Мақолалар

Улуғлар пандлари

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِن مُّدَّكِرٍ

“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!” (Қамар сураси, 17-оят)

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида шундай деганлар:

“Зикр учун осон қилиб қўйилган деган жумла осонлаштиришнинг бир неча турларини ўз ичига олади:

Биринчиси: лафзлари ёдлаш учун осон қилиб қўйилганини;

Иккинчиси: маънолари тушуниш учун осон қилиб қўйилганини;

Учинчиси: буйруқлари ва қайтариқлари бўйсуниш, эргашиш учун осон қилиб қўйилганини”.

*****

Ким дили кенгайишини, гуноҳи мағфират қилинишини, ташвишлари аришини ва ғамлари кетишини истаса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни кўпайтирсин!

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар солиҳлар билан уларнинг амалларида мусобақа қилолмасанг, унда гуноҳкорлар билан уларнинг истиғфорларида мусобақа қил!

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ

*****

Муроса – мўминларнинг ахлоқидир. Бу – одамларга нисбатан камтар, юмшоқ сўзли бўлиш, уларга қўпол гап айтмасликдир. Булар эса улфат бўлишнинг энг кучли сабабларидандир.

Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ

*****

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳга “Қандай тонг оттирдингиз, эй Абу Абдуллоҳ?” дейилди. У киши: “Ажалим яқинлашган, орзуларим узоқлашган ва амалим ёмон бўлган ҳолда” дедилар.

“Ҳиля”

*****

Мунофиқнинг учта аломати бўлади:

  • Ёлғиз бўлса, (ибодатга) дангасалик қилади.
  • Ёнида бирор киши бўлса, (ибодатга) фаол бўлади.
  • Барча ишни қилганда, мақтов эшитишга ҳарис бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ

*****

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ўта тўқлик — баданни оғирлаштиради, қалбни қотиради, зеҳнни пасайтиради, уйқуни чақиради ва соҳибини ибодатга ярамайдиган қилиб қўяди».

Розийнинг «Одобуш Шофеий» китобидан

*****

 

“Қуръон мўъжизалари” саҳифасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 2771 times

Мақолалар

Top