muslim.uz

muslim.uz

Индонезия сиёсий ахборот агентлигининг янгиликлар сайтида Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва маънавий мероси, ўзбек халқининг буюк аждодларининг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига бағишланган мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи Сара Мейлиана Гунаван Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатида танилганини таъкидлайди. Бу ерда номлари бутун дунёга донғи кетган кўплаб таниқли ислом арбоблари ва олимлари туғилган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 810 йилда Бухорода туғилган машҳур ҳадисшунос олимдир. Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси Самарқандда жойлашган. Ундан ташқари ислом дунёсида аслида келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган буюк зотларнинг узун рўйхати ҳам бор.

Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг ихтироларидан бири - алгебра ҳали ҳам бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. У 780 йилда бутун дунёга машҳур Хоразмда туғилган.
Яна бир кўзга кўринган мусулмон олими, замонавий тиббиётнинг отаси Ибн Сино 980 йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган бўлиб, у ҳам замонавий Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Бой илмий меросга эга буюк алломаларнинг номлари Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам ислом цивилизациясининг маркази эканлиги инкор этиб бўлмас далиллардан биридир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Нурали домла Мавланов

Вторник, 18 Май 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли адиб, Ислом дини маърифатига бағишланган китоблар ва мақолалар муаллифи Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Аллоҳ таоло марҳум адибнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Шу йил 16 май куни Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Меҳмонларни Термиз шаҳридаги Ўзбекистон–Афғонистон чегара постида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ғуломжон Ҳолбоев, Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва бошқа мутасаддилар кутиб олди.

Афғонистон делегацияси вакиллари бугун, 17 май куни Тошкент шаҳрига етиб келди. Шу куни Афғонистон делегацияси “Минор” масжидини зиёрат қилиб, пешин намозини адо этишди.

Ташриф давомида афғонистонлик меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашув, “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этиши ва юртимиздаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишлари режа қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 17 Май 2021 00:00

Бухорода 19-асрга оид масжид топилди

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Шўработ” МФЙда қурилганига қарийб 150 йил бўлган масжид топилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Шўработ” МФЙ раисининг мурожаатига асосан маҳалла ҳудудида жойлашган қадимги масжид биноси Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассисилари томонидан жойида ўрганилган.

Аниқланишича, масжид биноси ХIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1884-1885 йилларда маҳалла гузар масжиди сифатида қурилган бўлиб, уч асрлик тарихга эга. Масжид ёғоч конструкцияли бўлиб, квадрат шаклли бир устунли, ўймакори тўсин ва васса ёпилган. Устун, тўсин ва “боғдоди” эшиклари ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. “Г” ҳарфи шаклидаги етти устунли айвони ҳозирда сақланмаган, унинг ўрнида ХХ аср охирларида қурилган айвон мавжуд.

Ҳозирги кунда ушбу масжидда қишлоқ кутубхонаси (Қоракўл тумани кутубхонаси филиали) жойлашган.

Шунингдек, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Бадиий экспертиза бўлими бошлиғи У.Жумаев томонидан маҳалла раиси Ш.Хакимов, қишлоқ оқсоқоли Н.Аширов, “Қадимги Пойкент шаҳри тарихи” музейи директори Н.Собиров иштирокида илмий ўрганиш ишлари ўтказилган. Натижада масжид устунига ўйиб ёзилган тарихий ёзув, араб алифбоси асосидаги форс тилида насталиҳ хатидаги ёзув эканлиги ва у қуйидаги мазмунга эга эканлиги аниқланди:

Форс тилида “Ин масжидро бино кард Рўзибой ибн Ғайбуллобой 1304” яъни, “Бу масжид Ғайбуллобой ўғли Рўзибой томонидан ҳижрий 1304 йилда қурдирилган” деган сўзлар ёзилган.

Ушбу ёзувлар асосида хулоса қилиб айтганда, мазкур масжид тарихий ва бадиий қийматга эга эканлигини инобатга олиб, уни моддий маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 
 
 
Включить звук
 
 
 
 
 


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top