Мақолалар

Эҳтиёт бўлинг: у билан ҳеч ким нажот топмайди

Қалб хасталикларидан бири ҳасаддир. Ҳасад адоват натижасидан келиб чиқади. “Ҳасад” сўзи луғатда “арчиш” ва “шилиш” деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.

Уламолар “Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир”, дейдилар.

Ҳасаднинг ёмонлиги ҳақида кўп хос хабарлар келган. Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсадан ҳеч ким нажот топа олмайди: гумон қилишлик, шумланишлик, ҳасаддан. Улардан қутулиш йўлини сизларга айтаман. Агар гумон қилсанг, уни ҳақиқат деб билма. Агар шумлансанг, ўтавер. Агар ҳасад қилсанг, ҳужум қилма”, деганлар.

Яна Ибн Обиддин Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматим мол-дунёлари кўпайиб, бир-бирига ҳасад қилиб, бири-бошқасини ўлдиришларидан қўрқаман”, деганлар.

Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади. Ҳасад катта  гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавас қилувчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида шундай марҳамат қилади:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمْ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ …

“Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” (54-оят).

Ҳасадни илм билан даволаш учун ҳасад қилгувчи билсинки, ҳасадчининг ҳасади дунё ва охиратда ҳасад қилинган инсонга манфаат борлигини, ўзига эса дунё ва охиратда улкан гуноҳ, зарарлар борлигини билса, ҳасадчи ўзини ҳасад қилишликдан тўхтатади.

Ҳасаднинг диндаги зарари эса, бу билан Аллоҳнинг  қазою-қадарига норизо бўлиш, неъматларни бандаларнинг орасига тақсим қилишлигини ёқтирмаслик бор. Бу эса тавҳидга зид бўлиб, иймон бўлагини беркитади. Дунёда ҳасадга бўладиган зарар доимо у алам-ғамдан қутулмасдан ўзига зарар келтиради.

Халқимизда яхши мақол бор: “Ҳасад қилма – ҳавас қил”. Саҳиҳ ҳадисда иккита инсонга ҳасад қилса бўлади дейилган. Бири, Аллоҳ берган молни, Аллоҳ йўлида инфоқ қилувчига. Иккинчиси Аллоҳ берган илмни, Аллоҳ йўлида сарфлаганга. Илм берилган инсон илмини Аллоҳ йўлида сарфласа унга ҳасад, яъни ҳавас қилса бўлади.

Ҳасадчи агар ҳасад қилишдан тўхтамаса, бутун қилган яхшиликларини олов ўтинни еб битирганидек еб битиради. Иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек еб юборади”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Унинг ўрнига ҳавас қилайлик. Ҳар бир инсон яхши инсонларнинг фарзандига ҳавас қилиб, ҳаракат қилса, Аллоҳ албатта мақсадига етказади.

Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ҳасад қилмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Демак, ҳасад қилинса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғмабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасад эгаси мендан эмас”, дедилар (Имом Табароний ривоят қилган).

Яъни, ҳасадчи менинг умматим эмас деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишидан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ёмон феъллик инсонларга ҳавас қилишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам халос бўлиши шарт. Ўшандагина қалб жароҳатидан фориғ бўлади. Биз фарзандларимизни қалби тоза, меҳрга тўла, бошқа инсонларга ҳасад қилиб эмас, ҳавас билан яшашни ва меҳр улашишни, зарарли қалб жароҳатидан узоқроқда бўлишини уқтириб ва онгига сингдириб боришимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, етук, комил, ватанпарвар, ўз юртига садоқатли,  ота-онасига меҳрибон, қалби меҳрга тўла, одамларга яхшилик ва меҳр улашадиган инсонлардан бўлиб етишиб чиқсин!

Шерзод АҲМЕДОВ,

Данғара тумани “Муҳаммад Саидхўжа” масжиди имом-хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3262 times

Мақолалар

Top