Мақолалар

Ҳамжиҳатлик

Ҳикоя қилинишича, имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бўлган Юнус ибн Абдул Аъло масжидда дарс бўлаётганда бир масала хусусида Имом билан ихтилоф қилиб қолди. Юнус ғазабланиб ўрнидан турди-да, дарсни тарк этиб, уйига кетиб қолди. Кеч тушгач, Юнус уйининг эшиги тақиллаётганини эшитди ва: “Эшикни тақиллатаётган ким у?” деди. Эшик қоқаётган киши: “Муҳаммад ибн Идрис” деди. (Имом Шофеийнинг исмлари Муҳаммад ибн Идрис эди.)

Юнус айтади: “Исми Муҳаммад ибн Идрис бўлган ҳар бир киши ҳақида бирма-бир ўйлаб чиқдим. Илло Шофеийни ўйламадим. Эшикни очсам, у кишига (Шофеийга) дуч келдим. Имом менга: “Эй Юнус, бизни юзлаб масалалар жамлайди-ю, биргина масала ажратиб юборадими?!!” дедилар.

Яъни Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ “Эй Юнус, биз юзлаб масалалар устида ҳамжиҳат бўлиб, фикримиз бир жойдан чиқиб, келишамиз-у, биргина масала устида келишолмай, ажралиб кетамизми?!” деб, норози бўляптилар.

Ҳа, ўтган алломаларимиз ана шундай эдилар. Улар келишмовчилик ва низо келиб чиқишини истамасдилар. Аслида улардаги келишмовчилик, ихтилоф шахсий адоват юзасидан эмас, балки, илмий баҳс, бирор масаланинг ечимини топишга уриниш маъносида бўлар эди. Мабодо шундай ҳол юз берса ҳам, дарров вазиятни юмшатишга уринишар, бир-бирларидан узр сўраб, яна ҳамжиҳатликни давом эттиришар эди.

 

 

“Ховатир роқия журнали” маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов

Read 2667 times

Мақолалар

Top