жамоатдан берилган саволларга домла батафсил жавоб бериб барчани мамнун этдилар. Суҳбатдан ҳамма мамнун бўлиб, ташаккур айтдилар.

Бахтиёр домла Сатторовнинг “Рамадон” жоме масжидидаги "Исломда омонатдорлик" ҳақида маъизаси ҳам жамоатда катта таассурот қолдириб, олди-берди масалаларида хушёр бўлишга ундади. “Раҳбар ота Акбар ўғли” жоме масжидига ташриф буюрган Зиёвуддин домла Мирсодиқов йиғилганларга "Аллоҳга шукр қилувчи бўлишнинг фазилати" мавзусида суҳбат қилиб, ҳар бир неъматга шукрлар айтиш кераклигини таъкидладилар. Муҳаммадраҳим домла Абдуқодировнинг “Раҳим-ота” масжидидаги "Амаллар ниятга боғлиқдир" ҳақидаги илмий маърузаси ҳам барча учун қизиқарли бўлиб, кўплаб манфаатлар олишга сабаб бўлди.

Халққа манзур бўлаётган бундай илмий суҳбатлар яна давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қадимдаги мамлакатларнинг ҳолатига кўра чиқарилган Дорул Ислом ва дорул куфр атамалари ва тушунчалар бугуннинг воқеълигига юз фоиз тўғри кела олмайди. Шундай экан, мазкур тушунчаларни исталган жойга татбиқ қилиш ҳам тўғри бўлмайди.

Чунки, имом Абу Ҳанифанинг икки издошлари Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийга кўра, дорул ислом деганда ислом аҳкомлари зоҳир бўлган жойлар, дорул куфр деганда эса куфр аҳкомлари ҳукмрон бўлган жойлар тушунилади. Ваҳоланки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, бирор ерни Ислом ёки куфр диёри деб аташ учун айнан у ерда Ислом ёки куфр ҳукмларининг амалда бўлиши эмас балки, мусулмонларнинг омонда ёки хавфда бўлишлари асосдир.

Масала асл-таги ихтилофли экан, бу ўринда бирини қўйиб, иккинчисига қаттиқ ёпишиб олиш нотўғридир. Иккинчидан, соҳибайннинг масаладаги мазҳаби Ибн Обидийн айтганларидек, қиёсга мувофиқ, холос. Яъни, луғат ва мантиқ жиҳатидан ҳам бирор ерни Исломга нисбат бериш учун у ерда Ислом ҳукми ошкора бўлиши лозим эди. Аммо, бу бирламчи қиёс ва зеҳнга мутабодир бўлиб, асл воқеъликни акс эттирмаслиги мумкин.

Бу масалада имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари кўп олимлар томонидан эътироф ва қабул этилган.

Ҳанафий фақиҳларининг фатволарига таяниб юртимизни «дорул ислом» (мусулмон мамлакат) дейишга тўла ҳақлимиз. Зеро, истиқлол шунча эркинликлар берди, юзлаб масжидлар очилди, алломалар номи тикланди, ибодат учун эмин-эркин шароитлар яратилди. Давлат бошлиғи олиб бораётган сиёсатни, нафақат дин соҳасида, балки халқ маънавияти, иқтисодиёти, ёшлар камолоти, мамлакат турмушини енгил қилиш бўйича дастурини бутун дунё ўрганиб, эътироф этмоқда.

Ҳозирги пайтда пайдо бўлган оқим ва фирқаларнинг даъволари шаръан асоссиздир. Ислом дини душманлари қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, ўз аъзоларини жангариликка ўргатиб, уларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар билмайдиларки, Аллоҳ ҳақ томонида ва уни Ўзи ҳимоя қилади ва айтадики: «Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур. Ўзига Аллоҳдан ўзга на бирор дўст топади ва на бирор ёрдамчи»[1], яна бир оятда: «Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбға чиқарур»[2], дейди. Одам улдириш динимизда улкан гуноҳҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлиши таъкидланади. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мумин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Динимизда фитна, фасод, ғийбат тарқатиш ҳам улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Улуғ бобомиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши шундай инсонки, унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдилар», деганлар[3].

Ислом дини инсонларни зўрлаб динга киритишни ёқламайди. Қуръони каримда: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...»[4], деб марҳамат қилинган. Албатта, бу Конституциямизда ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деб таъкидланган. Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, хуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган.

Мўмин-мусулмон киши диний ишларида Аллоҳ ва расулига итоат этмоғи лозимдир. Чунки диний ишлар илоҳий таълимотга асосланган бўлиб, улар фақат пайғамбар орқали билинади. Аммо дунёвий ишларда эса инсонлар ҳаёт тарзларини бир тартибга солишлари, келажак ишларини режалаштириб олишлари учун ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда низом ва қоидаларни жорий қилишлари ва унга амал қилиб яшашлари ҳаёт учун зарурдир. Бу ҳақда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга фақат диний ишларингизни таълим бериш учун келганман, дунёвий ишларингизни ўзларингиз мендан кўра яхшироқ биласизлар», деганлар. Яна бир ҳадиси шарифларида: «Мен ҳам бир инсондирман, агар сизларга диний ишлар бўйича бирор нарсага буюрсам, олингиз, ўз фикрим ва раъйим билан буюрган бўлсам инсон эканлигимни ҳисобга олингиз», деб марҳамат қилганлар[5].

Юқоридаги фикрлардан шуни айтиш мумкинки, турли ақидапараст, динни ниқоб қилиб, сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётган гуруҳларга қарши ғоявий курашда, ёшларимизни исломнинг маърифий тамойиллари, инсонпарварлик ва ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ўта муҳим вазифа ҳисобланади.

 

Шермуҳаммад домла Болтаев,

Хоразм вилояти, Шовот тумани

Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби

 

[1] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Нисо сураси 123-оят.

[2] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Юнус сураси 82-оят.

[3] Ўша асар. –Б.255.

[4] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Бақара сураси 256-оят.

[5] Ўша асар. –Б.256.

Страница 34 из 1850
Top