Мақолалар

Энг буюк инсон

“Тайм” ҳафтаномасининг 1974 йил, 15 июль сонида “Тарихдаги энг буюк йўлбошчилар” деган умумий мавзу остида туркум мақолалар чоп этилган. Унда тарихчилар, ёзувчилар, ҳарбийлар, тадбиркорлар ва бошқа кўплаб турли соҳа вакилларининг мавзу юзасидан нуқтаи-назар ҳамда фикрлари келтирилган. Баъзилар буюк йўлбошчи сирасига Гитлерни киритса, айримлар – Ганди, Будда, Линкольн ва ҳоказоларни тилга олишган. Шу жойда, америкалик руҳшунос Жюль Массерман, бу муаммони одилона ҳал этиш мақсадида, эътиборга олиниши керак бўлган аниқ-равшан омилларни санаб ўтди. Унинг фикрича, Энг Буюк Йўлбошчи қуйидаги учта вазифани бажармоғи лозим:

  • ўз фуқароларининг озод ва фаровон ҳаётини таъминлаш;
  • инсонлар учун нисбатан хавф-хатарсиз ҳаёт барпо этилган жамият қуриш;
  • жамият аъзоларига иймон-эътиқод ва ахлоқий меъёрлар тизимини тақдим этиш.

         Ушбу учта омилдан фойдаланиб, Массерман Адольф Гитлер, Пастер, Юлий Цезарь, Мусо алайҳиссалом, Конфуций ва бошқа кўпгина сиймолар тарихини чуқур ўргангач, қуйидаги хулосага келади:

          “Пастер ва Сальк каби инсонлар фақат биринчи тамойилга жавоб бера оладилар. Бир ёқда – Ганди ва Конфуций, бошқа томондан  Искандар Зулқарнайн, Цезарь ҳамда Гитлер – иккинчи, балки учинчи талабга ҳам муносибдирлар. Исо Масиҳ ва Будда, фақатгина учинчи шартга жавоб берувчи шахслар сирасига кирадилар.

         Барча замонлар ва халқлар учун ЭНГ БУЮК ЙЎЛБОШЧИ – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Ул зот, юқоридаги учта талабга ҳам тўлиқ жавоб бера олганлар. Шундай мақомга балки, Мусо алайҳиссалом ҳам мосдирлар, аммо, ул зотнинг хизматлари кўлами бироз чеклангандир”.

         Чикаго университети профессори, яҳудий миллатига мансуб бўлган Массерманнинг масалани холис баҳолаш бўйича таклифи ана шундай натижа билан якунланди.

         Америкалик олим Майкл Хартнинг “Тарихдаги 100 буюк одам” номли асари Ғарб дунёсида катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу асарда дарж этилган 100 нафар буюк инсон ичидан яна энг буюги компьютер воситасида аниқланди.

         Хўш, дунёга келиб-кетган ва яшаётган ЖАМИ БУЮКЛАР ИЧИДА ЭНГ БУЮГИ ким экан?

         Майкл Харт тадқиқотининг моҳияти бундай эди: у шу кунгача яшаб ўтган буюк инсонларнинг қобилиятлари, курашлари, татбиқот ва муваффақиятларини компьютер ҳофизасига киритиб, инкор қилиб бўлмайдиган математик бир йўл билан уларнинг энг қудратлисини аниқлади.

         Харт компьютерга лозим бўлган дастурни жойлаштириб бўлгунича ойлар ўтди ва ниҳоят, кунлардан бирида у керакли тугмани босди.

         Натижа жуда ҳаяжонли бўлди. Компьютерда кетма-кет эшитилган қитир-қитир товушлар кетидан Ер юзидаги энг улуғ инсон исми ёзилди:

ҲАЗРАТИ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ!”

         Бу тадқиқот олимнинг мутаассиб ўртоқларига ёқмади ва у қаттиқ қаршиликка учради. Лекин Харт натижа менга боғлиқ эмас, дегандай елка қисиб компьютерни кўрсатиш билан кифояланди. Яна, ўзи ҳам бошқача натижадан умид қилибми, тадқиқотини қайта-қайта такрорлади ва текшириб чиқди. Шунга қарамай, монитордаги исм барибир ўзгармади: 

 “ҲАЗРАТИ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ!” 

Энди эса дунёнинг энг машҳур олимларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида билдирган фикрларига эътибор берайлик: 

Вольфганг ГЁТЕ, немис мутафаккири:

Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди.

Инсоният ҳар жиҳатдан ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдида қарздор! 

Жорж БЕРНАРД ШОУ, инглиз драматурги:

Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бугунги дунёни шахсан бошқариш тақдир этилганида эди, ул зот барча муаммоларни бартараф этишнинг уддасидан чиқарди. Бу эса ўз навбатида, бугунги дунёмиз ниҳоятда муҳтож бўлган тинчлик-хотиржамлик ҳамда бахт-саодатни шубҳасиз, келтирган бўларди. 

ШЕБОЛ, файласуф:

 Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга фахрдир. Чунки у зот умумий бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг масъуд, энг саодатли насллар бўламиз. 

ЛАМАРТИН, француз олими:

Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш қилганига қараб баҳоланадиган бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом инсонларнинг энг буюгидир. Пайғамбар, нотиқ, даъватчи, қонуншунос, жангчи, қалбларнинг ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом, давлат арбоби, ер юзининг йигирма минтақасида исломий салтанат қура олган... Муҳаммад алайҳиссалом ана шундай зот эди! Унга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди! Наҳотки у ўлчовларга сиғса?! 

Аннай БЕЗАНТ, ҳинд олими:

У бир пайтнигн ўзида ҳам Папа, ҳам Сезар эди. Аммо Папа бўлиб, унда Папанинг иддаолари йўқ эди. Сезар бўлиб, унда Сезарнинг беҳисоб лашкари ҳам йўқ эди. Агар бирон-бир шахс мунтазам қўшинсиз, тансоқчиларсиз, саройларсиз, давлат даромади (солиқларсиз), мен Унинг изни-ихтиёри билан бошқардим, дея олса, унда у Муҳаммад алайҳисссаломдир. Чунки, унинг қўлида ҳеч қандай бошқарув воситаларисиз ва асосларисиз ҳокимият бор эди. 

Вильям МУИР, Оврупо шарқшунос олими:

Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида гапирганларимиз бир нуқтада тўпланади. У ҳам бўлса, бу зотнинг хулқ-атвори юксаклиги, ахлоқининг покизалигидир. Булар шундайин улуғ фазилатларки, у замондаги маккаликлар орасида жуда нодир эди. 

Наполеон БОНАПАРТ, Франция императори:

Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга билдирди. 

Жон ДЕВЕНПОРТ, инглиз олими:

Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида ҳаёти Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг тарихидек энг кўп ва барча нуқталарда батафсил ўрганилган шахс йўқ. 

Мишел ХАРТ, Америка тарихчиси:

Дунёдаги таъсири энг кучли шахслар рўйхатининг бошига Муҳаммад алайҳиссаломни ёзиб қўйсам, эҳтимол айрим мухлисларим таажжубга тушишар? Бошқалар буни эҳтимол бошқача тушунишар? Нима бўлганида ҳам, у дунёвий ва диний соҳалардаги самарали ишлари билан тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир. 

Эдвард ГИББОН, инглиз олими:

Муҳаммад алайҳиссалом тарғиб қилган ғояларнинг жозибаси унинг издошларини Пайғамбар шахсияти сари тортаверади. Зеро, у одамларни ақл-идрок ва дин билан бошқарган эди. 

Вильям МОНТГОМЕРИ, Оксфорд университети профессори:

Муҳаммад алайҳиссаломнинг зафар-ютуқлари унинг буюклигига далолатдир. Бундай мақом-мартабага эришган бошқа шахс Ғарбда маълум эмас. Уни сеҳргарликда айблаш мақсадига эришолмай, ноилож қолган одамнинг чиранишидир. 

Аслида биз мўминларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом хусусидаги  дунё олимлари-ю буюкларининг заррача эътироф ва мақтовига эҳтиёжимиз ЙЎҚ! Чунки Набий алайҳиссаломни оламларнинг Робби Аллоҳ таолонинг ўзи мақтаб, эътироф этган! Биз Сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунёдаги барча зотлардан хатто ўзимизданда зиёда ЯХШИ КЎРАМИЗ! Ул зотга бўлган меҳримиз албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз умматларига бўлган меҳрлари олдида ожиз ва заифдир. Шундай бўлсада Ул зот  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан умидвормиз!

 

Мақолани интернет манбалари асосида 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 11496 times

Мақолалар

Top