muslim.uz

muslim.uz

Инсон бу ҳаётда билиб-билмай хатога йўл қўяди. Кимдир пушаймон бўлиб тўғри йўлга қайтади, кимдир эса йўқ.

Мамлакатимизда ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг афв этилиши халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳам инсонпарварликдан далолатдир.

Афв этилганлар орасида 6 нафар фарғоналик маҳкумлар ҳам бўлиб, уларнинг ўз уйларига қайтарилиши байрам кунларида оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.

ЎзА хабарига кўра, Ёзёвон туманилик Ҳасанбой Мерожов шулардан бири. У ҳаётда тўғри йўлдан адашди, диний оқим таъсирига тушиб қолди. 1999 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ҳукми билан ўн етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси тартибида 5 йил 15 кун муддатга қўшимча озодликдан маҳрум этилган.

У қилмишидан чин пушаймонлиги боис афв этилиб, оиласи бағрига қайтди.
– Ҳаёт улуғ неъмат эканлигини кеч тушундим, аммо барибир англадим, – дейди у. – Оилам, яқинларим бағрига қайтишдан ортиқ саодат борми?! Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдорман. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишларимни ўйлаб, хатоимни тушуниб етдим ва пушаймон бўлдим. Ҳунармандчилик билан шуғулланиш ниятидаман.

Бугунги кунда афв этилганларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш долзарб вазифалардан саналади. Вилоят ИИБ пробация бошқармаси томонидан бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, уларга бир марталик кўмак пули берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди. Айни кунларда иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳа қолмади. Қайси бир жабҳани олмайлик, қулайлик ва тезкорлик бобида замонавий ахборот технологиялари катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу технологиялар нафақат илм соҳасида, балки соф Ислом таълимотларини тарғиб этишда, уни кенг оммага етказишда ҳам муҳим рол ўнамоқда. 2021 йил 27 март куни «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом таълимотларини, шайх ҳазратларининг бой илмий меросини халқимизга тақдим этиб келаётган islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Қуръони Каримнинг «Алақ» сураси ва юртимизнинг мўътабар гўшалари, шайх ҳазратларининг илмий меросларини ифода этувчи видеоролик билан бошланди.

Тақдимотга шайх ҳазратларининг шогирдлари, мухлислари бир қатор азиз меҳмонлар, журналист ва блогерлар ташриф буюришди.

Ушбу тақдимотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов очиб берди. «Islom.uz» портали бугунги кунда мўмин мусулмонларга мўътадил Исломни, соф ақийдани, иймон тушунчаларини ўргатадиган манба сифатида хизмат қилиб келмоқда», дея таъкидлади Муҳаммад Айюб домла.

Сўнгра islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бошланди. Ўз соҳасанинг мутахассиси бўлган ёш дастурчиларимиз аввал яратилган ва давом этиб турган мобил дастурлар, шунингдек, иловаларга киритилган янгиликлар, ундан қандай фойдаланиш кераклиги, қулайликлари, келгуси режалар ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар.

Тадбирда «Islom.uz», «Hilol e-Book», «Oлтин силсила», «Қуръони Карим», «Тафсири Ҳилол», «Зикр аҳлидан сўранг», «Абдураҳмон Қуръон», Абдулмалик Қуръон», «Қуръон тартили», «Намоз», «Зикр ва дуолар», «Жавоҳир (арабча-ўзбекча луғат)» каби иловалар тақдим қилинди.

Порталнинг ҳар бир иловаси ҳақида видеоролик тайёрланиб, меҳмонларга намойиш этиб борилди.

Тақдим этилган иловалар ҳақида журналист ва блогерлар ҳамда меҳмонлардан йўлланган саволларга дастурчиларимиз томонидан етарлича жавоблар бериб борилди. Шунингдек, қатнашувчилар таклиф ва мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.

Ёш дастурчиларимиз халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, Ислом зиёсини кенг оммага тарқатиш, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, асарларидаги юксак инсоний ғояларни ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган жиҳатларни тадқиқ этиш, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларимизни зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, замонавий ахборот воситалари, илмий инновациялар соҳасидаги ютуқларни ўрганиш ва фойдаланишни тарғиб қилишга қўшган ҳиссалари учун islom.uz портали томонидан ташаккурнома билан тақдирландилар. Ташаккурномаларни «Ҳилол нашр» нашриёти ва islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ ўз эгаларига топширдилар.

Islom.uz портали раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ  журналист ва мухлислар томонидан иловалар ҳақида берилган таклиф ва мулоҳазаларга ташаккур билдириб, келгусида бўладиган режалар ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, тақдимотда Муҳаммад қори Айюб яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойининг фазилатига оид нашидлар айтиб берди.

Тадбирда «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқиб, islom.uz портали яратилиш тарихи, ижодкорлари ҳақида маълумотларни айтиб ўтди. Шу билан бир қаторда Ҳасанхон Яҳё қори илм учун қўлдан келганча ёрдам беришга ҳамда илм ўрганаётган ва ўргатаётган инсонларни имкон бўлса моддий томонлама қўллаб туришга, илм ривожи учун Аллоҳ йўлида доимо камарбаста бўлиб хизмат қилишга, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишни таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, islom.uz сайтида янги «minbar.islom.uz» деб номланувчи бўлим ишга тушиши ҳақида айтиб ўтилди. Ушбу бўлим юртимиз уламоларини бир майдонда бирлаштириб, устозлар, домлалар, имомлар ва илм аҳлларининг соф Ислом таълимотларига асосланган илмий-маърифий мақолалари, аудио ҳамда видеороликлари ўзбекзабон диндошларимизга тақдим этиб борилиши айтилди.

Тақдимот маросими islom.uz порталининг ижтимоий саҳифаларида ва онлайн тарзда эфирга узатилди.

Тадбир сўнгида Қуръон тиловати ўқилиб, дуолар қилинди.

 

islom.uz

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Саудиялик эркакларга қироллик ҳукумати 4 мамлакатда туғилган аёллар билан никоҳни таъқиқлаб қўйди. Булар Покистон, Бангладеш, Чад ва Мьянма давлатларидир. Саудия Арабистонида бу 4 давлатнинг ярим миллионга яқин аҳолиси бор ва шундай қилиб расмийлар етарли даражада куёвларларга эга бўлмаган қиролликнинг туб аёллари аҳволига таъсир ўтказишга қарор қилди, дея хабар бермоқда IslamNews GulfNews га таяниб.

Саудия ҳукумати чет эллик аёллар билан никоҳларга қарши курашиш учун барча чораларни кўрмоқда - чет элдан аёлларга уйланмоқчи бўлганлар кўплаб бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишлари керак.

Ажрашган эркаклар ажралишдан кейин 6 ой ичида бундай никоҳга ариза бериш ва 25 ёшга тўлмаган саудияликларга чет эллик аёлга уйланишга рухсат берилмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 29 Март 2021 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада хизмат қилган Жалолиддин домла Нуриддиновнинг волидаи муҳтарамалари Маҳфузахон ҳожи она вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Табаррук ёшда охират сафарига кузатилган ҳожи она эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзандларни ўстирдилар, тарбияладилар.

Аллоҳ таоло ҳожи онанинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Жаноза намози 2021 йил 29 март, душанба куни соат 15:00 да Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган "Саид ота" қабристонида ўқилади (ота ҳовлилари яқинида).

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Top