muslim.uz

muslim.uz

Мусиқа қадимги даврлардаёқ пайдо бўлиб юзйилликлар оша такомиллашиб келган эса-да, унинг янада равнақ топишига Ўрта Шарқ мусулмонлари катта ҳисса қўшган. Масалан, мусулмон созандалар Европага олиб борган уд сози скрипканинг ихтиро қилинишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, асрлар давомида кенг қўлланиб келинаётган нота  ёзувлари ҳам араб алифбоси асосида яратилган.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Пятница, 27 Октябрь 2017 00:00

Хазон фасли ҳазинлик даврими?

Миллатимиз қуёши – ҳазрат Навоий инсон умрини тўрт фаслга бўлиб назмий асарларига тўрт фаслга мос равишда тартиб бергани замирида буюк ҳақиқат борлиги барчага аён. Улар: болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта ёш – куз, кексалик – қиш.

Ана шу даврийликни инсон зоти умрининг ҳар йили давомида ҳам яшашига эътибор қилганмисиз? Масалан, ҳозир куз фасли. Келинг, шу фаслнинг кириб келишини хотирлаб кўрамиз: офтобнинг чароғон нурлари камаяди ва куйдирувчи тафти секин-аста сўниклашади... Кўп ойлар кўк юзида кўринмаган булутлар суруви қайдандир пайдо бўлиб, баъзида бир неча кунлаб қуёш юзини тўсиб қўяди. Айнан шу кезларда кўплаб инсонлар кайфияти маҳзунлашади. Ҳатто, табиатан қувноқ, шалдир-шулдир одамларнинг ҳам аллақандай мунгли туйғулар оғушида, ўйчан бўлиб қолгани кўзга ташланади. Қизиғи, ўша туйғунинг нима эканини уларнинг ўзлари ҳам тушунтириб бера олмайди. Аслида уларнинг бирор дарди ва жони сиқиладиган иши йўқ. Фақат вақт оқиб бораётир; инсонни қонини гупиртирган, жойида тек тура олмайдиган даражада ғайрат-шижоат, завқу шавқ ато этган фасллар ортда қолаётир...

Демак, бу ўйчанликнинг асл сабаби назмга, насрга, кўй-қўшиқларга мавзу бўлган, буюк шоирларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, донишманд куз – хазон (ҳазин) фаслидир. Табиатдаги яшиллик қандай сўлишни, сарғайишни бошласа, инсон ҳам бир куни айни шундай сўлиб, сарғаяди. Ҳозир биз яшаётган куз фасли эса ана ўша томонга қараб ташланаётган қадамлардандир.  

Унинг ортидан қилич қайраб келаётган қиш фасли эса гумонасини ичида тарбия қилган, каттартирган она раҳмига ҳамда инсон қайта тириладиган кун қийматга қадар ичида қоладиган қабр ҳаётига ўхшайди.  

Ва ниҳоят баҳор! Туғилишнинг бошланиши... тупроқни ёриб чиққан чечаклар ер юзига жилмайиб, атрофга масрур боқадиган, шоду хуррамлик улашадиган, муаттар ҳидлар таратадиган беғубор фасл. Раббимизнинг қудратини тафаккур этмоқ учун энг ажойиб вақтлардан бири. Шип-шийдам, ўлик тупроқ қандай қилиб бирданига тирилади. Инсоннинг ҳам туғилиши бўлган баҳор, навқирон кучга тўлган ёзи, ҳаётининг сўнгги дамлари бўлган кузи, ниҳоят бу дунё ҳаётининг охири – охиратнинг остонас     и бўлган қиши бор.

Бинобарин, ҳар баҳорда ер юзининг тирилиши қиёматда инсонларнинг қайта тирилишига ўхшаши бир неча оятларда ифода этилган. Хусусан:

Яна унинг оятларидан, ерни қақраган ҳолда кўришингдир. Бас, Биз унинг устидан сув туширсак, у қимирлар ва ўсар. Уни тирилтирган Зот, албатта, ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. Албатта, У зот ҳар нарсага қодирдир”, деб марҳамат қилинади (Фуссилат сурасининг 34-ояти).

Инсон ҳаёт кечирар экан, ҳар йили ана шу оятнинг тасдиғини ўз тимсолида кўради. Кимдир фасллар алмашувини одатий табиат ҳодисаси деб ҳисоблайди. Аммо ҳар бир ишга ҳикмат назари билан боқувчи мўминнинг яшнаган уруғни кўрганда иймони ортади. Она раҳмига тушган уруғ қандай қилиб гўзал бир чақалоқ ўлароқ бу дунёга кўзларини очса, айни шаклда бу дунёдаги ҳаётини яшаган борлиқ янги бир бошланғич учун тупроқ бағрига кўмилади.

Мевалари ғуж-ғуж бўлган дарахтларнинг мевалари тугаб, барглари сўлмоқни, сарғаймоқни бошлайди. Хушбўй ҳидли гулларнинг япроқлари тўкилади, тириклиги битади. Бу ҳол инсонни ҳазинликка ундайди. Шу туйғу уни қоплаб олади. Ўзини кучсиз ва ҳорғин ҳис қилади. кўк юзидан томган ҳар ёмғир томчиси кўзидан оққан ёшга ўхшайди. Осмоннинг ойдинлиги ўз ўрнини қора булутларга бўшатганда қалбининг завқи ҳам ўрнини сассизликка бўшатади.

Бошқа тарафдан, ёзнинг узун кунларида тиним билмай ишлаган инсон учун энди ўтириб дам олмоқ замони...

Қисқарган кунлар, узайишни бошлаган кечалар, инсон учун бир роҳатланиш, ҳордиқ чиқариш даври экан, кишининг жони нега сиқилсин... Аллоҳни севган, унга етишмоқ талабида бўлганлар узайган кечалардан янада унумли фойдаланади.

Зотан, бу дунё ҳаёти бир меҳмонлик эмасми? Меҳмонликнинг эса вақти унчалик узоқ бўлмайди. Йўлга чиқмоқ учун тайёргарлик кўриш керак. Сафар анжомларини кўздан кечириб камчиликларни тўлдириб қўйиш зарур...

Хазон фасли кишилар онгига, менимча, ана шу туйғуларни жойлайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

26 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов билан ҳамкорликда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқларида кўтарилган масалалар мазмун-моҳиятини диний соҳа ходимларига чуқурроқ етказиш мақсадида, Самарқанд вилоятига ташриф буюришди. У ерда уламолар, олимлар, диний соҳа ходимлари ва имом-домлалар иштирокида ушбу мавзу юзасидан сўз юритилди.

Ҳақиқатан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқилари нафақат юртдошларимиз, балки кенг жамоатчилик томонидан ўрганиб чиқилаётганини сўзга чиққан нотиқлар томонидан таъкидланди. Чунки Давлатимиз Раҳбари маърузасида нафақат мамлакатимиз ва минтақа, балки дунёда ўта долзарб бўлиб турган глобал масалаларга эътибор қаратилгани билан ҳам катта аҳамият эгадир. Энг муҳими, муаммолар ечими бўйича билдирилган аниқ, ҳаётий таклифларнинг сессия иштирокчилари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватлангани фикримизнинг яққол исботидир.

Бу тарихий нутқда алоҳида эътибор берилган масалалардан бири – ислом маърифати масаласи бўлди, дейди муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари. Дарҳақиқат Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб, қуйидаги муҳим ташаббусни илгари сурдилар: «Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат».

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар, - деб таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов. Ҳақиқатан Давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини олий минбарда алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Мулоқотда сўзга чиққан маърузачилар, мана шу нутқ юзасидан хорижий мамлакатларнинг кўплаб таниқли вакиллари ўз муносабатларини билдиришаётганини алоҳида қайд этишди. Шу ўринда қуйидаги қўшимча маълумотларни келтириб ўтиш лозим. Латвия Фанлар академияси Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти директори Нина Линде хоним шундай деган: – Ўзбекистон етакчисининг мазкур нутқини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ўзбекистон неча-неча асрлар давомида анъанавий, инсонпарвар ҳамда бағрикенг исломнинг маркази бўлиб келган. Шу боис Шавкат Мирзиёевнинг ислом динининг асл қадриятлари халқаро ҳамжамият томонидан теран англаниши муҳимлиги ҳақидаги таклифлари мутлақо мантиқлидир. Бу ислом динига нисбатан сабрли ва ҳурматда бўлиш, Европа жамоатчилигини бир қолипдаги қарашлардан халос этишга кўмаклашиш имконини берган бўлур эди.

Шунингдек, Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Моҳд Юсуф Усмон шундай дейди: – Бугунги кунда турли бузғунчи кучлар одамлар онгини заҳарлашнинг кўп қиррали услубларидан кенг фойдаланмоқдаки, бунда улар ҳар бир инсон учун муқаддас бўлган динни ниқоб қилишдан ҳам тап тортишмаётир. Бундай вазият, аксарият ҳолларда, мусулмон бўлмаган мамлакатлар вакилларининг ҳақиқий ислом қадриятларини тўла тушунмаслигига олиб келаётгани баробарида, ислом динига асоссиз маломатлар ёғилишига ҳам сабаб бўлаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу муқаддас динни зўравонлик ва хунрезлик билан бир қаторга қўймаслик зарурлиги, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш тўғрисидаги даъватлари жуда долзарбдир.

Дарҳақиқат, мана шундай бир шароитда муҳтарам Президентимиз томонларидан юксак минбардан туриб Ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик экани, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қилинмаслигини баралла айтилиши мустаҳкам эътиқод ва катта шижоат белгиси эканини йиғилиш иштирокчилари таъкидлашди. 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида талабаларнинг эгаллаган назарий билимларини амалиётда қўллаш орқали мантиқий ва мунтазам мустаҳкамлаш ҳамда назарияни амалиёт билан боғлаш қобилиятини шакллантириш мақсадида педагогик амалиёт ташкил қилинган.

Амалиётни ўташга назарий ўқув курсини муваффақиятли якунлаган талабаларга йўлланма берилади. Илмий педагогик фаолият дастури “диний фанлар” ва “таҳфизул-Қуръон” кафедраларида талабаларнинг олий ўқув юртининг ўқув, илмий, маънавият ва маърифат ишлари билан ҳамкорликда фаолият юритишини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Дастурда талабаларнинг назарий билимларини педагогика соҳасида эришилган ютуқлар, интерфаол услублардан фойдаланган ҳолда амалиётга жорий этиши бўйича кенг қамровли йўлланма бериш кўзда тутилган.

Педагогик амалиёт давомида талабалар мутахассис тайёрловчи кафедра билан бевосита алоқада бўлиб, профессор-ўқитувчиларнинг дарсларини кузатади ҳамда ўша дарсларни таҳлил қилиш, илмий раҳбар ёрдамида маъруза ва семинар машғулотларини ўтказиш малакасини эгаллайди.

Талабалар малакали ўқитувчиларининг 20-25 та дарсига (пассив пед.амалиёт) қатнашган ҳолда дарсни ташкил этиш кўникмасига эга бўлади.

Талабалар қабул қилувчи таълим муассасаси тайинлаган амалиёт раҳбари назорати остида 8 та синов дарсини маърузавий ва амалий материаллар асосида олиб боради (актив пед.амалиёт).

Тасдиқланган режага асосан Тошкент ислом институтининг 4-курс талабалари жорий 2017-18 ўқув йили давомида ҳам диний таълим муассасаларида педагогик амалиёт ўташлари белгиланган. Институтнинг ўқув йили режасига мувофиқ амалиёт муддати шу йилнинг 6 ноябридан 30 декабригача этиб тасдиқланган.

Ж.Мелиқўзиев,

ТИИ проректори, умумий амалиёт раҳбари

Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар экани баён қилиниб, «Албатта, мўминлaр динда ўзаро биродардирлар…» дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Ислом дини инсонларни бир-бири билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим.

Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг Арши соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда, балки охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса ҳасрату надомат келтириши ҳам очиқ-равшан баён этилган (Фурқон сураси, 27, 29-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Киши ўз биродарининг динида бўлади», деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканига эътибор бергин», деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам «Сен менга дўстинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканингни айтаман», деган бир гап бор.

Дарвоқе, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканига қаралади. Агар улар дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар наздида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худо бехабар, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, муттаҳам кимсалар бўлса, уларнинг касофати уриб биродари ҳам ёмонотлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Top