Мақолалар

Адолат – миллат равнақи кафолати

Давлат тараққиёти, жамият равнақи, инсонлар осойишталигини таъминловчи энг муҳим омил бу – адолатдир. Кишилик тарихига назар солсангиз, гуллаб-яшнаган тамаддунларда адолат тамойилига амал қилингани ва ўша тамаддунларнинг инқирозга юз тута бошлашларининг сабаби ҳам адолатсизлик бошланганидан сўнг юз берганига гувоҳ бўласиз.

Алишер Навоий ҳазратлари адолат борасидаги ўз қарашларини ҳадиси шарифлар билан далиллаб, бир соатлик адолат бутун борлиқдаги мавжудотнинг нафл ибодатидан афзал эканини охирзамон пайғамбари номидан келтиради:

 

Ҳадисида ҳам бу башоратдурур,

Ки адл аҳли сори ишоратдурур.

Ки адл ичра ўтганча бир соате

Эрур беҳки жинну башар тоати.

 

Яна бир мутафаккир Ҳусайн воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний” асарида адолат ва адолатлиликни қуйидагича таърифлайди: “Адолатнинг маъноси халқнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлашдир. Адл шундай зийнатдирки, у мамлакатга оройиш беради; бир қуёшки, унинг нури билан зулмат ёруғликка айланади. Ҳақ (пок ва олий) бандаларини адолатга буюриб, “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат - мутлақ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон» яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган.

«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.) (Наҳл.90), деган.

Адолат зулм кўрганларнинг додига етиб, аҳволларига шафқат назари билан қараш демакдир. Эҳсон эса ғусса тиғидан мажруҳ бўлганларнинг жароҳатига роҳат малҳамини суриш демакдир...”

Шариатимизда афв этишга кўп даъват қилинган. Негаки, афв Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Агар Раббимиз отамиз Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳаввони афв этгани сабабидан бугун биз бормиз: биримиз узр сўраб, бошқамиз қовоқ солганча таманно қилиб турармидик.

Парвардигоримиз ояти каримада: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.

Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар биз бизга моддий-маънавий зарар етказган кимсани афв этсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.

Аёнки, бехосдан бирор номақбул ишга қўл уриб қўйган одам ўша қилмишининг гуноҳ эканини қалбан ҳис қилиб, ўша ишидан пушаймон бўлса-ю, унга яна бир имконият берилса, у давлат ва жамиятга кўп фойда етказади. Бунга унинг пушаймони куч беради.

Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.

Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда – эътибор беринг – бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.

Шунингдек, 5 минг  462  нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.

Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди.

Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилмоқда. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёллар Ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.

Шунингдек, жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Конституция куни муносабати билан муҳтарам Президентимиз махсус Фармонни имзолади. Унга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган ва айни пайтда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 136 нафар шахс афв этилди.

Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди”.

Ушбу сўзлардан судларнинг мустақил ҳокимият сифатидаги мавқеини тиклаб бораётгани ва бунинг самараси ҳозирданоқ яққол кўзга ташланаётгани – адолат мезони устувор бўлаётганини кўрсатмоқда.

Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).

Қадим давлатчилигимиз тарихида ҳам авф этишга оид ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, “Тузуклар”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим...”

Соҳибқирон бобомизнинг бу иши Қуръони карим кўрсатмасига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига мувофиқ бўлган. Ояти каримада: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган.

Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, хирқаларидан қаттиқ тортган, ҳатто хирқа ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад,  Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол  муомала  қилганида  ҳам Расулуллоҳ  унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақида оятига мувофиқ иш тутгани боис ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб изларини кўзларига сурдилар. Амир Темур ояту ҳадисга бўйсунгани туфайли душманлар тавба тазарру қилиб ҳузурига келдилар. Қарангки, кечиримлилик инсонни қанчалик улуғлаб қўяр экан.

Президентимиз ҳар доим адашиб диний оқимларга кириб қолганлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир қилиб суднинг қора курсисига ўтириб қолганларнинг айбини яхшилаб ўрганиб, агар улар қилмишларидан пушаймон бўлсалар, уларни кечириш чорасини кўриш тўғрисида гапирганида, “улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз”, деб жон куйдириб гапиради. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Афв этишнинг нақадар қадрли ва савобли иш экани динимизда жуда кўп таъкидланади. Бу борада Ислом дунёсининг бутун оламга машҳур олиму фақиҳлари, саркардаю пешволари кўп ибратли ишларни бажарганлар ва ғоятда фойдали насиҳатлар қилганлар.

“Ҳайратул аброр”да ҳикоя қилинишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, базм вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг бошига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса қулнинг аҳволини кўриб, уни озод қилиб юборибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган...”

Жадид бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқдир”, деб ёзганида қанчалар ҳақ гапни айтган эди. Унинг ўша фикрининг исботи бугун кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди – мамлакатимиз кундан-кун чирой очиб, одамларимизнинг ижтимоий аҳволи яхшиланиб, энг муҳими, халқда давлатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланиб бормоқда.

 

Дамин Жумақул

 

 

Read 4719 times

Мақолалар

Top