muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 05 Август 2017 00:00

Макка зиёратчиларга муштоқ

Мана бир неча йилдирки, жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Зиёратчиларимиз хотиржам ва бемалол ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланиб борилмоқда. Айни кунларда ишчи гуруҳ ходимлари Макка ва Мадина шаҳрида бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди.

Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Зиёратчиларимиз Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқларидан кўриниб туради, тепасига қараган кишининг дўпписи тушиб кетади.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.

Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 тадан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугмани боссангиз, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга лип этиб олиб чиқиб қўяди. Ҳар бир қаватдаги йўлакларда гиламлар тўшалган бўлиб, гард тушса, ялагудек саранжом-саришта ҳолга келтирилган.

Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқда ҳали оҳори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириши мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: “Мақсад ҳожилар роҳатлансин!. Албатта, зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, халқимиз ҳақига дуои хайёрлар қилишлари нақадар улкан бахт! Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

 

Макка шаҳридан

Ҳаж-2017 ишчи гуруҳи.

Четверг, 27 Июль 2017 00:00

Олий мадраса оғушида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилиниб, 2017 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қисқа муддатда давлат рўйхатидан ўтказилди.

2017-2018 ўқув йили учун олий мадрасага абитуриентларнинг ҳужжат топширишлари 15 июнь кунидан 15 июль кунига қадар давом этди.Қабул ҳайъатининг маълум қилишича, жорий ўқув йили учун 152 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

23-24 июль кунлари абитуриентлар ақоид ва фиқҳ фанларидан ижодий имтиҳон топширишди. 25 июль куни Ўзбекистон тарихи фанидан тест синовлари ўтказилди.

Қабул имтиҳонларида фанлар бўйича баллар тақсимоти қуйидагича белгиланган:

Ақоид ва фиқҳ фанларидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 111,6 балл;

Араб тили фанидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 75,6 балл;

Ўзбекистон тарихи учун тест 36 саволдан иборат бўлади. Ҳар бир тўғри жавобга 1,1 балл бўлиб, жами 39,6 балл.

Ақоид, фиқҳ ва араб тили фанларидан ўтказилган ижодий имтиҳонлар ҳамда Ўзбекистон тарихи фанидан ўтказилган тест синовларидан тўпланган баллар қўшилганда умумий энг юқори балл 226,8 баллни ташкил этади.

Имтиҳон натижалари жорий йилнинг 28 июль куни эълонлар тахтасига чиқарилади. Юқори балл олган 50 нафар абитуриент Мир Араб олий мадрасасига ўқишга қабул қилинади.

Дарс машғулотлари 2 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносида бошланади. Айни пайтда ўқув хоналари, синфхоналар дарслик ва ўқув кўргазмалари шай ҳолатга келтирилган.

 

Жобир ЭЛОВ,

Мир Араб олий мадрасаси

ректори в.б.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги (гуноҳ ва хато)ларга каффорат бўлади. Мабрур (мақбул) ҳаж мукофоти фақат жаннатдур”, дедилар.

Мазкур китобда улуғ ибодат бўлган ҳаж ва умра зиёратлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Китобда келтирилган далил ва ибодат қоидалари Ҳанафий мазҳабига оид манбалар билан асосланган. Китоб, улуғ ибодат сари йўл олган юртдошларимизга ҳаж амалларини нуқсонсиз бажаришларида муҳим қўлланма сифатида фойдаланишлари учун мўлжалланган. Ушбу китобнинг ўзига хослиги ва таркибий тузилиши қуйидагича:

  • Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида ҳаж қилиш ҳақида;
  • Сафар олдидан тайёргарлик, уларнинг одоблари, қилиниши керак бўлган ишлар ҳамда сақланиш лозим бўлган амаллар хусусида;
  • Ҳажга борувчилар билиши лозим бўлган эҳром, мийқот, рухсат берилган ва ман қилинган нарсалар хусусида;
  • Ҳаж амаллари маълум бир жойларда, муайян вақтларда адо этилишини эътиборга олиб, ҳар бир кунлик амаллар қайси жойда, қандай амалга оширилиши ҳақида алоҳида-алоҳида маълумот ва кўрсатмалар бериб борилди. Масалан: Зулҳижжа ойининг 9 ёки 10 кунларида қайси жойда қандай амаллар қилиниши ҳақида алоҳида кунларга ажратиб баён қилинди;
  • Ҳажга тегишли ҳукмлар далиллар билан баён қилинди;
  • Далиллар хусусида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишни истаган китобхонлар учун уларнинг манбалари алоҳида изоҳ тарзида берилди;
  • Аёлларга тегишли масалаларга ҳам алоҳида эътибор берилди;
  • Илк маротаба ҳажга борувчиларнинг тасаввурлари тўлиқ бўлиши учун баъзи жойларнинг суратлари ҳам берилди;
  • Керакли ўринларда эслатма ва огоҳлантиришлар берилди;
  • Қайси дуоларни қайси жойларда ўқиш кераклиги баён қилиб берилди;
  • Китобнинг ҳажми катталашиб кетмаслиги ва аксар китобхонларимиз араб ёзувини ўқий олмасликларини эътиборга олиб, араб тилидаги дуо ва зикрлар кирилл алифбосида берилди;
  • Каъбатуллоҳ ва унинг ўлчамлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ушбу китобдан ўрин олди;
  • Масжидул Ҳарам ва Масжидун Набавийда олиб борилган кенгайтириш ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам жадвал кўринишида келтирилди.

Аллоҳ таоло ҳажни ният қилган ватандошларимизнинг ҳажларини мабрур ҳажлардан қилсин!

   Мурожаат учун:  +998 93 341-00-17.

Даҳшатли далиллар!

Беҳаёлиги оқибатида бутун бошли қавмлар, миллатлар, мамлакатлар, шаҳарлар ҳалокатга учрагани тарих китобларида ҳам ёзилган. Бандаларини беҳаёлик деган даҳшатли ва шармандали балодан сақлаш учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатлардан хабардордирлар” (Нур сурасининг 30-ояти), деб марҳамат қилган.

Шундай бўлса ҳам, беҳаёлик ХХI аср вабосига айланди. Замонавий порносаноатнинг катта ҳажмдаги ишлаб чиқариши, маҳсулотининг аноним тарзда етказиб берилиши оқибатида бугун сайёрамиздаги 75 миллион аҳоли порнога қарам бўлиб, ўзларининг ҳаётини бўшлиққа айлантириб олган.   

Бу – катта бизнес. 2006 йилда “вояга етганлар” учун “фильм” ишлаб чиқарувчилар  13 миллиард доллар фойда қилди. Уларнинг томошабинларининг сони эса АҚШдаги янгиликлар узатадиган етакчи каналлардан уч баробар ортди. 2007 йилда эса порнография ишлаб чиқарувчилар 20 миллиардга  яқин фойда олди. Интернетнинг ана шу майдони эгаларининг фойдаси уч баробарга ортди. 

Мана бу рақамларга эътибор қилинг!

дунё бўйича ҳар лаҳзада (секунд) порносаҳналарга кириш учун 3075,64 доллар сарфланади;

ҳар лаҳзада 28 258 киши порнографияни томоша қилади;

АҚШда ҳар 39 дақиқада янги порнографик видео тасвирга олинади;

интернетга юкланадиган видео тасвирларнинг 35 фоизи  – порнография;

интернетдан фойдаланувчиларнинг 42,7 фоизи порнография томоша қилади;

30 фоиз аёллар ва  70 фоиз эркаклар порнога қарам бўлиб қолган;

интернет тармоғида 4 200 000 порносайт мавжуд, улар бир йилда 13 000 янги порнофильмлар яратади;

ҳар куни қидирув хизматидан 68 000 000 порнографияга оид қидирувлар бўлади; АҚШнинг порносаноати унинг эгаларига бир йилда уч миллиард доллар фойда  келтиради;

жаҳон порносаноати – 5 миллиард доллар атрофида фойда олади;

фақат АҚШнинг ўзида 40 миллион киши доимий равишда порносайтга киради.

Социологлар, психологлар ва  биологлар порнография нима учун замонавий дунё бўйлаб бунчалик оммалашиб кетгани ҳамда унинг инсон учун қанчалик салбий таъсир кўрсатишини аниқладилар. АҚШнинг 47 фоиз аҳолиси порнография уларнинг ҳаётидаги катта муаммоси эканини маълум қилган.  Порнога қарам бўлиб қолган 40 фоиз аҳолининг оиласи барбод бўлади, моддий қийинчиликлар гирдобида қолади ва уч фоизга яқини ишидан ҳайдалади.   Оилавий ажримларнинг 68 фоизига порнография сабабчи бўлмоқда. Порнография педофилликнинг мисли кўрилмаган даражада ўсишига сабаб бўлмоқда. Интернет тармоғида вояга етмаганлар билан бирга бир миллион одам мавжуд. Порнога қарамлик беш босқичдан иборат:

  1. Дастлабки қизиқиш. Порнога қарам бўлиб қолганларнинг кўпчилиги у билан жуда ёшлигида тақиқланган видеофильмлар орқали таниш бўлган
  2. Қарамлик. Унга қарам бўлиб қолган киши ўзини назорат қила олмайди ва тақиқланган видеотасвирни қайт-қайта томоша қилаверади. Порно унинг ҳаётининг бир қисмига айланиб қолади.
  3. Кучайиб бориш. Унга боғланиб қолган киши дастлабки вақтларда кўнглини беҳузур қилган жирканчли саҳналарни томоша қилишга кўникиб қолади.

4.Ҳис-туйғунинг ўлиши. Порнога қарам бўлган кишини энг жирканчли саҳналар ҳам қониқтирмасдан у янада бемазаларини излайди.

  1. Кўрганларини амалда қўллашга уринади. Порнони томоша қилаётган вақтда муттасил ишлаб чиқарилган завқ гормонлари нейронларда оқсил FosB тўпланиб, мия тузилишида ўзгариш ҳосил қилади. Бошида атрофдаги оламдан завқланиб яшаган одамга кейинчалик ҳамма нарса қийинлашиб бораверади. Алалоқибат, эс-ҳуши порно бўлиб қолади – қолган ҳамма нарсани унга қиёслаганда зерикарли ва рангсиздек туйилади. Ниҳоят ундан эркинлик кучи ғойиб бўлади. Ана шу – бош миядаги курашувчанлик қобилияти учун жавобгар бўлган қисмининг жиддий жароҳат олганини билдиради.

Шайтоннинг васвасасига таслим бўлманг! Аллоҳ таоло бандаларига тақиқлаган нарсаларнинг яқинига ҳам йўламанг! Ана шундагина эминликда фаровон ҳаёт кечирасиз. Ўзингиздан мамнун бўлиб яшайсиз.

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

Четверг, 27 Июль 2017 00:00

Ижодий имтиҳон давом этмоқда

2017 йил 26 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳондан олдин институт ректори Уйғун Ғофуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди.

Ижодий имтиҳон материаллари солинганконверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кузатувчи ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди.  Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадиди ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди.

Тошкент ислом институтида қабул имтиҳонларини ўтказишда йилдан-йилга қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Бу йилдан қабул ҳайъати ходимлари имтиҳон топширувчиларнинг навбатини тўғри ташкил этиш мақсадида абитуриентларни имтиҳон аудиторияларига чақириш учун алоқа воситаларидан фойдаланишни жорий қилди. Алоқа воситалари имтиҳон аудиторияси билан боғланган бўлиб, навбатдаги абитуриентни билет олиш учун чақириш имконини беради.

2017-2018 ўқув йили учун тузилган қабул ҳайъати томонидан абитуриентлардан 463 та аризалар қабул қилинган бўлиб, улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ажратилган 85 та ўрин учун ўз билимларини синаб кўришади. 85 та квотанинг 15 таси аёл-қизлар учун ажратилган.

Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Чет тили ҳамда Маънавият ва маърифат фанларидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон тарихи, она-тили ва адабиёти фанларидан тест синовлари 2017 йил 1 август куни бўлиб ўтади. Ижодий имтиҳон бугун ҳам давом этмоқда. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Top