Мақолалар

Таҳорат қўлдаги микробларни йўқотишнинг энг мукаммал кўринишидир

АҚШнинг Мичиган штатида ўтказилган тадқиқот натижасида шу нарса маълум бўлдики, 95 фоиз одам қўлларини жуда кам ҳоллардагина ювар, ўшанда ҳам нотўғри кўринишда ювар эканлар. 

Ушбу тадқиқот хулосасида айтилишича, қўлларни тўғри ювиш ундаги микроблар ва бактерияларни йўқолишига сабаб бўлар экан. Бунинг учун инсон қўлларини 20 сония давомида совун билан ювиб туриши керак экан. Лекин кўпчиликнинг қўли текширилганда, унда кўплаб бактериялар борлиги аниқланган. Улардан бунинг сабаби сўралганда, қўлларини кам ювишлари маълум бўлди. Ҳатто кўплари ҳожатхонадан чиққандан кейин ҳам қўлни ювиш кераклигини ўйлаб кўрмаганлар.

Аммо мусулмон одам қўлларини бир кунда беш марта ювади. Таҳорат – ажойиб ибодат бўлиб, мўмин киши бу ибодатни бажариш пайтида қўлларини кўп бора ювади. Шунингдек, бу пайтда юзини, билагини, оёқларини, оғиз-бурунларини ҳам ювади. Бу аъзоларни ювишда ҳам қўллар иштирок этади. Хуллас, инсон таҳорт қилиб бўлгунича қўлларини 20 сониядан кўп вақт давомида ювади.

Кўриниб турибдики, таҳорат қилиш барча аъзолар қаторида қўлларни ювиш ва турли зарарли микроблардан қутулишнинг энг мукаммал кўринишидир. Бу микроблар ҳожатхонадан чиққанда, одамлар билан қўл бериб кўришганда, нопок нарсаларни ушлаганда ва ҳоказо ўринларда қўлга ўрнашади.  

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда намозни таҳоратга боғлаб зикр қилган: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ

“Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” (Моида сураси, 6-оят).

Аллоҳ таоло юқоридаги оятнинг сўнггида бундай деган: 

مَا يُرِيدُ اللّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُم مِّنْ حَرَجٍ وَلَـكِن يُرِيدُ لِيُطَهَّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

“Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар” (Моида сураси, 6-оят).

Оятдаги “поклаш” сўзи нопоклик, таҳоратсизлик билан бир қаторда бактерия ва микроблардан ҳам поклашни ўз ичига олади.  

Бу оятлар нозил бўлган пайтда одамлар микроб, бактерия деган нарсалар борлигини билмас, уларда бу ҳақида тасаввур ҳам йўқ эди. Лекин ошкор ва махфий нарсаларни Билувчи Зот бизни бактериялардан қутулиб соғ бўлишимиз, покланиб шод бўлишимиз ва бошқа кўплаб Ўзи билган ҳикматларга кўра покликка, таҳоратга буюрган.

Албатта, ушбу оят Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Каломи эканига ёрқин далилдир!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 2889 times

Мақолалар

Top