Мақолалар

Абу Лаҳаб ҳақидаги Қуръоний ҳукм

Аллоҳ таоло Масад сурасида Абу Лаҳабнинг охиратда ловуллаб турган дўзахга киришининг хабарини берган.

سَيَصْلَى نَاراً ذَاتَ لَهَبٍ

“У тезда чўғи қизиб турган ўтга киради” (Масад сураси, 3-оят).

Яъни у Исломга кирмайди, балки кофир ҳолида ўлади. Дарҳақиқат, шундай бўлди. У Бадр ғазотидан етти кеча ўтгандан сўнг, кофир ҳолида вабо касалидан ўлди. Бирор марта Исломга кириш ҳақида ўйлаб кўрмади. Ҳатто шу оятлар нозил бўлганидан кейин ҳам Исломга киришни, ҳатто ёлғондан бўлса ҳам, мунофиқона тарзда ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш ҳақида ўйлаб кўрмади. Ўша пайтда Мадинада кўплаб баъзи кимсалар ўзларини мусулмон қилиб кўрсатар, аслида қалбларида куфр бор эди. Унинг ўғиллари: Утба, Миътаб ва Утайба деб аталар эдилар. Уларнинг аввалги иккиси Фатҳ куни мусулмон бўлдилар ва Ҳунайн, Тоиф ғазотларида қатнашдилар. Утайба эса мусулмон бўлмади. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп озор бергани учун арслоннинг ҳужумидан ҳалок бўлган.

Агар Абу Лаҳаб бир марта бўлса ҳам Лаа илааҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ деганда, мусулмон бўлган бўларди. Мусулмон бўлганда эса, Қуръондаги мазкур оятнинг ҳукми охиратда ижро бўлмай қолиши мумкин эди. Аммо ундай бўлмади. Унинг Исломга киришни ўйлаб кўрмай, кофир ҳолда ўлиши мазкур оят ижросининг охиратда амалга ошишига далолат қилади. Бу эса Қуръон Аллоҳнинг ҳақ Каломи эканига очиқ-ойдин далиллардан биридир!

Мазкур оятни ўқиб, унинг маъно таржимасини кўриб, юқоридаги мулоҳазани қилиб кўрган америкалик олим Гарри Миллер ушбу ҳолатдан таъсирланиб, Ислом динига кирган.

Аллоҳ таоло барчамизга Қуръонни ихлос билан тиловат қилиб, унинг ҳукмларига амал қилиб, ҳикматларини англаб, иймонимиз нури зиёда бўлиб, қалбларимиз мунаввар бўлиб боришини насиб этсин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2932 times

Мақолалар

Top