muslim.uz

muslim.uz

Дунёдаги энг баланд бўйли одам Мардин (Туркия) шаҳрилик Султон Косен муфтийдан совға олди. Унинг учун махсус тарзда тайёрланган жойнамоз, тасбеҳ ва Қуръони Каримнинг нусхасини совға қилди.

Islam.ru маълумотларига кўра, туркиялик фермер Султон Косен бугунги кунда дунёдаги энг баланд одам сифатида Гиннеснинг рекордлар китобида рўйхатга олинган. Унинг бўйи 251 см келади. У ўз рекордини 12 йил давомида ушлаб келмоқда. Муфтий Али Хайри Челик ва унинг ёрдамчиси Али Четин Султон Косенга намоз ўқиш қулай бўлиши учун 2 метрлик жойнамозни топширди. У, шунингдек, қўлида ушлаши осон бўлиши учун катта маржонли тасбеҳни олди, чунки рекорд соҳибининг кафтларининг узунлиги ҳам одатий меъёрлардан фарқ қилади. Бундан ташқари, дунёдаги энг баланд бўйли одамга катта Қуръон совға қилинди.

Султон Косен меҳмонлар билан жамоат намозини адо этиб, дуолар қилди. Султон муфтият вакилларига совғалар учун миннатдорчилик билдириб: "Мен кесилган гиламнинг бир бўлагида намоз ўқиётган эдим. Мен олдин бундай катта тасбеҳни кўрмаганман. Қуръонни ҳам олдим. Ҳамма нарса учун раҳмат", - деди.

Али Хайри Челик сўзларига кўра, совғалар ер юзидаги энг баланд одамга сажда қилиш шароитларини янада қулайроқ қилиш учун тайёрланган. "Аллоҳ уни бу дунёда ер юзидаги энг баланд одам қилиб қўйгани каби, уни ҳам жаннатдан маҳрум қилмасин ва барчаларимизни ўша ерда тўпласин, Иншааллоҳ", - деб хулоса қилди муфтий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, дин ниқобидаги экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин ҳиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳақини бермаган киши”.

Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган.

Ҳозир ИШИД таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган.Аслида “ҳижрат” луғатда “кўчиш, бирон нарсадан ажраш, тарк этиш” маъноларини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги бир гуруҳ мусулмонлар жамоасининг Қурайш тазийқидан қутилиш мақсадида Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига ҳижрат дейилади.

Ақидапарастлар ёшларни авраб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, умуман, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва фуқаролар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир. Инсонларни тинч ва осойишта диёрдан дин номидан қотилликлар ошкора қилинаётган фитна маконларига чорлашдек қабиҳ иш ҳеч қачон “Хижрат” бўла олмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қатъий қайтаради.

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод килмокда деса бўлади. Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади.

Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

Дин ниқобидаги экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солиб келмоқда. Жумладан, дин ниқобидаги экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс: оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади; Жамиятдаги ижтимоий мавқеини йўқотади, чуқур илм олиш, яхши касб эгас бўлиш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш имкониятларидан айрилади. Ўз навбатида, дин ниқобидаги экстремистик ғоя ва ёт диний қарашларнинг жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит ва тадрижий ривожланишга зарарли таъсири эса ёшлар хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади; жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

Хорижга иш ахтариб кетган айрим ёшларимиз дин ниқобидаги экстремистик оқим аъзоларининг таъсирига тушиб, юртга қайтгандан сўнг ён-атрофдагилардан “жамоат” тузишга, уларни “ҳижрат”га олиб чиқишга қаратилган ҳаракатлар содир этаётгани кузатилмоқда. Албатта, иш жойи танлаш ҳуқуқи ҳар ким учун кафолатланган, бироқ ҳозирда айрим хорижга кетганларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолаётгани, хору зор бўлиб, бирон нарса орттириб қайтиш ўрнига боридан ҳам айрилиб келаётани ҳам бор гап. Энг ёмони пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун Сурия, Афғонистон каби каби низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

Вазиятнинг бундай таҳликали ўзгариб бориши республикамизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Бунинг учун эса, бугунги кунда фарзандларимизнинг илмий савиялари, айниқса дунёвий илмлари билан баробар даражада, Ислом дини илмлари билан ҳам маънавий қуроллантириб боришимиз лозим. Чунки бу бугунги кундаги эътиқодий муаммоларнинг ечими бўлиши билан аҳамиятли, долзарб ва асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз муҳим вазифамиздир.

 Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир. Бунинг учун эса ҳар бир ота-она муқаддас динимиз таълимотларини эътироф этилган манбалар асосида ўзлари ҳам яхши билиш баробарида фарзандларига ҳам ўргатишлари лозимдир.

Х.Хайтбоев

Янгибозор тумани “Саид Кучак бобо” масжиди имом-хатиби

Ҳиндистон етакчи нашрларидан бири – "Times of India" газетасининг электрон саҳифасида "Ўзбекистондаги энг машҳур саёҳат манзиллари" («Travel-worthy destinations in Uzbekistan») сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Панчали Дей муаллифлигидаги мақола ўқувчиларни Ўзбекистоннинг бой тарихи, хусусан, қадимий шаҳар ва меъморий ёдгорликлар билан таништирган.

Унда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарлари билан машҳур бўлган Ўзбекистон, шубҳасиз, хорижий сайёҳлар ташрифи учун энг севимли жойлардан бири экани қайд этилган.

«Ўзбекистон майдони жиҳатидан Буюк Британиядан икки баравар катта бўлиб, ўзининг қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан диққатга сазовор. Ҳозирда мазкур мамлакатдаги 4 та тарихий мажмуа ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса, 6 та номоддий мерос ЮНЕСКО Номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган», деб ёзади муалллиф.

П.Дей Ўзбекистонга саёҳат қилганда, унинг назарида, албатта кўриш шарт бўлган кўплаб манзиллар ҳақида маълумот келтирган.

Материалда Шарқ гавҳари - Самарқанд шаҳрига оид маълумотларга кенг ўрин ажратилган.

Муаллифнинг фикрича, Самарқанд – маданиятлар чорраҳасидир. Гарчи бу ном ушбу манзилга саёҳат режалаштираётганингизда тасаввурингизда қадимий даврлар образини уйғотсада, Самарқанд қадимий анъаналарни сақлаб келаётган замонавий гавжум шаҳар ҳисобланади.

«Бу ерда бўлган вақтингизда шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик марказлари: Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мажмуаси, Амир Темур, Бибихоним мақбараларини кўрмай кета олмайсиз», деб қайд этади муаллиф.

Мақолада Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг тарихий аҳамияти билан бир қаторда бугунги замонавий ривожланишига эътибор қаратилган.

«Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти ва шу билан биргаликда Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳардир,- деб ёзади П.Дей. - Мазкур шаҳар ўзида кўпмиллатли аҳолиси ва маданий ранг-барангликни сақлаб қола олган, узоқ тарихи давомида сиёсий, ижтимоий, диний ўзгаришларнинг гувоҳи бўлган».

Муаллиф шаҳар ўзининг узоқ тарихи давомида турли сабабларга кўра бир неча маротаба қайта қурилгани, жумладан, 1966 йилда рўй берган зилзила шаҳарга жиддий талофот етказгани ҳақида маълумотлар келтирган.

Мамлакатимиз тарихий шаҳарлари ва туризм салоҳиятига бағишланган мазкур мақоладан ўқувчилар Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарлари тарихи, зиёрат манзиллари ҳақида ҳам билиб олиши мумкин.

«Термиз шаҳри бугунги рўйхатимиздан жой олишга ҳар томонлама ҳақлидир. Мазкур шаҳарга келгач, Термиз археологик музейига, албатта, ташриф буюринг. Ундан сўнг «Кампиртепа» ва «Фаёзтепа» каби машҳур тарихий обидаларга саёҳат режалаштиринг», деб қайд этган «Times of India».

Маълумот учун, «Times of India» газетаси мамлакатдаги инглиз тилида чоп этиладиган оммабоп нашрлардан бири ҳисобланади. Газетанинг кунлик адади 3 миллиондан ошади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳақиқатларни билиб, басийрат кўзи билан кўришдан тўсувчи икки сабабни Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги ҳадисда зикр қилганлар.

«Агар қалбларингиз (дунёга машғул бўлиб, Аллоҳдан узилиш каби нарсалар билан) пароканда бўлмаганида ва (ботил ва кераксиз) сўзларни кўпайтирмаганида, аниқки мен эшитган нарсаларни эшитган бўлардингиз», деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ кимга ҳикмат ва қалб кўзи очилишини насиб қилишини истаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига амал қилсин. Шунда унинг пароканда қалби Аллоҳга боғланади ва эҳтиёж тушган сўзларни гапиради холос. Агар тили қалби билан жам бўлгани ҳолда зикрга машғул бўлса, иншааллоҳ, юқорида истаган нарсаси унга насиб қилади.

Изоҳ: – Арабча «басийрат» сўзи «ақл-идрок», «заковат», «қалб кўзи», «тажриба», «ҳужжат», «ибрат» каби маъноларни англатади.

Басийрат соҳибида қалб кўзи очилиб, бу олам ва борлиқни олдингига нисбатан бошқача идрок этади, бу оламнинг сир ва жумбоқлари моҳиятини англайди.

 

Манба: arabic.uz

2021 йил 27 март куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом таълимотларини, шайх ҳазратларининг бой илмий меросини халқимизга тақдим этиб келаётган islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтади.

Тадбирда «Islom.uz», «Hilol eBook», «Oлтин силсила», «Қуръони Карим», «Тафсири Ҳилол», «Зикр аҳлидан сўранг», «Абдураҳмон Қуръон», Абдулмалик Қуръон», «Қуръон тартили», «Намоз», «Зикр ва дуолар» каби иловалар тақдим қилинади.
Иштирокчилар тақдимотга таклифнома асосида киритилади.
Тақдимот маросими islom.uz порталининг ижтимоий саҳифаларида онлайн тарзда эфирга узатилади.

Тақдимот «Ҳилол-Нашр» нашриётининг мажлислар залида соат 14:00 да бошланади.

Манзил: Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Сўгалли ота кўчаси, 5-уй.

Islom.uz

Top