muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 04 Апрель 2021 00:00

РЎЗАНИНГ СУННАТ, МАКРУҲ ВА МУФСИДЛАРИ

– Рўза тутган кишига қандай ишларни қилиш суннат?
– Саҳарлик қилиш; субҳдан илгари рўзага ният қилиш; рўза билан нафсни ёмон ниятлардан тўхтатишни қасд қилиш; рўза бўлган ҳолда бефойда сўзлардан ҳамда ибосиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; киши билан уришмоқдан ва ҳар бир гуноҳ ишлардан ўзини тортиш; мумкин қадар зикр ва тасбеҳ ила ва ҳам Қуръон ўқимоққа машғул бўлиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқимасдан илгари оғиз очиш суннатдир.

– Рўза тутган кишиларга қандай ишлар макруҳ ҳисобланади?
– Фойдасиз сўзларни сўзлаш; ибосиз сўзларни сўзлаш; одамлар билан ёқалашиш; ҳаммомга тушиш; сувга шўнғиш; таомни татиб кўриш; ўтар рўза, яъни бир кун кечгача рўза тутиб оғиз очмасдан иккинчи кун рўзасини давом эттириш каби ишлар макруҳ.

– Рўза тутган кишига қандай ишларни қилиш дуруст бўлади?
– Сотиб оладиган нарсаларни тил теккизиб татиб кўриш, зарур бўлганда таом чайнаб бериш, кўзига сурма тортиш, юзини мойлаш, мисвокдан фойдаланиш, қон олдириш, зулук солдириш, обдаста билан ғусл қилиш, совун билан покланиш дуруст бўлади, макруҳ эмас.

– Рўзани қандай нарсалар бузади?
– Кунжут қадар бўлса ҳам, таом ейиш; бир қатра бўлса ҳам, сув ичиш; эр билан хотиннинг якинлик қилиши рўзани бузади.

– Бир киши ўзининг рўза эканини била туриб ихтиёрий равишда рўзани бузадиган ишларни биринчи марта қилса, у киши нима қилиши лозим?
– Рўзасининг қазосини тутиши ва ҳам каффорат қилиши лозим.

"Ибодати исломия"дан.

Ўзбекистон Саудия Арабистонига заъфарон савдосини йўлга қўйиши ҳақида хабар берган эдик. Бу савдо алоқалари кундан-кунга ривожланиб бормоқда жумладан, Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов миллий маҳсулотларни Саудия бозорига экспортини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун Саудия Арабистонининг “Edweiat” компанияси раиси Сулаймон Ас-Самарий билан учрашди.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, “Edweiat” компанияси подшоҳликда табиий ва органик маҳсулотлар савдоси билан шуғулланади. Компания раҳбари Сулаймон Ас-Самарий эса Ўзбекистонда “Меҳригиё” бренди остида гиёҳлар ва табиий ўсимликлардан тайёрланган турли маҳсулотларни Саудия Арабистонидаги дилери этиб тайинланган.

“Меҳригиё” компанияси маҳсулотларига катта қизиқиш билан қараши бежиз эмаслигини Ас-Самарий таъкидлаб: “Компания кичик корхона шаклида ташкил етилган бўлиб, сўнг фитотерапия ва муқобил тиббиёт соҳаси мутахассислари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, замонавий фармацевтика ва қадимий Шарқ табобатининг илмий ютуқларини ўзида мужассам қилган. Ҳозирда ушбу бренд Ўзбекистоннинг ички бозорида ҳамда чет давлатларда саломатлик ва гўзаллик учун илғор маҳсулотларни тақдим этишга муваффақ бўлмоқда”, - деди у.

Мазкур соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганидан Саудиялик ишбилармон мамнун эканини ва у мамлакатимизга ташрифи  давомида маҳсулот тайёрлаш жараёнини яқиндан кузатганини айтган. Мулоқотда дастлабки босқичда Ар-Риёд шаҳрида “Меҳригиё” маҳсулотлари савдоси учун махсус дўкон ташкил этилиши ва унинг очилиш  маросимини ўзбек бренди асосчилари иштирокида ўтказилишини маълум қилган.

 

azon.uz

Суббота, 03 Апрель 2021 00:00

Иймон ўзи нима? (аудио)

Устоз Исҳоқжон Муҳаммад Домла

Суббота, 03 Апрель 2021 00:00

Даврий нашрларда: Мьянмада Ислом

Мьянма Республикаси – Жануби-шарқий Осиёда, Ҳинди­хитой ярим оролининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. Майдони – 678,5 минг км2. Аҳолиси 42 миллион киши. Пойтахти – Янгон шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 14 маъмурий ҳудудга бўлинади.

Давлат тузуми – республика. Конституцияга биноан, давлат бошлиғи – президент, қонун чиқарувчи ҳокимият – Миллат мажлиси; ижро ҳокимияти ҳукумат зиммасида.

Табиати. Мьянма – тоғли мамлакат. Энг баланд жойи 5881 метр (Кхакаборази тоғи). Шарқида Шан тоғи ва унинг денгиз бўйигача чўзилган тизмалари, ғарбида Ракхайн (Аракан-Йома), Паткай ва бошқа тизмалар бор.

Йирик шаҳарлари: Янгон, Мандалай, Моламьян.

Мьянма 1948 йилдан бери БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипло­матик муносабатлари 2001 йил февралда ўрнатилган.

Аҳолиси. Мьянма – кўп миллатли давлат. Мамлакатда 76 га яқин миллат ва элат бор. Мьянмада (бирмаликлар) карен, шан, чин, качин, мон ва бошқа халқлар яшайди. Ҳиндлар, хитойлар, европаликлар (асосан, инглизлар) ҳам бор. Расмий тили – мьянма тили. Диндорлари, асосан, буддавийлар (70 фоиз), мусулмон, ҳинду ва насроний жамоалари ҳам бор.

Мьянмада мусулмонлар сони 2,5 мил­лиондан зиёд. Мамлакат аҳолисининг 4,3 фоизини ташкил қилади. Шундан роҳинжа мусулмонлари 1 миллион нафардан ортиқ.

Мьянманинг шимоли-ғарбидаги Рак­хайн штатида мусулмон-роҳинжаларга қарши зўравонликлар кузатилган. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 4 йил мобай­нида мазкур минтақадаги 120 минг одам тазйиқлар туфайли ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти баёноти­да Мьянма­да давом этаётган мантиқсиз воқеаларга нисбатан ўз ёндашувини бил­дириб, мам­лакатдан роҳинжа-мусулмон­ларининг қувилиши, уларни ўлдириш билан қўр­қитиш, ўз ерларида яшаш ҳуқуқидан маҳ­рум қилиш жиноят экани таъкидланган.

Маълумотларга кўра, Мьянманинг Ара­кан вилоятида табиий бойликларнинг жу­да катта ерости захираси мавжуд. Айнан роҳинжа аҳолиси яшайдиган ҳудудда 1,2 триллион куб-метр табиий газ ва 2,1 миллиард бар­рель нефть конлари борлиги тахмин қи­линмоқда. Бу эса минтақада давом этаётган можароларнинг асл сабабини илғашга им­кон беради.

Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдириб, 2017 йил 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлар­дан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етка­зиб берган. Бу инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқ эҳтиёжини қондиришга хиз­мат қилган.

Нурмуҳаммад НОСИРОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

Суббота, 03 Апрель 2021 00:00

ҚАЗО ВА КАФФОРАТ

– Рўзани қазо қилиш дегани нима?
– Бузилган рўзасининг ўрнига рамазондан кейин рўза тутишдир. Неча кун рўзаси
бузилган бўлса, ўшанча кун рўза тутади.

– Каффорат қилиш дегани нима?
– Бир қул озод қилиш, агар бунга қодир бўлмаса, рамазондан кейин орада бирор кун қолдирмай, муттасил олтмиш кун рўза тутиш, агар заифлик ва нотавонлик сабабидан олтмиш кун рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш – каффорат қилишдир.

– Олтмиш кун рўза муттасил бўлмаса, каффоратга кифоя қиладими?
– Кифоя қилмайди, каффоратга олтмиш кун муттасил бўлиши лозим.

– Бир киши каффорат учун рўза тута бошласа, олтмиш кунга етмасдан бирор кун рўза тутмай қолса, нима қилади?
– Каффорат учун янгидан бошлаб олтмиш кун муттасил рўза тутади, аввалги тутган рўзаси каффоратга кирмайди.

– Бир киши ният билан тутган рамазон рўзасидан бир неча кунни хато қилиб бузса, масалан, тўрт-беш кунни хато қилса, нима қилиши лозим?
– Ҳар бир хато қилган кун учун бир кундан қазо рўза тутади, ундан кейин неча кун хато қилган бўлса, ҳаммаси учун бир каффорат лозим бўлади.

– Бир киши бир ё бир неча кун рўза тутишни ният қилмасдан фосиқлик ила кундуз кун таом еб юрса, у киши нима қилмоғи лозим?
– У киши рўза тутмай қолган кунлари учун қазо рўза тутади, ушбу қилган фисқ ишига пушаймон бўлиб, тавба ва истиғфор қилади. Aммо у кишига каффорат лозим эмас, чунки унинг гуноҳи ғоятда зўр ва катта гуноҳдирки, каффорат билан авф қилинадиган эмас, балки тавба ва истиғфор лозимдир.

– Бир киши ўзининг рўза эканини билиб туриб хатолик билан оғзидан бирор таом кетса ёки сув ичиб юборса ёки бир кишининг зўрлик билан рўзасини бузса ёки рўзадор киши оғзини тўлдириб қайт қилса ёки тонг отмаган деб ўйлаб таом еса, ҳолбуки, тонг отган бўлса ёки қуёш ботган деб ифтор қилса, шу кишининг рўзаси бузиладими?
– Бузилади.

– Энди у киши нима қилиши керак?
– Ўша куни қуёш ботгунча рўза кишидек рўзани бузадиган нарсадан ўзини сақлаши ва ҳам рамазондан кейин ўша кун учун рўза тутиб бериши лозим. Aммо каффорат лозим эмас.

– Рўза тутган кишининг димоғига чанг-ғубор ёки тупроқ, жун ёки тутунга ўхшаш нарсалар кирса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.

– Оғзига қор ёки ёмғир кирса, рўзаси бузиладими?
– Бузилади. Қазо қилиш лозим бўлади, аммо каффорат лозим эмас.

– Ўзининг тупугини ютса, нима бўлади?
– Рўза бузилмайди.

– Бир рўзадор киши ўзининг рўза эканини эсдан чиқариб бирор таом еса, сув ичса, жинсий алоқа қилса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди, қазо ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.

– Бир рўзадор киши уйқудан жунуб бўлиб турса, хотинига қўл теккизиб эҳтилом қилса, рўзаси бузиладими?
– Бузилмайди.

– У кишига ғусл қилиш дурустми?
– Сув ичига тушиб узоқ муддат ўтирмасдан ва ҳам обдаста билан ғусл қилиш дуруст. Aммо сув ичига тушиб узоқ муддат туришда баъзи жойларидан сув кириб рўза бузилиши эҳтимоли бор.

– Рўза тутган киши тиш орасида қолган таомни еса, рўзаси бузиладими?
– Нўхатдан кичик бўлса, оғзидан ташқарига чиқармай ютиб юборса, рўзаси бузилмайди, агар нўхот миқдорича бўлса ёки оғзидан чиқариб кейин ютса, бузилади.

– У киши нима қилиши лозим?
– Рўзасини қазо қилмоғи лозим бўлади, каффорат лозим эмас.

– Қазо ва каффорат учун тутиладиган рўзаларга қай вақт ният қилиш лозим бўлади?
– Кечаси ният қилиш лозим бўлади. Тонг отгандан кейин ният қилиш мўътабар эмас.

– Ҳайз ва нифосли аёлларга рўза тутиш лозимми?
– Дуруст эмас.

– Бир аёл рамазон ичида ҳайзли ёки нифосли бўлса, нима қилади?
– Ҳайзли ва нифосли кунларда рўза тутмайди. Неча кун рўзаси қолган бўлса, ўшанча кун қазосини тутади.

"Ибодати исломия"дан.

Top