Мақолалар

Дуо ҳақида

Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут.

Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди. Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир», деб айт».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида келган.

Оятнинг иккинчи ярмида Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам намозлари қандай бўлиши кераклиги ҳақида кўрсатма келмоқда. Мушриклар ҳамма нарсадан айб топишга уринганлари каби, намоздан ҳам камчилик топишга, масхара қилишга уринишар эди.

«Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима».

Мушриклар эшитиб, яна баъзи нобакорликлар қилиб юрмасин.

«…уни жуда махфий ҳам ўқима».

Орқангда турганлар қироатингни эшитмай қолмасинлар.

«Бунинг орасида бир йўл тут».

Яъни, ўртача бўлсин. 

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. Араб тилида «дуо» сўзи чақириш, сўраш маънольарини англатади. Кўпинча «дуо» ва «бир нарсани талаб қилиш» маьнолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади. Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир:

«Менга тилаган нарсамни бергин» , каби. Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлаши билан бўлади. Ҳа, дуо қилаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва ҳокисорлик ила таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзлари такрорланаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, ҳаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди. Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда» дейишимиз мумкин, аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда» дея олмаймиз.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

М. Саиджалолова 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3656 times

Мақолалар

Top