muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 3 йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш тўғрисида”ги 01А/092-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида институтда 2017 йилнинг 2 октябрь куни соат 09:00 дан 2017-2018 ўқув йили учун Махсус сиртқи бўлимига ҳужжат қабул қилиш бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Махсус сиртқи бўлимга абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги буйруқ” асосида 2017-2018 ўқув йили учун Махсус сиртқи бўлимга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2017 йилнинг 2 октябрдан бошлаб, жорий йилнинг 10 октябрь соат 20:00 гача давом этади.

Тошкент ислом институти “Қабул ҳайъати” томонидан Махсус сиртқи бўлимга ҳужжат топшириш учун келаётган абитуриентлар учун барча шароитларни яратиб беришган. Институт фаолияти ҳақида маълумот берувчи баннер билан бирга эълонлар доскасида ҳужжатларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом, Йўриқнома ва Қабул қоидалари билан таништирувчи маълумотномалар ўрнатилган. Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари давом этмоқда.

Масъул котиб К.Маҳкамов

 

Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.

Сиртқи бўлимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, беш йил ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида масжидларда имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.

 

Абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  1. Ректор номига ариза;
  2. Ўрта махсус ислом билим юртини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (диплом)нинг асл нусхаси;
  3. 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
  4. Паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);
  5. 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
  6. Яшаш жойидан маълумотнома;
  7. Меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма;
  8. Абитуриент ишлаб турган ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар) бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакилидан тавсиянома.

2017-2018 ўқув йили учун Махсус сиртқи бўлимга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2017 йилнинг 2 октябридан 10 октябрь кунига қадар қабул қилинади.

Абитуриентлар ўрта махсус ислом билим юртларининг ўқув дастурлари асосида фиқҳ, ақоид ва араб тили фанлари бўйича оғзаки ижодий имтиҳон топширади. Ўқиш муддати 3 йил.

 

Мурожаат учун телефон рақамлари: 227-42-37, 240-03-58

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

Пятница, 29 Сентябрь 2017 00:00

“Муаллим ҳақида сўзим ушбудир...”

Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр бўлган фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир киши шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди,  қалби қувончга тўлмайди. Муаллим сийрати поклик, самимият, садоқат, меҳр-муҳаббат, хушодобу хушхулқ, беғуборлик, соддадилликка йўғрилиб кетган. 

Муаллим – оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбар алайҳиссалом: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илму маърифат – жоҳилликнинг зидди. Устоз  бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт – қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “Устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-она ҳаққидан кам турмаслиги айтилган. Сабаби ота-онамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлса, устозимиз бизга илм ўргатган. Шундай экан, устозни ҳурмат қилиш, унга миннатдорчилик изҳор қилишимиз лозим.

Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар.

Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Бир ҳакимдан: “Нима учун устозингни отангдан ҳам яхши кўрасан?” деб сўрашган экан. Шунда у: “Устоз абадий тириклигимнинг сабаби, отам эса ўткинчи ҳаётимнинг сабаби!” деб жавоб қилибди. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк "Хамса" асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Ҳирот кўчаларини айлантирган. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизга катта ўрнакдир. Демак, бугун ҳар бир оқил ва фозил инсон ўзига илк бора “ранж ила ҳарф ўргатган”, тарбия берган, истиқбол йўлини кўрсатган устозини йўқлаб, қалбига олам-олам қувонч ва ғурур олиб киролса, ана шунинг ўзи чинакамига устознинг бахти. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Уларга энг яхши таърифни эса қалам аҳли берган:

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир,

Муаллим камолот ичра кўзгудир.

 Азиз устозлар, барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва   мураббийлар  куни билан  қутлаймиз.

 

Муҳаммадюсуф ТЎРАҚУЛОВ,

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Илм олиш одоби ва унинг таълими ҳақида гап кетганда Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ тафсирларида келтирган гапларини ташлаб кетишга ҳеч кўнглим бўлмайди. Мазкур тафсирда Каҳф сурасида баён қилинган Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссаломга нисбатан одобларини  (пайғамбаримизга ҳам энг афзал салавот ва саломлар бўлсин) қуйидагича ҳикоя қилиб келтирган:

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

«Мусо унга: «Сизга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?» деди» (Каҳф сураси, 66-оят).

“Ушбу оят Мусо алайҳиссаломнинг таълим олишга киришган вақтларида кўплаб одобларга риоя қилганларига далолат қилади:

Биринчи одоб.  Мусо алайҳиссалом “сизга эргашсам майлими?” деб, ўзларини Хизр алайҳиссаломга тобе қилганлар; 

Иккинчи одоб.   Ушбу тобеликни қарор топтириш учун: сизга тобе бўлишимга изн берасизми? деб рухсат сўраганлар. Бу эса тавозенинг юқори чўққисидир;

Учинчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун” деб ўзларининг билмасликларини ҳамда Хизр алайҳиссаломнинг илмда устоз эканларини ифодалаганлар;

Тўртинчи одоб. У зот “Сизга ўргатилган рушддан” деб, Хизр алайҳиссаломга берилган илмдан бир қисмини ўргатишга ишора қилганлар. Бу ҳам тавозе кўрсатиш ҳисобланади. Гўё зот гўё: “Сиздан мени илмда ўзингизга тенг қилишни  эмас, балки сизга ато этилган илмдан бир озини менга ҳам ўргатишингизни сўрайман” деганлар. Яъни у зот худди камбағалнинг бойдан озгина мол сўраши оҳангида сўраганлар; 

Бешинчи одоб. Мусо алайҳиссалом яна “Сизга ўргатилган” деб, устозига Аллоҳ таоло илм берганини эътироф этганлар;

Олтинчи одоб. У зот яна “рушддан” (рушди-ҳидоятдан) деб, устоздан иршод қилишни (яъни тўғри йўлга йўллашни) сўраганлар. Зеро, устоз иршоди бўлмаса, илмда туғёнга кетиш ва адашиш юзага келади;

Еттинчи одоб. У зотга “рушддан менга ҳам ўргатмоғингиз учун” деган сўзлари Аллоҳ таоло сизни тўғри йўлга йўллаб қўйган ва ўша тўғри йўлга мени ҳам эргаштиришингиз учун маъносида гапирганлар. Бундай дейишлари сизнинг менга ушбу таълим борасидаги инъомингиз худди хўжайиннинг  ўз қулига таълим беришидаги инъомига ўхшашдир, деган маънога далолат қилади. Зеро, “Мен ундан бир ҳарф ўрганган инсоннинг қулиман” деган  деган ибора ҳам шу маънога яқиндир;

Саккизинчи одоб. Эргашиш деганда эргашилган кишининг иш-ҳаракатларини у қилгани учун айнан такрорлаш тушунилади.  Аммо ушбу маънога кўра  бизнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейишимиз, шу калималарни биздан олдин айтиб ўтган яҳудийларга эргашиш ҳисобланмайди. Чунки биз бу калимани улар айтганлари учун уларга эргашиш маъносида айтмаймиз. Балки уларни айтишимизни вожиб қилган бошқа далил сабабли айтамиз. Лекин беш маҳал намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам феълларига мувофиқ бажаришимиз у зотга эргашиш ҳисобланади.  Чунки биз мазкур амалларни у зот бажарганлари (ва бажаришга буюрганлари) учун бажарамиз. Шунга кўра ушбу намозларни адо этишда у зот алайҳиссаломнинг феълларига эргашувчи бўламиз.  Ушбу сўзлардан келиб чиқиб айтамизки, Мусо алайҳиссаломнинг “сизга эргашсам майлими?” деган сўзлари у зотнинг устоз бажаргандек бажаришга изн сўраганларига далолат қилади. Яъни мазкур феълларни ўша устоз бажаргани учун худди ўшандай бажариш лозимлигига далолат қилади. Бу эса шогирд аввал бошдан устоз билан тортишиш ва эътироз билдиришдан сақланиб, унга тўлиқ таслим бўлиши лозимлигини англатади.

Тўққизинчи одоб. У зотнинг “сизга эргашсам” деган сўзлари бирор ишни хосламасдан, барча ишларда мутлақ эргашишни талаб қилганларига далолат қилади. (Яъни у зот сизга фалон ишда эргашсам майлими деб қайдламасдан умум қилиб “эргашсам майлими”, деганлар);

Ўнинчи одоб. Дарҳақиқат Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломнинг мақомларини билганлар. Яъни у зотнинг  Бани Исроилга пайғамбар этиб юборилганини, Таврот соҳиби эканини, Аллоҳ таоло у зот билан бевосита гаплашганини ва бошқа кўплаб улуғ мўжизалар билан хосланган пайғамбар эканларидан Хизр алайҳиссалом хабардор бўлганлар. Бундай улкан мартабалар ва олий даражалар соҳиби бўлган Мусо алайҳиссалом илм олишга ана шундай ўта ҳокисорлик ва ниҳоятта тавозе билан келганлар.  Ҳа, албатта бу иш у зотга муносибдир. Чунки киши қанчалик кўп илм эгаллаган бўлса, илмдаги бахту саодатдан шунчалик кўп хабардор бўлади ва шу сабабли илмга шунчалик кўп интиладиган, илм аҳлини шунчалик кўп улуғлайдиган бўлади.     

Ўн биринчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?” дейишлари билан дастлаб эргашишни, кейин эса таълим беришини сўраганлар. Бу эса илмни аввал устозга хизмат қилишдан бошлаш кераклигини кейин ундан илм талаб қилиш мақомига кўтарилишни англатади;

Ўн иккинчи одоб. У зот “менга ҳам ўргатмоғингиз учун сизга эргашсам майлими?” деганлар. Ушбу эргашишга таълим олишдан ўзга бирор нарсани аралаштирмаганлар. Гўё у зот: “Сизга ушбу эргашишимдан мол-дунё ҳам, обрў ҳам кўзлаганим йўқ. Менинг илм олишдан бўлак дардим йўқ” деганлар”.

(Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг “Одобул ихтилоф” асаридан таржима).

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилалари-ю саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

Top