Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода 19-асрга оид масжид топилди

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Шўработ” МФЙда қурилганига қарийб 150 йил бўлган масжид топилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Шўработ” МФЙ раисининг мурожаатига асосан маҳалла ҳудудида жойлашган қадимги масжид биноси Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассисилари томонидан жойида ўрганилган.

Аниқланишича, масжид биноси ХIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1884-1885 йилларда маҳалла гузар масжиди сифатида қурилган бўлиб, уч асрлик тарихга эга. Масжид ёғоч конструкцияли бўлиб, квадрат шаклли бир устунли, ўймакори тўсин ва васса ёпилган. Устун, тўсин ва “боғдоди” эшиклари ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. “Г” ҳарфи шаклидаги етти устунли айвони ҳозирда сақланмаган, унинг ўрнида ХХ аср охирларида қурилган айвон мавжуд.

Ҳозирги кунда ушбу масжидда қишлоқ кутубхонаси (Қоракўл тумани кутубхонаси филиали) жойлашган.

Шунингдек, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Бадиий экспертиза бўлими бошлиғи У.Жумаев томонидан маҳалла раиси Ш.Хакимов, қишлоқ оқсоқоли Н.Аширов, “Қадимги Пойкент шаҳри тарихи” музейи директори Н.Собиров иштирокида илмий ўрганиш ишлари ўтказилган. Натижада масжид устунига ўйиб ёзилган тарихий ёзув, араб алифбоси асосидаги форс тилида насталиҳ хатидаги ёзув эканлиги ва у қуйидаги мазмунга эга эканлиги аниқланди:

Форс тилида “Ин масжидро бино кард Рўзибой ибн Ғайбуллобой 1304” яъни, “Бу масжид Ғайбуллобой ўғли Рўзибой томонидан ҳижрий 1304 йилда қурдирилган” деган сўзлар ёзилган.

Ушбу ёзувлар асосида хулоса қилиб айтганда, мазкур масжид тарихий ва бадиий қийматга эга эканлигини инобатга олиб, уни моддий маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 
 
 
Включить звук
 
 
 
 
 


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1419 марта ўқилди

Янгиликлар

Top