Мақолалар

Аллоҳдан қўрқишнинг мукофоти

Каъбул Ахбордан ривоят қилинади:

“Аллоҳ таолонинг зумраддан бир уйи бор, тепаси марвариддан. Унинг ичида яна етмиш мингта уй бор, ҳар бир уйда етмиш мингта эшик бор. Унга пайғамбарлар, ё сиддиқлар, ё шаҳидлар, ё одил раҳбарлар ёки ўз нафсига ҳукм қилганлар киради”.

“Нафсига ҳукм қилувчи ким?” деб сўрашди.

“Ҳаромга рўпара келганда, Аллоҳдан қўрқиб, уни тарк қилган киши”, дедилар.

ШАРХ:

Жаннатда битта уй зумраддан ва марвариддан ташкил топган; уйнинг етмиш мингта алоҳида-алоҳида эшикли хонаси бор; Унга пайғамбарлар киради; Ростгўйлар киради; Шаҳидлар киради; Адолатли раҳбар киради; Аллоҳдан қўрқиб ҳаромни тарк қилган кишилар киради.

Эй дўстим! Гарчи пайғамбар эмассан, гарчи сиддиқ эмассан, гарчи шаҳид эмассан ва ёки раҳбар эмассан, бироқ, бу сабаблар ушбу уйдан умид узишингга сабаб бўлолмайди. Чунки, сенда Аллоҳ учун ҳаромни тарк этиш йўли бор. Шундай экан, Пайғамбарлар ва сиддиқлар, шаҳидлар ва раҳбарлар билан бир уйда яшашга ҳаракат қил.

Тошкент шаҳридаги “Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди
имом ноиби Махсумов Саидхон манбалар асосида тайёрлади.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3132 times

Мақолалар

Top