muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четверг, 23 Январь 2020 00:00

Энг афзал икки хислат

Айтиладики:

  1. “Икки хислат борки, улардан бирор нарса афзал эмас:

Бири - Аллоҳга иймон келтириш;

Иккинчиси - мусулмонларга фойда келтириш.

  1. Яна икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқдир:

Бири - Аллоҳга ширк келтириш;

Иккинчиси - мусулмонларга зарар етказишдир”, дедилар.

  1. Пайғамбар алайҳиссалом: “Сизлар уламолар билан бирга ўтиришни ва ҳаким (донишманд) зотлар ҳикматларини эшитишни лозим тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло ўлик ерни ёмғир суви билан тирилтиргани каби ўлик қалбни ҳикмат нури билан тирилтиради”, дедилар.
  2. Абу Бакр Сиддирозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким қабрга тайёргарликсиз кирса, гўёки у денгизни кемасиз минишга тушган кабидир”.
  3. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят илинади: “Дунёнинг азизлиги мол-дунё биландир, охиратнинг азизлиги эса солиҳ амаллар билан”.

 

“Мунаббиҳот” китобидан

21 январь куни Тошкентдаги Wyndham Tashkent Hotel меҳмонхонаси мажлислар залида “Цивилизациялар мулоқоти: глобализация даврида ҳамжиҳатликни ва анъанавий қадриятларни сақлаш” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинар Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази, Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинарнинг бош мажлисида сўзга чиққан ШОС ташкилоти ҳузуридаги Халқ дипломатияси маркази директори Р.Назаров, БМТнинг Тошкентдаги вакили элчи Хелен Фрезер жаноби олиялари, Европа Иттифоқининг Тошкентдаги вакили элчи Ж.Мак Грегор, К.Аденауэр жамғармасининг вакили Р.Хайне, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Р.Нуримбетов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров глобаллашаётган дунёда цивилизациялар мулоқотининг ўзига хос томонлари, тинчликни сақлаш ва тараққиётни таъминлашда миллий маданий ва диний қадриятларга эътибор қаратишнинг муҳимлиги, қадриятларни сақлаш ва ҳурмат қилиш, динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик соҳаларида Ўзбекистон тажрибаси масалаларига алоҳида тўхталдилар.
Халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги вакиллари динлараро ва миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ўз сўзида Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган эътироф ва эътиборга лойиқ ишлар хусусида маълумот берди. У Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик анъанавий экани, бугунги шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги барча мамлакатлар учун долзарб масала эканини, ҳеч қайси бир цивилизациянинг устунликни, ягоналикни даъво қилишга ҳақи йўқ эканини таъкидлади.
Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган юртимиз алломаларининг илмий ва маънавий мероси тўғрисида, уларнинг илм йўлидаги ўзаро ҳамкорликлари ҳамда бошқа дин ва миллат вакилларига нисбатан бағрикенгликлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов Ислом дини тарихи ва манбаларида ифода этилган диний бағрикенглик тамойиллари тўғрисида нутқ қилди.
Илмий-амалий семинар ишида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний конфессияларнинг раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари, журналистлар иштирок этдилар ва фикр алмашдилар.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати

 

 Аллоҳ таоло инсонга кўплаб неъматлар ато қилди. Ушбу неъматлари ичида фарзанд деб аталмиш инъоми жуда ҳам улкандир. Лекин бу неьмат улуғворлиги билан туб негизида катта бир масъулиятли иш ётади. Шу билан бирга фарзандли бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Атрофимизга назар ташлаганимизда кимдир тирноққа зорлигини, яна кимдир бир қанча фарзандлар билан сийланганини кўрамиз. Бунинг барчаси буюк Роббимизнинг ҳикмати ила бўлган ишдир. Баьзида кўп йиллардан буён фарзанд кўришни, унга меҳр беришни орзу қилиб келаётган ота-оналарни кўрганда киши Аллоҳга беадад ҳамду санолар айтишлиги керак бўлади. Чунки Аллоҳ таоло бизларга кўплаб ўғил-у қиз фарзандларни ато қилди. Инсон фақатгина Аллоҳга шукр қилиш билан чекланиб қолмасдан балки ўзига ато қилинган улкан масъулятли ишни аъло даражада адо қилиши керак.

Бола тарбияси энг муҳим ишлардан ҳисобланади. Тарбия эса боланинг мурғаклик пайтидан бошланади. Шунинг учун ҳам “бола бошидан” деган халқимизнинг ҳикматли сўзи бежизга айтилмаган. Боланинг тарбияси билан кўпроқ она шуғулланади. Чунки ота оила нафақаси сабабидан кўпинча ишда бўлади. Боланинг чиройли униб ўсиши, гўзал хулқли бўлишида онанинг беқиёс хизматлари ётади. Қадимдан ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида дунё халқларига ўрнак бўладиган даражада намуна бўлганлар. Улар болага қандай йўсинда гапириш кераклиги, қайси ҳолатда улардан содир бўлган ишларга танбеҳ бериш лозимлиги ҳамда нимани қилса яхшию, нимани қилса ёмон эканини ўзларининг гўзал услублари ила тушунтирганлар. Лекин энг ачинарлиси ҳозирги кунимизда баъзи бир ота-оналар фарзандларини ёшлигидан бошлаб айрим ҳолатдаги ишларини тўғри тушинтирмасдан уларни жеркиб беришлари, қўполлик ила бақиришлари, энг ёмон кўринишларидан бири ёш мурғаккина гўдакни калтаклашлари бу бизнинг миллий анъаналаримиз ва   динимиз кўрсатмаларига тўғри келмайди. Чунки бундай ҳолатда вояга етган боланинг қалбида меҳр-шафқат, инсонпарварлик, ўзгаларга иззат, ҳурмат, қалб мусаффолиги ўрнини бошқаларга нисбатан шафқатсизлик, қўполлик, дағаллик ва кўплаб салбий сифатлар эгаллайди. Шунинг учун ҳам кексаларимиз агар бирор бир киши ўзининг ёшгина боласини ураётганини кўрсалар, уларга: “Болага бундай муомалада бўлмагин, акс ҳолда фарзандинг шу ҳолатга ўрганиб қолади. Сен унга яхши сўзлар билан уни қилаётган иши гўзал хулқли инсонлар амалига тескари эканини ҳамда бундай ишни қилган киши ён атрофдаги инсонлар олдида хижолатда қолишини ётиғи билан тушунтиргин”, деган сўзларини кўп маротаба эшитганмиз. Агар болага чин кўнгилдан меҳр берилса, унинг қалбида  ота-онасига, жамиятдаги инсонларга бўлган муносабати ижобий ҳолатга ўтади. Акс ҳолда, бу ишимиз ўзимизга ҳам, атрофимиздаги инсонларга ҳам фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.

Шу ўринда араб ўлкаларидан бирида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтишни лозим топдик. Эрта тонг билан уйдан чиққан киши кўчаларни айланиб юрган пайтида дўкондан чиройли(портрет,манзара тасвири туширилган) уй жиҳози сотиб олди. Уйга олиб келиб меҳмонхонага қўйди. Сўнг ўзи ишга жўнаб кетди. Уйда аҳли аёли билан тўрт ёшли фарзанди қолган эди. Онаси уй юмушлари билан овора бўлиб боласига эътибор бера олмади. Бола эса қўлида бўёқли қалам билан жиҳоз қўйилган жойга келди ва уни бўяй бошлади. Ишдан сўнг ота уйга қайтиб келгандан кейин не кўз билан қарасинки жиҳознинг барча жойи бўяб ташланган эди. Ўзини қўлга ололмаган ота аввало аёлига ташланиб уни уришиб койиди. Сўнг тўрт ёшли фарзандига ўшқириб уни калтаклади. Бу ҳам етмагандай фарзандини ўнг қўлини столнинг бир оёғига, чап қўлини эса бошқа бир оёғига маҳкам қилиб боғлаб қуйди. Бола дод-фарёд қилар, қаттиқ чинқираб йиғлар эди. Онаси бўлса боласига ёрдам бергиси келар, лекин эрининг ғазабидан қўрқиб фарзандининг олдига бора олмас эди. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг боланинг овози тиниб қолди. Она болам ухлаб қолди, деган ўйда фарзандининг олдига борганда не кўз билан кўрсинки мурғаккина қўллари ипнинг қаттиқ боғланганидан қорайиб, кўкариб кетган, ўзи эса беҳуш ётар эди. Шу пайтда она бор овозича қичқириб юборди. Бошқа хонада дарғазаб бўлиб ўтирган ота бирпасда ўғлининг олдига етиб келиб қўлларини арқондан бўшатди. Ва елкасига опичлаб олиб яқин ўртадаги шифохонага боришди. Шифокорлар болани аҳволини кўриб, уни икки қўлини дарҳол кесиб ташлаш кераклигини айтишди. Ғазаб сабабидан бир хато туфайли боланинг мурғаккина қўллари кесилди.

Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, арзимаган нарса учун боласини калтаклаган ота фарзандини бармоқсиз қўлларини кўрганда қалбидан қандай хаёллар ўтар экан? Кўча-кўйда фарзандларининг қўлларидан тутиб сайр қилиб юрган оталарни кўрганида ўзи ғазаб ҳолатида қилиб қўйган ишидан қалбида виждон азоби қанчалик алангаланишини ўша инсоннинг ўзи ва яратган Роббимизнинг ўзига аён. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўплаб топилади. Ачинарлиси, ҳаётда баъзи бир ота-оналарни кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаётганини эшитамиз. Аслида бу ишлари нотўғри эканлигини билишмайди. Агар уларга насиҳат тарзида бу ишни қилманг, оқибати ёмон бўлади десангиз, улар сизга урсам ўзимни фарзандимни ураман сиз аралашманг деган оҳангдаги сўзларига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун ҳам биз фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимизга, ислом дини кўрсатмаларига амал қилишимиз керак бўлади. Агар ёш бола бирор-бир инсондан меҳр-муҳаббат кўрса бу ишни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим ” китобларида қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ёшликларида бўлиб ўтган бир гўзал воқеани эсга оладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳар бирининг юзини муборак қўллари ила силаб қўйдилар. Сўнг мени юзимга ҳам муборак қўлларини теккиздилар. У зотнинг қўлларидан жуда ҳам хушбўй ҳидни топдим. Худди атторнинг хушбуйлик солинган идишидан қўлларини чиқарганлари каби хушбуй ҳид таралиб турар эди. Эътибор беринг: Ёшгина бола Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан бўлган меҳрни ёдидан чиқармаган. Шунинг учун биз ҳам Аллоҳ таоло бизга ато қилган фарзанд деб аталмиш неъматнинг қадрига етишимиз, фарзандимизнинг одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчамизнинг кўзларимизни фарзандларимиздан қувонтирсин. Омин!

 

“Мактабату Шомила”асосида таёрланди. 

 

Машарипов Қўзибой

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.

 

   Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ерни яратиб, унга Ўзининг махлуқотлари ичидан энг мукаммали бўлган инсонни халифа қилиб яратди. Сўнг инсонларни ўзаро бир-бирлари билан бўладиган муносабатларини гўзал хулқ ва юксак одоб даражасида амалга ошиши учун Ўзининг Пайғамбарларини ўша қавмга мос таьлимотлар ила юборди. Пайғамбарлар ўзлари юборилган қавм ичидаги баьзи бир салбий иллатларни тузатиш ҳамда уларда бўлган гўзал хулқ ва одобларни янада мукаммалроқ кўринишда етказишга бор кўч-ғайратларини сарфладилар. Улардан илм-маьрифат ва одоб-ахлоқларни таьлим олган кишилар  бу юксак меросни  ўзларининг авлодларига  етказдилар. Шу тарзда бу буюк мерос авлоддан-авлодга ўтиб янада такомиллашиб келди.

 Набийларнинг сўнгиси  бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариъат ва гўзал-ахлоқларни тамомига етказиш учун юборилдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан яшаётган ҳамда ўзларидан кейинги умматларига катта амалларни баён қилиб бериш билан чекланиб қолмасдан балки  энг нозик ишлардаги одобларни ҳам таьлимини бердилар. Саҳобаи киромлар илм маьрифат булоғи бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча гўзал ахлоқларига эргашиб у зотдан катта бир ҳаёт мактабини ўргандилар. Кейинчалик бу илм-маьрифат бўлоғининг шифобаҳш сувларидан баҳраманд бўлган саҳобаи киромлар ўзларидан кейин келган тобеъинларни  ушбу булоқдан баҳраманд қилдилар.Тобеинлар ҳам бу улкан масьулятли ишни ўзларидан кейинги кишиларга етказдилар. Шу зайлда бу улкан ва масулятли мерос авлоддан авлодга ўтиб келди.

Шундай улкан меросларимиздан бири ўзтоз ва шогирд ўртасидаги муносабат бўлиб, бунда  шогирд ўзтозига нисбатан қандай одоб-ахлоқларни риоя қилиши лозим экани ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадрият­ларимиздан ҳисобланиб, бу борада ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Халқимизда яхши бир ибора бор, ота-оналар устозга  фарзандларини шогирд қилиб топширган вақтларида “Эти сизники, суяги бизники”, дея айтадилар. Агар ушбу сўзга зоҳиран эьтибор берсак, жуда ҳам салбий маьнони англатаётгандек гўё. Аслида эса бундай эмас, ушбу иборани туб негизига эътибор қаратсак, унда жуда ҳам катта бир масьулятли меҳнат борлигини кўришимиз мумкин. Бу билан ота-она фарзандини ҳаёти давомида илм-маьрифатли,одоб-ахлоқли бўлиб вояга етиши учун  устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдиради. Ўз навбатида устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор илму салоҳияти ва иқтидору ҳунарини унга ўргатишга интилган.

  Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади:

  “Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли, ўз айбини кўрадиган, доно ва тамйизли кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак.

  Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади...”

  Агар шогирд нима орқали мутлуби-мақсадига етади, деб сўрасалар, хизмати орқали деб айтгин. Агар хизматининг биноси нимага қурилган, деб сўрасалар, роҳатни тарк этиш ва заҳматни чекиш асосига, деб айтгин.

Агар шогирдликнинг  рукнлари нечта, деб сўрасалар, туртда деб айт:

Биринчиси - мард бўлиб ишга киришиш.

Иккинчиси - сидқидилдан хизмат қилиш.

Учинчиси - кўнгилни ва тилни бир-бирига мувофиқ тутиш.

Туртинчи - насиҳатга қулоқ солиш ва устоздан эшитганини ёдда тутиб, унга амал қилиш.

    Кейин шогирд бўлаётган толиби илм устози олдида ўзини қандай тутиши ва қайси одобларга амал қилиши кераклиги ҳақида гап кетади. Агар шогирдликнинг одоби нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айт:

    Биринчиси -  устози олдига кирганда ёки кўрганида биринчи бўлиб салом беришлиги.

    Иккинчиси - устознинг олдида оз гапириш.

    Учинчиси - бошни олдинга эгиб туриш.

    Туртинчиси - кўзни хар томонга югуртирмаслик.

    Бешинчиси - агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш.

    Олтинчиси - устоз жавоб айтганда, эьтироз билдирмаслик.

    Еттинчиси - устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик.

   Саккизинчиси--- ўтириб туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш.

    Мазкур одобларга биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз оғишмай (бекаму кўст) амал қилиб келганлар. Шу сабабли ҳам улар устозларининг дуолари билан етук олим, мутафаккир ҳамда барча инсонлар ўрнак оладиган даражадаги ҳаёт мактаби бўлишган.

 Шу ўринда журналлардан бирида ўқиган мақоламда буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳазратлари билан боғлиқ бир ибратли воқеъа келтирилган эди. Унда “Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатлари, улуғ бобокалониимз Алишер Навоий ҳазратларини ўз устозларига кўрсатган хурматлари жуда ҳам юксак эьтиборга сазовор экани, Алишер Навоий ҳаётида ҳам, ижодида ҳам Абдураҳмон Жомийга ихлосманд шогирд бўлганлари баён қилинган.  Шунингдек, “Хамса”чиликда ҳам устозлари Абдураҳмон Жомийнинг анъаналарини давом эттирадилар. Устозининг “Нафаҳотул унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул муҳаббат” номли янги асар яратадилар. Достонларида ҳам, кўплаб бошқа асарларида ҳам устози номини  тилга олиб, унга бўлган иззат-ҳурматини камоли эҳтиром билан изҳор этадилар.

 Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай деб айтганлар:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Танг­ри розидур.

  Биз барча толиби илмлар! Мазкур панду насиҳат ва одобларга амал қилишимиз лозим. Чунки биз аждодларимизнинг узоқ йиллик илм-маьрифатлари ва юксак тажрибалари асосида шаклланган бой меросларини билан тўла зийнатлансагина улар каби дунёга барча соҳаларда устоз бўлишимиз мумкин. Аллоҳ таоло устозларимизни ўз паноҳида асраб уларни бу дунёда ҳам охиратда ҳам битмас-туганмас ажр мукофатлар билан мукофатласин. Омийн !

Юнусхўжаев Мустафо

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

Ислом билим юрти мударриси.

 

Среда, 22 Январь 2020 00:00

МЕҲМОН ОДОБЛАРИ

Барчамизга маьлумки Ислом дини инсонларни нимага бўюрган бўлса бунинг барчасида инсон учун жуда кўплаб манфаатлар ва гузал хулқлар бордир.Шундай гузал амаллардан бири меҳмондустлик алоқасидир.Абу Ҳурайра разиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай марҳамат қиладилар:

 

ومن كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليكرم ضيفه (رواه البخاري)

 

“Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса меҳмонининг ҳурматини жойига қуйсин”. 

Ҳа ушбу набавий таьлимот жамиятдаги инсонларни бир-бирлари билан боғлаб турадиган  ҳамда уларни ораларидаги дустона муносабатларни  қамраб оладиган кўрсатмадир.Биздан олдин яшаб утган аждодларимиз бу кўрсатмага оғишмай амал қилганлар.Шу сабабли қадим-қадимдан то хозирги кўнимизгача  ўзбек халқи ўзининг  меҳмон дустлиги билан барча халқларни лол қолдириб келмоқда.  Буюк ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий  меҳмонга барадиган киши  тўрт нарсага амал қилиши лозим бўлади деганлар.

  1. 1. Меҳмон мезбон қаердан жой кўрсатса, ўша жойга ўтириши.
  2. 2. Мезбон нима таом келтирса унга рози бўлиб тановул қилиши.
  3. 3. Меҳмон агар туришни хоҳласа уй эгасининг рухсати ила туриши.
  4. 4. Меҳмон қайтаётган вақтда мезбоннинг ҳаққига дуо қилиши.

Энди ушбу тўрт ҳолатни бир озгина ўрганадиган бўлсак, аввало биринчи ҳолат.

  1.Меҳмон  мезбон қаердан жой кўрсатса уша жойга ўтириши.

Фуқаҳоларимиз бу шартни қўйишларида катта бир исломий одоб бўлиб бу иш орқали меҳмон ва мезбон ўртасидаги ришта мустаҳкамланади. Чунки мезбон ўзини ва аҳли ҳонадони ҳолатини яхши билгани учун ҳам меҳмонни қаерга ўтқазиш кераклигини яхши билади. Бу энг муҳим ишлардан бири ҳисобланади. Чунки уй эгаси ўзининг ўй шароитини яхши билгани учун ҳам меҳмонни ҳижолатга қўймаслик ва қолаверса ўзига ҳам ноқулайлик туғдирмаслиги учун ҳаракат қилади. Меҳмон бўлувчи киши мезбон кўрсатган ўринга ўтириши билан турли туман келиб чиқиши мумкин бўлган ноқулайликларни олдини олган бўлади.

  1. 2. Мезбон нима таом келтирса унга рози бўлиб тановул қилиши.

Бу ҳам исломий одоблардан бири ҳисобланади. Чунки мезбон ўзининг имкониятидан келиб чиқиб меҳмонни олдига таом ҳозирлайди. Агар меҳмон мезбондан у таомни ёки бошқа нарсани сўрайдиган бўлса хонадон аҳлини қийин аҳволга солиб қўяди. Бу эса мезбон билан меҳмоннинг орасидаги риштага путур етказиши мумкин. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам агар бирор бир саҳобийнинг уйига меҳмон бўлиб борсалар уй эгалари қайси таомни олдиларига қуйсалар ўша таомдан тановул қилар эдилар. Бу бизнинг миллий урф одатларимизда ҳам ўз аксини топган.

  3.Меҳмон агар туришни хоҳласа уйнинг эгасининг рухсати ила туриши.

Бу ҳам исломий одоблардан ҳисобланади. Бировнинг уйида меҳмон бўлиб турган киши тўсатдан қайтишни хоҳлаб қолиши бу мезбонни кўнглини ранжитади. Қолаверса, бу иш хонадон эгаларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бунинг энг гўзал ечими меҳмон бўлган киши мезбондан агар ижозат берса қайтишлигини билдиришидир. Ушбу иши орқали ўзини мезбонга нисбатан ҳурматини яна бир бор кўрсатган бўлади. Ўтган салаф солиҳларимизни тутган йўллари ҳам шундай бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд бир саҳобийга шундай деб таълим берганлар: “Агар бирор-бир кишининг уйига меҳмон бўлсанг фақатгина унинг рухсати билан қайтгин. Чунки сен унинг уйида бўлиб турган вақтингда у сенга амирдир.”

  1. 4. Меҳмон қайтаётган вақтда мезбоннинг ҳаққига дуо қилиши.

Зиёфатнинг одобларидан яна бири меҳмон қайтаётган пайтда хонадон аҳлининг ҳаққига дуо қилишидир. Бу ислом дини буюрган гўзал амаллардан бири бўлиб,  мана шу сабабли кишилар бир-бирларининг ҳақларига чиройли дуолар қилиш билан ораларидаги алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Меҳмон хонадон аҳлининг ҳаққига дуо қилиши сабабли ўзига ҳам яхши тилакларни тилаган бўлади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор-бир хонадонга меҳмон бўлиб келсалар зиёфатни охирида таом эгалари ҳақида дуо қилар эдилар.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Саьд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг хонадонларида меҳмон бўлганларида зиёфатнинг охирида “Таомингизни яхши кишилар тановул қилди, хонадонингизда рўзадорлар ифторлик қилди, фаришталар сизларга саловат айтди. Аллоҳим, ўзингни раҳматингни Саъднинг оиласига ёғдиргин”, деб дуо қилдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Исломнинг гўзал одоблари билан зийнатланишимизни насиб этсин!

 

 

 

“Фатовои Ҳиндия” асосида таёрланди

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари.

 

Top